Судлар одамларни сарсон қилиш учун эмас, адолат учун хизмат қилиши керак

/
Уч йил давомида амалга ошираётган ислоҳотларимизнинг ўзагини айнан жамият ва давлат ҳаётида адолат тамойилини жорий этиш ташкил этмоқда. Аммо бу соҳада йиллар давомида эътибор қаратилмаган талайгина муаммолар йиғилиб қолганки, бу ҳолат аҳоли орасида кўп норозиликларга сабаб бўлмоқда. Зеро, халқимиз ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидамайди. Буни ҳис қилган ҳолда партия аҳоли орасига кенг кириб бориши, уларни ўйлантираётган масалаларни биргаликда ҳал этиши лозим.
Шу мақсадда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳудудларда, бошланғич партия ташкилотларида, маҳаллаларда янги дастурлари лойиҳасини кенг муҳокамадан ўтказмоқда.
Муҳокамалар жараёнида билдирилган таклифлар партия экспертлари томонидан йиғиб олинмоқда ва умумлаштирилмоқда. Айни жараёнларда суд-ҳуқуқ соҳаси бўйича ҳам кўплаб таклифлар келиб тушмоқда.
Ҳозирги кунда ҳудудларда ва туман (шаҳар)ларда фуқаролик, жиноий, маъмурий, иқтисодий ишлар бўйича судлар фаолият юритмоқда. Фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича 2 та ёки 3 та туманда битта туманлараро суд фаолият юритмоқда. Фуқаролар эса қай бирига мурожаат қилишини билмай ҳайрон.
Яна амалиётда шундай ҳолатлар ҳам мавжудки, ойлар давомида судда маълум бир иш кўрилади-да сўнгра бизга эмас, бошқа судга тааллуқли экан, деб қайтариб юборилади. Табиийки, буларнинг барчаси фуқароларимизнинг сарсонгарчиликларига сабаб бўлмоқда.
Шу боисдан бошланғич партия ташкилотларидан келган турли йўналишларга бўлинган судларни умумлаштириш таклифи экспертлар томонидан алоҳида қизиқиш билан ўрганиб чиқилди.
Бунда фуқаролик, жиноий, маъмурий, иқтисодий ишлар бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларини бирлаштириш орқали битта маъмурий ҳудудда битта суд идораси ташкил этилади.
Шунингдек, жиноий ва маъмурий ишлар бўйича туман, шаҳар судларини бирлаштириш, туманлараро фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судларни тугатиб, аҳоли сони ва иш ҳажмидан келиб чиққан ҳолда, ушбу тоифа ишлар бўйича туман, шаҳар судларига судья штати ажратиш орқали туман (шаҳар)ларда ҳам битта суд идораси ташкил этилади.
Натижада туман, шаҳарларда тўртта суд ўрнига битта суд идораси ташкил этилади, учта суд раиси штати қисқартирилади. Судьялар тайинланган тоифаси бўйича жиноий, фуқаролик, маъмурий ва иқтисодий ишларни кўради.
Бундан ташқари, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судларга даъво ариза топшириш ва ишларни кўриш жараёнида фуқароларни бошқа туманларга қатнаб ёки тоифа бўйича суд идораларини қидириб сарсон бўлиб юришига, йўл, меҳмонхона каби харажатлар учун моддий зарар кўришига барҳам берилади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси экспертлари томонидан тайёрланаётган Сайловолди дастурига судларни бирлаштириш таклифи киритилмоқда.
Шуҳрат ПОЛВАНОВ,
Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси,
Экспертлар гуруҳи аъзоси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Бухоро вилоятида солиқ қонунчилиги бузилишининг олдини олиш ва ноқонуний тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга чек қўйиш мақсадида мунтазам рави...
01 янв 1970
Вилоят норкология диспансерига даволанишга ҳам ётқизди, фойдаси бўлмади... 
01 янв 1970
Тошкент вилояти божхона бошқармаси “С.Нажимов” чегара божхона постига қўшни давлатдан пиёда кириб келган фуқаро Р.Т.нинг қўл юклари бел...
01 янв 1970
Тошкентдаги “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмалар мажмуида бўлиб ўтган навбатдаги муҳокама қизғин баҳс-мунозараларга бой бўлди....