Янги давр талабига мос фаолият юритиш сиёсий майдондаги ўрнимиз мустаҳкамлигини таъминлайди

/
Видеоконференц алоқа шаклида бўлиб ўтган Пленумда партия Сиёсий Кенгаши аъзолари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, экспертлар ҳамда жойлардаги студиялар орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, туман ва шаҳар партия кенгашлари ходимлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиядан сайланган депутатлар, бошланғич ташкилотлар етакчилари, фаоллар ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Пленумда мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” мавзусидаги маърузасидан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” СДП олдида турган долзарб вазифалар муҳокама қилинди.
Анжуманни партия Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров олиб борди ва маъруза қилди. Партия раҳбари томонидан таъкидланганидек, мазкур учрашув миллий парламентимиз ва сиёсий партиялар фаолиятида янги даврни бошлаб берган тарихий воқеа бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг парламент ва сиёсий партиялар фаолиятини янада ривожлантиришга қаратилган таҳлилий-тавсиявий маърузаси ўтган вақт мобайнида партиянинг бошланғич ташкилотларидан тортиб барча вилоят даражасидаги тузилмаларида чуқур ва танқидий ўрганилди. Партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ҳудудий дастурлар қабул қилинди.
Жумладан, илм-фан, таълим-тарбия ва соғлиқни сақлаш соҳасида аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, шунингдек, Фанлар академияси, Фан ва технологиялар агентлиги билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаш, уларнинг ижросини таъминлаш, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, партиявий лойиҳалар доирасидаги ишларни жадаллаштириш вазифалари белгиланди.
Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг қонун ижодкорлиги, парламент ва депутатлик назорати фаолиятини янада кучайтириш зарурлиги алоҳида қайд этилди. Партия фракциясининг 2017 йилга мўлжалланган иш режасида “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги ҳамда “Инновация ва инновацион фаолият тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш белгиланган бўлсада, амалда бу борада етарлича ҳаракат сезилмаётгани танқид қилинди.
Шу билан бирга, фракциянинг назорат-таҳлил фаолиятини ҳам қониқарли баҳолаб бўлмайди. Бу борада Президентимизнинг ижро ҳокимияти идораларининг камчилик ва нуқсонлари ҳақида асосли маълумотлар бериш, вазирлик ва идоралар фаолиятини такомиллаштириш бўйича масалани кўндаланг қўйиш, керак бўлса, вазир ва ҳокимларни лавозимидан бўшатишгача бўлган таклифларни киритиш бўйича билдирган фикрларидан тўғри хулоса чиқариш зарур.
Партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари томонидан назорат қилинадиган давлат бошқаруви органлари доирасини аниқлаш, уларнинг ҳисоботи ва ахборотини тегишлича фракция мажлисларида ва партия гуруҳлари ташаббуси асосида маҳаллий Кенгашларда эшитиш бўйича иш режаларини ишлаб чиқиш, ўтказилган эшитувлар натижалари бўйича аниқланган камчилик ва муаммоларнинг ечимини топиш, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш, уларни тегишли давлат бошқаруви органларига киритиш ва амалиётга татбиқ этилишини назорат қилиш партия депутатлик корпусининг муҳим вазифаси эканлиги қайд этилди.
Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг иш режасига партия Сайловолди дастурининг устувор йўналишларига масъул бўлган давлат органлари устидан парламент назоратини ўрнатиш мақсадида жорий йилда Соғлиқни сақлаш вазирининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисини сифатли ва арзон дори воситалари билан таъминлашнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболлари” мавзусидаги, олий ва ўрта махсус таълим вазири ҳамда халқ таълими вазирининг “Мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва модернизация қилиш шароитларида кадрлар тайёрлашнинг жорий ҳолатини таҳлил қилиш, шу жумладан, 11 йиллик таълимни жорий этиш, коллежларда таълимни ислоҳ қилиш борасидаги долзарб муаммолар юзасидан” ахборотини эшитишга доир вазифалар хусусида алоҳида қайд этилди.
Партия фракциясининг парламентдаги “Демократик кучлар” блоки билан чинакам баҳс-мунозараларини, принципиал тортишувларини кучайтириш, шу мақсадда Қонунчилик палатасига киритилган ҳар бир масалани фракция йиғилишларида партиянинг дастурий мақсад ва вазифаларидан келиб чиқиб муҳокама этилишини таъминлаш, муҳокама этилган масала юзасидан фракциянинг ўз принципиал позициясини ишлаб чиқиш, қонун лойиҳаларини вилоят, туман ва шаҳарлар миқёсида муҳокама қилиш тизимини жорий қилиш ҳам устувор вазифа эканлиги айтиб ўтилди.
Ўз-ўзини танқид руҳида ўтган йиғилишда партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари фаолиятини танқидий таҳлил қилиш, уларнинг фаолиятидаги муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Хусусан, жойларда электорат манфаатларини ҳимоя қилишда, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда партия депутатлик гуруҳларининг таъсири сезилмаётгани қайд этилди. Бу борада айниқса, Жиззах, Сурхондарё вилоятлари ва туманлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан Кенгаш сессиялари муҳокамасига 2016 йил давомида биронта ҳам масала киритилмагани танқид қилинди.
Қолаверса, жорий йилнинг 1-ярим йиллигида ҳам бу борада аксарият Кенгашлар фаоллик кўрсатмагани, жумладан, бу даврда партиянинг фақатгина халқ депутатлари Бухоро (1 та) ва Навоий (2 та) вилоятлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан сессияларга масалалар киритилган ҳолда, қолган Кенгашлардаги депутатлик гуруҳлари сессияларга бирорта ҳам масала кирита олмагани кескин танқид остига олинди.
Ушбу камчиликларни бартараф этиш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия депутатлик гуруҳлари ижрочи котиблари лавозимларини жорий этиш, партия депутатлик гуруҳларининг ташаббуси билан соғлиқни сақлаш, таълим сохаларида ижроия органлари раҳбарларининг ҳисоботларини маҳаллий Кенгаш сессияларида эшитиш бўйича режалар аниқлаштириб олинди.
Партиянинг ёшлар билан ишлаш фаолиятидаги камчиликлар ҳамда бу борада “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгашининг ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга доир режалари ҳам Пленум аъзолари томонидан кенг муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда жойларда уюшмаган ёшлар қатлами билан ишлаш самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратиш, ёшларнинг сиёсий билимларини ошириш, уларда ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари билан тизимли учрашувлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.
Айниқса, ёш олимлар билан мунтазам равишда учрашувлар ташкил этишни йўлга қўйиш, уларнинг инновацион ғоялари ва илмий изланишларини қўллаб-қувватлаш бўйича махсус лойиҳа ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилиш юзасидан Пленум иштирокчиларининг фикр-мулоҳазалари тингланди.
Давлатимиз раҳбарининг кадрлар захирасини шакллантириш ва уларнинг малакасини ошириш, партиянинг муносиб фаолларини давлат хизматига тавсия этиш ишлари талаб даражасида ташкил этилмаётгани ҳақидаги асосли танқидидан хулоса чиқарган ҳолда Пленумда партия тизимида кадрлар билан ишлашни тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ҳамда фаол, жонкуяр ва ташаббускор партия фаоллари ва депутатларини масъул лавозимларга кадрлар захирасига киритиб бориш юзасидан аниқ кўрсатмалар берилди.
Очиқ ва жонли мулоқот тарзида бўлиб ўтган йиғилишда кун тартибидаги масалалар юзасидан партия депутатлари ва фаолларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари тингланди.
Пленум якунида “Адолат” социал-демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар Дастури қабул қилинди.
Ушбу Дастурнинг самарали ижро этилишини таъминлаш ҳамда Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш ва “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастури ижросида муносиб иштирок этиш мақсадида Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида ҳамкорлик Меморандуми имзоланди.
Ерназар КУННАЗАРОВ,
Қорақалпоғистон Республикаси партия Кенгаши раиси:

— Давлатимиз раҳбарининг парламент аъзолари ва сиёсий партиялар вакиллари билан учрашувдаги маърузаси Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон ҳудудий кенгаши олдига ҳам муҳим вазифалар қўйганлиги ҳамда бу вазифаларни самарали амалга ошириш механизмларини ҳам белгилаб берганлиги билан биз учун аҳамиятли.
Айниқса, партияларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда айни кунларда барча шаҳар ва туман кенгашларимизда хизмат хоналарини кенгайтириш, уларни зарур оргтехника ва ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш ишлари ўз ниҳоясига етказилмоқда.
Шунингдек, Президентимизнинг партия сафини билимли, ташкилотчи ва ватанпарвар ёш кадрлар билан тўлдириш, партия ишида тобланган кадрларни давлат органлари ва ҳокимликлар тизимидаги лавозимларга тавсия қилиш кераклиги ҳақидаги таклифлари партия тизимида бўлаётган кадрлар қўнимсизлигининг олдини олишга ва кадрлар топишдаги қийинчиликларни бартараф этишга хизмат қилади.
Албатта, биз ташаббускор, билимли кадрларни партия ишига жалб этиб, тарбиялаб, давлат органлари ва ҳокимликлар тизимидаги турли лавозимларга, депутатлик ўрниларига асосий захира сифатида шакллантириб борсак, дастурий мақсад-вазифаларимизнинг сифатли ижросини таъминлашга, электоратимиз манфаатини самарали ҳимоя қилишга эришамиз.
Муҳиба БОБОБЕКОВА,
Самарқанд вилоят партия кенгаши раиси вазифасини бажарувчи:

— Бугунги кунда партиямизда халқ билан ишлаш учун ҳамма шароит яратилган, аммо ундан оқилона фойдалана олмаяпмиз. “Адолат” партияси ўз номи билан жамиятда қонун устуворлиги ва адолат тантанасини таъминлаш каби эзгу мақсадлар билан сиёсий майдонга чиқиб, ижтимоий соҳадаги масалаларни ҳал этишни ўз зиммасига олган. Лекин, Президентимиз томонидан ўринли қайд этилганидек, ҳозирга қадар дастурларда белгиланган вазифалар ижроси доирасида, сайловчиларга берилган ваъдалар бўйича олиб борган ишларимиз қониқарли эмаслиги аён бўлмоқда.
Айниқса, биз тиббиёт ва таълим тизимида кўплаб муаммолар бўлса-да, уларни аниқлаш ва ўз вақтида ҳал этиш бўйича етарли ташаббус кўрсата олмадик, буни бугун ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Хусусан, депутатларимизнинг муайян масалани маҳаллий Кенгашга олиб чиқиб, сессия кун тартибига киритиб, муҳокама қилиб, ҳал этишга қаратилган ишлари талаб даражасида эмас.
Шу боис партиянинг барча бўғинлари ўртасида узвий алоқани таъминлаш олдимизда турган долзарб масаладир. Ҳудудларда электоратни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича чоралар кўрмас эканмиз, партиямизнинг иши кўринмайди ва сезилмайди. Шу мақсадда чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик.
Жумладан, депутатлик гуруҳлари фаолиятини янада жонлантириш мақсадида ҳар ҳафтанинг чоршанба куни партия ташкилоти ва депутатлар ҳамкорлигида маҳаллаларда бўлиб, фуқаролар билан юзма-юз учрашиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан тегишли ташкилотларга депутатлик сўровлари билан чиқиш тизимини яратдик.
Аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини ошириш, мамлакатимизда олиб борилаётган халқчил сиёсат, қабул қилинаётган қарор ва қонунларнинг мазмун-моҳиятини оддий фуқарога етказиш мақсадида партиямиздан кўнгилли лекторлар гуруҳлари ташкил этилиб, ҳар ҳафтанинг сешанба куни “Сиёсий ўқувлар куни” ўтказилмоқда.
Шунингдек, уюшмаган ёшларнинг асосан маҳаллаларда эканлигидан келиб чиқиб, эндиликда биз ҳар бир маҳаллага, оилаларга кириб бориб, ўқиш ёки иш билан банд бўлмаган ёшлар, ота-оналар билан суҳбатлашиб, уларнинг муаммоларини тинглаш, бандлигини таъминлашга кўмаклашиш, ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида Ёшлар иттифоқи ташкилоти, ички ишлар идоралари ва туман ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари билан ҳамкорликда қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқдик ва ҳар ҳафтанинг пайшанба кунини “Ёшлар билан ишлаш куни”, деб белгиладик.
Оилаларда, маҳаллаларда соғлом муҳитни мустаҳкамлаш, соғлиқни сақлаш, таълим тизимида сифат ва самарадорликни ошириш юзасидан ҳам туман, шаҳар партия кенгашлари раислари ва депутатларимиз билан биргаликда аниқ ишлар олиб борилмоқда.
Мухтасар айтганда, олдимизда турган устувор вазифаларни амалиётга тўлақонли жорий этишда ташаббускорлик, изчиллик, қатъиятлилик билан халқимиз ишончини қозониш йўлида барча куч ва имкониятларимизни сафарбар этамиз.
Акмал БУРХАНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Президентимиз билан бўлиб ўтган учрашувдан буён фаолиятимиздаги камчиликларни бартараф этиш ва ишимиз самарадорлигини ошириш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирларни белгилаб олдик. Айниқса, партия фракцияси ва депутатларининг қонун ташаббускорлиги бўйича фаолиятини жадаллаштиришга қаратилган вазифалар биздан янада фаоллик ва ташаббускорликни талаб этади.
Жумладан, партиямизнинг Сайловолди дастурида кўзда тутилган соҳаларни таҳлил қилиб, ҳар бир йўналиш бўйича тегишли равишда қонунчиликни такомиллаштириш борасида қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳларини ташкил қилишни йўлга қўйдик ҳамда жорий йил якунига қадар Ўзбекистон Республикасининг “Давлат хизматчиси тўғрисида”ги, “Қайта тикланувчи энергия манбалари тўғрисида”ги, “Инновациялар ва инновацион фаолият тўғрисида”ги, “Давлат — хусусий шериклик тўғрисида”ги қонунлари лойиҳаларини ишлаб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишни аниқ мақсад қилиб белгиладик.
Шунингдек, фракциямизнинг чора-тадбирлар дастурида қайд этилганидек, илғор хорижий мамлакатлар тажрибаси асосида миллий қонунчиликда парламент мухолифати институтининг ҳуқуқ ва ваколатларини янада кенгайтириш, хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида тузиладиган барча органларда, жумладан, комиссиялар, гуруҳлар ва бошқа ишчи органларда парламент мухолифати вакилларининг киритилиши шартлигини кўзда тутувчи норма билан тўлдиришга доир таклифлар ишлаб чиқилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон “Адолат” СДП ва “Тараққиёт стратегияси” маркази ўртасида имзоланган ўзаро ҳамкорлик тўғрисида Меморандумга мувофиқ “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида назарда тутилган қонун, қонуности ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, суд-ҳуқуқ, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини ислоҳ қилиш, ушбу соҳаларни янада ривожлантириш кўзда тутилган.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси, “Ёш адолатчилар” қаноти Кенгаши раиси:

— Президентимиз маърузасида сиёсий партияларнинг ёшлар ўртасида олиб бораётган ишлари қониқарли эмаслиги ҳақида таъкидланган фикрлардан келиб чиқиб, “Ёш адолатчилар” қаноти фаолиятини қайтадан танқидий кўриб чиқдик. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳақиқатдан ҳам биз аксарият ҳолларда маънавий-маърифий тадбирлар атрофида ўралашиб қолибмиз. Яъни фаолиятимиз кўп ҳолларда турли учрашувлар, давра суҳбатлари ва семинарлар билан чекланиб қолган.
“Ёш адолатчилар” қанотининг вилоят ва туман кенгашларида ташаббускорлик етишмаяпти. Улар кўпинча партия Марказий аппарати томонидан ишлаб чиқилган лойиҳаларни ижро этиш билан чекланиб, ўзлари ташаббус билан чиқишда сусткашликка йўл қўйиб келишган.
Афсуски, кўпинча уюшган, фаол ёшларга эътибор қаратиб, ҳеч қаерда ишламайдиган ёки ўқимайдиган, уюшмаган ёшлар билан ишлашни эътиборимиздан четда қолдирганмиз. Шунингдек, ёш олимлар билан ишлаш аҳволи ҳам қониқарли эмас.
Йўл қўйилган камчиликлардан тегишли хулоса чиқарган ҳолда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи билан ҳамкорликда Ўзбекистон “Адолат” СДП тизимида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқдик ва уни амалга оширишга келишиб олдик. Ушбу Дастурда партиямизнинг “Ёш адолатчилар” қаноти фаолиятини такомиллаштириш, Президентимиз томонидан кўтарилган долзарб вазифаларни ижро этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиладик.
Таъкидлаш лозимки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари орасида биринчи бўлиб “Адолат” СДП фракциясида кўриб чиқилаётган қонунларни ёшлар сиёсати нуқтаи назаридан экспертиза қиладиган махсус ишчи гуруҳи тузишга эришдик.
Пленумда қабул қилинган дастуримизга кўра, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда бажарадиган ишларимизни аниқ белгилаб олдик.
Жумладан, уюшмаган ёшлар қатлами билан кўпроқ ишлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш, партиянинг турли лойиҳаларига жалб қилиш ҳамда уларнинг маънавий дунёқарашини юксалтириш, ёш олимлар билан учрашувлар ўтказиб, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топиш, илмий изланишлар олиб бориш ва иннновацион ғояларни амалга оширишда уларни қўллаб-қувватлашга доир аниқ вазифалар қайд этилди.
Қолаверса, Олий Мажлис Қонунчилик палатасида фракциямиз томонидан кўриб чиқилаётган қонун лойиҳалари муҳокамасига ёшларни кенг жалб қилиш орқали уларнинг сиёсий-ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, қонун ижодкорлиги жараёнида ёшларнинг таклифларини олишни мақсад қилганмиз.
Илёс САХАТОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Одамларга наф келтириш — олий бахт, дейдилар. Бинобарин, ҳар бир киши кундалик ҳаётида ён-атрофдаги инсонлардан қўлидан келадиган ёрдамини ая...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан давра суҳбати ўтказилди....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаров 4 декабрь куни Тошкент ...
01 янв 1970
Айни кунларда наманганлик партиядошларимиз Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан ўтказилаётган тадбирларда фаол қатнашмоқдалар....