Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!

/
Ҳар бир янгиланиш юртимиз ривожи, халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда
Шу кунларда азим пойтахтимиз юрагида жойлашган Мустақиллик майдони қалбларимизга янада шукуҳ ва файз бағишлаб, Ватанимиз ҳур ва озодлигининг ёрқин тимсоли сифатида дилларни чексиз ғурурга тўлдирмоқда.
Мамлакатимиз мустақиллигининг 26 йиллик байрами арафасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси томонидан ушбу қутлуғ санага бағишлаб ўтказилган маданий-маърифий тадбир ҳам ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу мақсадларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Бахтиёр она ҳайкали пойини чулғаган гуллар, келажак авлод вакиллари ўқиган шеърлар муқаддас Ватанимиз, халқимизга меҳру садоқатимизнинг ифодасига айланди.

“Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” шиори остида ташкил этилган мазкур маданий-маърифий тадбир пойтахтимиздаги Миллий матбуот марказида кўтаринки руҳда давом этди. Унда партиямизнинг Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги барча туман, шаҳарлардан ташриф буюрган партия фаоллари, “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари, ОАВ вакиллари қатнашди.
Ушбу байрам анжуманини Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров кириш сўзи билан очар экан, миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун Ватанимиз мустақиллигининг беқиёс аҳамияти йиллар ўтгани сайин тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
— Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб келмоқда, — деди Н.Умаров. — Ўзбекистон “Адолат” СДП республикамизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ҳамда сиёсий ислоҳотларда фаол иштирок этишга, халқимизнинг манфаатларини рўёбга чиқаришга интилиб келмоқда. Миллий тараққиётимизнинг янги босқичида партия фаоллари, депутатлари, кўп минг сонли аъзоларимиз ўз зиммасидаги катта масъулиятни ҳис этган ҳолда эзгу мақсадларимизни амалга оширишга қаратилган янги вазифаларни фидойилик ва шижоат кўрсатиб уддалашга саъй-ҳаракат қилмоқда.
Иштирокчилар таъкидлаганидек, истиқлолнинг дастлабки даврида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов раҳбарлигида Ўзбекистон қисқа вақт ичида ва бениҳоя мураккаб шароитда миллий тараққиёт, ривожланиш йўлидан дадил одимлаб, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади.
— Мамлакатимизда тинчлик-тотувлик, аҳил-иноқлик ҳукм сураётгани, бунёдкорлик ишлари изчиллик билан давом этаётгани, келажагимиз вориси бўлган ёш авлоднинг ижтимоий фаоллиги муттасил ўсаётгани айни ҳақиқат, — деди партиямиз Сиёсий Кенгаши раиси ўринбосари Абдукамол Раҳмонов. — Дунёнинг турли ўлкаларида юз бераётган нотинчликлар, қонли можаролар оғир оқибатларни пайдо қилиб, инсонлар ҳаётига зомин бўлаётган, одамларга қайғу-ташвиш келтираётган бир пайтда тинч-осойишта мамлакатимизда янги-янги корхона ва иншоотлар барпо этилмоқда, ҳар бир янгиланиш юртимиз ривожи, халқимиз фаровонлигига хизмат қилмоқда.
Ҳаётимизнинг барча жабҳаларида, юртдошларимиз қалбида, онгу шуурида намоён бўлаётган ўзгаришлар, меҳр-оқибат, мурувват, бағрикенглик каби инсоний фазилатларнинг юксалиши ҳар биримизнинг эртанги кунга бўлган ишончимизни яққол акс эттиради.
Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб шаклланган кўппартиявийлик тизими демократик тамойиллар асосида такомиллашиб, пировардида республикамиз юксак даражада тараққий этиши учун хизмат қилмоқда.
Жорий йилнинг 12 июлида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган учрашуви миллий парламентимиз ва сиёсий партиялар фаолиятида янги даврни бошлаб берди. Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳаётга жорий этилган Ҳаракатлар стратегиясида партиямиз томонидан илгари сурилган таклиф ва ғояларнинг ўрин олганлиги партиядошларимиз зиммасига янада катта масъулият юклашини чуқур англаймиз.
Анжуманда алоҳида қайд этилганидек, мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, парламент ва сиёсий партияларнинг ролини, давлат бошқаруви тизимининг сифати ва самарасини янада ошириш, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ролини кучайтириш орқали давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ишлар ўз самарасини бермоқда.
“Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида жойларда давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан халқ билан очиқ ва самарали мулоқот олиб бориш тизими йўлга қўйилди ва бунинг натижасида фуқароларнинг кўплаб мурожаат ва муаммолари қонуний ҳал этилмоқда.
Мамлакатимизда азиз юртдошларимиз — 130 дан зиёд миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ яшаб, республикамиз тараққиётига ҳисса қўшиб келмоқда. Истиқлол йилларида уларнинг урф-одатлари, миллий анъаналари ривожланиши учун зарур шароитлар яратилди. Бир қатор миллий-маданий марказлар фаолияти орқали ҳам ана шундай эзгу мақсадлар рўёбга чиқмоқда.
Байрам тадбирида пойтахтимиздаги озарбайжон миллий-маданий марказининг ёш санъаткорлари ижро этган озарбайжонча рақс барчага завқ-шавқ улашди.
Каттақўрғон шаҳар тиббиёт коллежи ўқувчилари “Адолат — ҳаётимизнинг бош мезони” мавзусида тақдим қилган адабий-бадиий дастурда янграган озод ва обод юрт ёшларининг ўктам овози қалбларни тўлқинлантирди. Мустақиллик фарзандлари истиқлолни улуғлаб, муқаддас Ватанимизга, буюк аждодларимизга чексиз садоқатини, она халқимиз хизматига шай эканликларини ёрқин сўзларда акс эттиришди. Каттақўрғон шаҳар тиббиёт коллежи ўқувчиси, “Ёш адолатчилар” қаноти фаоли Чарос Худойбердиеванинг таъкидлашича, байрам тадбирлари мустақилликнинг моҳиятини юртимиз фарзандларининг онг-шуурига чуқурроқ сингдириш, ёш сафдошларимизни янада жипслаштиришда катта аҳамият касб этмоқда.
— Истиқлол биз, ёшларга миллий ўзлигимизни англаш кўникмаларини болаликдан бошлабоқ ҳис этиш, муқаддас Ватанимиз — Ўзбекистон тарихини ҳаққоний ўрганиш, буюк аждодларимиздан ибрат олиш, комил инсон бўлиб вояга етишнинг беқиёс имкониятларини берди, — дейди Чарос Худойбердиева. — Юртимизда ёш авлод камолоти учун яратилган шарт-шароитларга барча ҳавас қилади. Юксак ривожланган ахборот технологиялари даврида яшаяпмиз. Аҳоли, шу жумладан, ёшлар жаҳон янгиликлари, дунёда кечаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида сониялар ичида хабардор бўлмоқда. Хабардор бўлганимиз сари юртимиздаги тинчлик-осойишталик, ёш авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар, шу туфайли тенгдошларимиз эришаётган ютуқлар, ҳуқуқ ва эркинликларимиз мустаҳкам ҳимояланганлиги, биз учун ягона Ватанимизнинг бебаҳо қадрини кўпроқ тушуниб етмоқдамиз. Истибдод даври ҳақида китобларда ўқиб, устозлар, ёши улуғ инсонлардан эшитиб, ўша машъум йилларда халқимиз бошдан кечирган жабру жафоларни ўз идрокимиз етганича тасаввур қилар эканмиз, нуроний отахон ва бувиларимизнинг бугунги дориломон кунларга шукроналар айтишининг сабаби яққол аён бўлади. Юртимиз озодлиги учун курашган, “Биздан озод ва обод Ватан қолсин!” дея мустақиллигимизни асраб-авайлаш ва мустаҳкамлаш, мамлакатимизни юксак тараққий эттириш, буюк келажагини яратишдай олий мақсадлар йўлида жасорат кўрсатган инсонларнинг мардлиги, фидойилиги қалбимизда ватанпарварлик туйғуларини оширади.
Барча соҳаларда мамлакатимиз тараққиётига ҳисса қўшаётган юртдошларимиз орасида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг “Ёш адолатчилар” қаноти аъзолари ҳам борлиги бизни қувонтиради. Биз ҳам улардан ўрнак олиб, ўз олдимизга катта мақсадларни қўйган ҳолда, билимларни пухта эгаллашга астойдил интилмоқдамиз. Шу билан бирга, партиянинг ёшлар сиёсатини тарғиб этиш, шу мақсадларга йўналтирилган лойиҳаларни рўёбга чиқаришда фаол иштирок этмоқдамиз. Тиббиёт йўналишидаги коллежимизда сабоқ олиб, келгусида етук шифокор бўлиш, партиямизнинг соғлиқни сақлаш соҳасига доир мақсад-вазифаларини амалга оширишга ҳисса қўшишни мақсад қилганмиз.
Шунингдек, байрам тадбири доирасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ташкил этилган “Адолатли қайнона” республика кўрик-танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ҳам бўлиб ўтди.
Таниқли адиб ва санъаткорлар мустақиллик, она Ватан, тинчликни мадҳ этувчи шеър, куй-қўшиқлари билан тадбирга байрамона руҳ, кўтаринкилик бағишлади.

Дилором АДИЛОВА,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Марказий аппарати масъул ходими

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
“Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонун ижроси ҳолатини ўрганиш якунларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди....
01 янв 1970
Сиёсий партия сафларининг жипслашганлиги унинг ҳар бир тузилмаси, фаоллари ўз олдига қўйган мақсадларини ҳамжиҳатликда рўёбга чиқаришида муҳим ўрин...
01 янв 1970
“Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда “Адолат” СДП фракцияси ва депутатлик бирлашмаларининг иштироки” мавзусида ...
01 янв 1970
Янги таҳрирда қабул қилинган қонуннинг мазмун-моҳиятини аҳоли, шу жумладан, ёшлар ўртасида тарғиб қилиш мақсадида жойларда тарғибот ишлари олиб бор...