Синфда ўқувчилар сони санитария-гигиена талабларига мосми?

/
Сиёсий партиянинг кенг жамоатчилик ўртасида обрў-эътибори ортиши, мавқеи янада мустаҳкамланиши маҳаллий ҳокимият вакиллик органларидаги партия депутатлик гуруҳларининг фаолияти билан ҳам чамбарчас боғлиқдир. Буни яхши англаган халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари аҳоли орасига янада чуқурроқ кириб бориш, жойларда дастурий вазифаларимизни рўёбга чиқариш, фуқароларни ўйлантираётган масалаларни ҳал этиш чораларини кўришга алоҳида эътибор қаратишмоқда.
Партиямизнинг “Адолат — қонун устуворлигида” лойиҳаси доирасида шаҳар партия ташкилотида депутатлар ва фаоллардан тузилган ишчи гуруҳи томонидан ҳар бир маҳаллада аҳоли билан очиқ мулоқотлар олиб борилмоқда.
Мазкур мулоқотларимиз давомида аниқланган масалалар, фуқаролар билдирган таклифлар асосида партия депутатлари мутасадди ташкилот ва корхоналар раҳбарларига депутатлик сўровлари киритиб, ҳамкорликда амалий натижаларга эришдилар.
Жорий йилнинг ўтган даври давомида депутатлик гуруҳимиз аъзолари томонидан сайловчилар мурожатлари асосида тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари номига жами 20 га яқин депутатлик сўровлари юборилди ва уларнинг аксарияти ижобий ҳал этилди, қолганлари юзасидан ҳам ўрганишлар давом этмоқда ва бу борада депутатлик назорати ўрнатилган.
Ана шундай мулоқотларда Нукус шаҳар 21-кичик тумандаги кўп қаватли 12-б, 9-уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар канализация тармоғини тозалаш ва маиший чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилиши зарурлиги ҳақида мурожаат қилишди. Мазкур масалада “Нукус Гулпар сервис” ширкати раҳбари номига депутатлик сўрови киритилгач, муаммо барҳам топди.
Ишчи гуруҳ аъзолари томонидан Нукус шаҳридаги “Берекет” маҳалла фуқаролар йиғинида сайловчилар билан ўтказилган мулоқот давомида фуқаролар ушбу ҳудудда жойлашган 23-в-кўп қаватли уйнинг таъмирталаб ҳолатга келиб қолганини баён этишди. Ушбу масала депутатлик гуруҳи аъзоси Аманжол Аяпов томонидан ўрганилди ва масъул ташкилотлар эътиборига ҳавола этилиб, депутатлик назоратига олинди. Айни кунда масъул бўлган уй-жой ширкатлари томонидан мавжуд муаммони ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Фаолларнинг шаҳардаги “Ақ утов” маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказган мулоқоти давомида кўпчилик ота-оналар спортнинг бадминтон ва қиз болалар бадиий гимнастика турлари билан шуғулланиши учун тўгараклар очиш зарурлигини таъкидлашди. Бу масала ҳам депутат Айша Абдреймова томонидан 17-умумтаълим мактаби маъмурияти билан биргаликда ўрганилиб, айни пайтда мактабда спортнинг бадминтон тури бўйича тўгарак ўз фаолиятини бошлади, тез кунларда қиз болалар учун бадиий гимнастика тўгарагини очиш юзасидан зарур чоралар кўрилмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг 2017 йилга мўлжалланган иш режаси ижросини таъминлаш ҳамда партия Сайловолди дастурида илгари сурилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида “Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур” лойиҳаси доирасида ўтказилган ўрганишлар ҳам эътиборга молик. Нукус шаҳар партия ташкилотидаги ишчи гуруҳи томонидан мактабгача таълим муассасалари ва умумтаълим мактабларидаги ўқувчилар сонининг санитария-гигиена талабларига мослиги, умумий тиббий хизматнинг аҳволи, мажбурий дори-дармонлар билан таъминланганлик даражаси, манту синамаси ва бошқа эмлашлар даврийлигининг ҳолати, тоза ичимлик суви билан таъминланганлик ҳолатлари жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди.
Шаҳар тиббиёт бирлашмаси, шаҳар давлат санитария-эпидемиология назорат маркази, халқ таьлими муассасалари фаолиятини методик таьминлаш ва ташкил этиш бўлими мутахассислари ҳамда партия фаолларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари томонидан апрель ойи давомида Нукус шаҳридаги жами 10 та умумтаълим мактаби ва 5 та мактабгача таълим муассасалари ўрганилди.
Синф хоналарида ўқувчилар сони Халқ таълими вазирлиги ва Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган “Умумтаълим мактабларида ўқувчиларни ўқитишда гигиена талаблари” меъёрларига мослиги ўрганилганда, кўпчилик таълим муассасаларида ўқувчилар сонининг белгиланган меъёрдан ортиқ даражада эканлиги аниқланди. Шу билан бирга, умумтаълим мактабларида тиббий хизмат хоналари мавжудлиги, аммо уларда белгиланган меъёрий талаблар даражасида 40 турдаги жиҳозлар ва тиббий асбоб-ускуналар, тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун ишлатиладиган дори-дармонлар етарлича эмаслиги маълум бўлди.
Мисол тариқасида келтириб ўтсак, Нукус шаҳридаги 11-ихтисослаштирилган мактаб 300 ўқувчига мўлжалланган ва синфлар сони 17 та бўлиб, айни пайтда бу масканда 470 ўқувчига таълим-тарбия бериб келинмоқда. Мазкур умумтаълим мактабида белгиланган меъёрларга жавоб бермайдиган ҳолатлар бор, ушбу муассасада мажлислар зали, янги ошхона ва кутубхона ташкил этилиши зарур.
Шаҳардаги 12-умумтаълим мактабида ҳам синф хоналарида ўқувчилар сони белгиланган меъёрдан ортиқ эканлиги, бу эса белгиланган санитария-гигиена талабларига мос эмаслиги аниқланди. Яъни 1000 ўқувчига мўлжаллаб бунёд этилган ушбу мактабда синфлар сони 46 та бўлиб, ҳозирда бу ерда 1400 ўқувчи таълим олмоқда.
Юқорида келтириб ўтилган иккала таълим масканида ҳам тиббиёт хоналари мавжуд, лекин тегишли тиббий асбоб-ускуналар ва тез тиббий ёрдам учун ишлатиладиган дори-дармонлар етарлича эмас.
Нукус шаҳридаги 9 ва 13-сонли мактабгача таълим муассасалари врач-педиатр ва ўрта тиббиёт ходими билан таъминланган, аммо тиббиёт хоналарида тиббий асбоб-ускуналарнинг аксарияти йўқлигини эътибордан четда қолдириб бўлмайди.
Ўрганиш натижалари депутатлик гуруҳимиз мажлисида муҳокама этилди. Бу борадаги муаммоларни бартараф этиш вазифаси долзарб аҳамиятга эга эканини назарда тутиб, ушбу масала халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожлантириш ва ёшлар сиёсати масалалари доимий комиссиясига тақдим қилинди.
Улбосин СЕЙТЖАНОВА,
халқ депутатлари Нукус шаҳар Кенгашидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи раҳбари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Наримон Умаровнинг Наманган вилоятидаги ишончли вакили, навбатдаги учрашувни Янгиқўрғон тумани сайловчилари билан ўтказди....
01 янв 1970
Пойтахтнинг Олмазор туманида Ўзбекистон ислом цивилизацияси марказининг қурилиш ишлари жадаллик билан бошланди....
01 янв 1970
Бахтиёр она ҳайкали пойини чулғаган гуллар, келажак авлод вакиллари ўқиган шеърлар муқаддас Ватанимиз, халқимизга меҳру садоқатимизнинг ифодасига а...
01 янв 1970
“Америка овози” мухбири Навбаҳор Имамова “Халқаро пресс клуб” модератори ўуломжон Самадов ҳамда Халқаро матбуот маркази раҳ...