Баркамол авлодни тарбиялаш масаласи доимий эътиборда

/
Мамлакатимиз ўз мустақил тараққиётининг йигирма олтинчи йилига қадам қўйди. Шу ҳақда фикрлар эканмиз, ўтган давр мобайнида истиқлол туфайли қандай улуғвор ишлар амалга оширилганлиги кўз олдимизда намоён бўлади.
Айниқса, бутун дунёда тараққиётнинг «ўзбек модели» деб юксак эътироф этилган машҳур беш тамойил асосида иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш ва таркибий ўзгаришларни амалга ошириш дастурининг рўёбга чиқарилиши улкан самаралар берди. Қўлга киритилган натижалар ҳақида гапирганда, энг аввало, бир қатор янги, замонавий, юксак ишлаб чиқариш технологиялари негизидаги саноат тармоқлари вужудга келтирилганлигини тилга олиш зарур. Булар орасида нефть кимёси, кимё, автомобиль саноати кабилар бор.
Айни вақтда Ўзбекистон дунёдаги иқтисодиёти жадал ривожланаётган бешта давлат қаторига кирганлиги ҳам диққатга сазовордир. Истиқлол йилларида мамлакатимиз иқтисодиёти қарийб 6 марта ўсди. Унда саноатнинг улуши 14 фоиздан 34 фоизга ошди. Охирги 11 йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўртача йиллик ўсиш суръати 8 фоиздан кам бўлмаган даражада сақланмоқда.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Наманган туман ташкилоти томонидан ўтказилган давра суҳбатида ана шулар ҳақида гапирилди. Партиямизнинг “Буюк ва муқаддассан, ҳур Ўзбекистон!” ижтимоий лойиҳаси доирасида ташкил этилган “Озод ва обод юрт ёшлари” мавзусидаги ушбу тадбирида “Ёш адолатчилар” қаноти фаоллари, педагоглар ҳамда бир қатор касб-ҳунар коллежларининг юқори босқич ўқувчилари қатнашди.
— Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллиги халқимиз чорак аср мобайнида қўлга киритган ютуқларнинг ўзига хос сарҳисоби саналади, биз бошланғич партия ташкилотларида, корхона ва ташкилотлар, шунингдек, маҳаллаларда қатор тадбирлар ўтказдик, — деди Наманган туман партия кенгаши раиси Ёрқиной Ҳожиматова. — Уларда сафдошларимиз истиқлол туфайли халқимиз эришган улуғвор ва оламшумул ютуқлардан олган таассуротларини баён этдилар. “Адолат” социал-демократик партиясининг фуқаролик жамияти барпо этиш ва уни ривожлантириш йўлидаги амалга ошираётган ишлари тўғрисида ҳам батафсил сўз юритилди. Айниқса, ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат ва жамиятнинг диққат марказида бўлиб келаётгани иштирокчилар томонидан алоҳида таъкидланди.
1991 йилда, яъни мустақилликнинг дастлабки ойларидаёқ Ёшларга оид давлат сиёсати дастури ишлаб чиқилди. “Таълим тўғрисида”ги қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурининг қабул қилиниши эса бу йўналишнинг узвий давоми бўлди. 2001 йилда ташкил топган “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ҳам йигит-қизларнинг жамиятнинг фаол аъзолари бўлиб етишишларига кўмаклашмоқда. Айниқса, мунтазам равишда ташкил этилаётган турли кўрик-танлов, фестиваль ва мусобақалар ёшлар орасидаги иқтидорларни юзага чиқаришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Бундай ғамхўрликка жавобан навқирон авлод вакиллари ҳам ўзларининг самимий муносабатларини билдирмоқдалар.
Тумандаги Тошбулоқ саноат ва хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежи ўқувчиси Зуҳра Ёқубжонова Ўзбекистон “Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши томонидан мустақиллигимизнинг 25 йиллигига атаб ўтказилган иншолар танловида муваффақиятли қатнашди, унинг ижодий иши “Истиқлол шукуҳи” номли тўпламдан ўрин олди. Ана шундай ёшларга таълим бераётган ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси Насиба Бойматовага туман партия кенгашининг фахрий ёрлиғи топширилди.
Тадбир сўнггида бир гуруҳ янги сафдошларимизга партияга аъзолик билетлари топширилди.
Нурбек АБДУЛЛАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий кенгашлари, қуйи ташкилотлари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб ке...
01 янв 1970
Бугунги кунда ҳар бир маҳаллада Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг сиёсий-ҳуқуқий масалалар бўйича кўнгилли лекторлари шакллантирилиб, сиёсий ...
01 янв 1970
Олий ўқув юртлари талабалари ўртасида Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан ташкил этилаётган “Адолат — қонун устуворлигида&rdq...
01 янв 1970
“Урганчтрансгаз” шўъба корхонасида Ўзбекистон “Адолат” СДП Хоразм вилоят кенгаши ташаббуси билан учрашув бўлиб ўтди....