Аҳоли соғлиғини сақлаш масалалари депутатлар эътиборида

/
Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси томонидан “Тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларни амалга оширишда “Адолат” СДП фракцияси ва депутатлик бирлашмаларининг иштироки” мавзусида брифинг ўтказилди.
Тадбирни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси раҳбари Наримон Умаров кириш сўзи билан очди.
Қайд этилганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йилнинг 12 июль куни Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ва Ўзбекистон экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон “Адолат” СДП томонидан жамиятимизда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш ва уни дори-дармон воситалари билан таъминлашни яхшилаш, тиббиёт йўналишида таълим тизимини ислоҳ қилиш, мазкур соҳаларда норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Брифингда оммавий ахборот воситалари вакилларига партия фракцияси ва жойлардаги депутатлик бирлашмалари томонидан соғлиқни сақлаш соҳасида депутатлик ва парламент назоратини ўрнатиш ҳамда соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил ахборот берилди.
Умид СУЛАЙМОНОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Фракциядошларимиз тиббиёт соҳасида депутатлар ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида Қонунчилик палатаси ҳузурида ташкил этилган тиббиёт бўйича доимий Комиссия ишида фаол қатнашиб, соғлиқни сақлаш соҳасида ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши устидан депутатлик ва жамоатчилик назоратини олиб боришга ҳисса қўшиб келмоқда.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, шунингдек, барча туман (шаҳар) Кенгашлари ҳузурида тузилган тиббиёт бўйича доимий Ҳудудий комиссиялар ишида партиядан маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар фаоллик кўрсатиб, жойларда ўрганиш ва мониторинг ишлари олиб бормоқда.
Жумладан, ҳар 15 кунда ҚВП ва оилавий поликлиникалар мудирларининг ахборотини маҳалла фуқаролар йиғинлари қўшма мажлисида, ҳар ойда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси раҳбарларининг ахборотини тегишли маҳаллий Кенгаш сессияларида, ҳар чоракда соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг, ҳар ойда Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармаси раҳбарининг ахбороти эшитиб борилмоқда. Шунингдек, бир йилда икки маротаба Қонунчилик палатаси мажлисида Соғлиқни сақлаш вазирининг ахборотини эшитиб бориш тизими йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, ўтган давр мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳлари аъзолари ҚВПларни оптималлаштириш лойиҳасини тайёрлаш ҳамда маҳаллий Кенгашлар сессияларида тасдиқлашда ҳам фаол иштирок этдилар.
Жумладан, депутатлик гуруҳларимиз жойлардаги фаолияти давомида ҚВП ва оилавий поликлиникаларнинг соат 8:00 дан 20:00 гача фаолият кўрсатиши, тез тиббий ёрдам хизматларининг эса куну тун ишлаши ва тезкор хизмат кўрсатишини таъминлаш, ҚВП, оилавий поликлиникалар ва тез тиббий ёрдамнинг ўзаро доимий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, қишлоқ оилавий поликлиникаларида тор доирадаги мутахассислар қабулини ташкил этиш ишларига эътибор қаратдилар.
Бу, ўз навбатида, касалликларни эрта аниқлаш ва оғир оқибатларининг олдини олиш, патронаж ҳамшираларининг хонадонларга мунтазам кириб бориши, чақирувлар сони ва вақтининг қисқаришига хизмат қилмоқда. Қишлоқ оилавий поликлиникаларининг ташкил этилиши эса тиббий хизматни аҳолига яқинлаштиришга, қўшимча қулайликлар яратишга имкон яратди.
Бундан ташқари, партия фракцияси аъзоларининг ҳудудларни ўрганишга чиқишлари мобайнида барча туманларда тиббиёт соҳасини тўлиқ ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг шу даврига қадар Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан 150 дан зиёд тиббиёт муассасалари фаолияти ўрганилди, 1100 нафардан ортиқ шифокор-ҳамширалар билан суҳбатлашилди, 500 нафарга яқин аҳоли вакиллари ва беморлар билан юзма-юз мулоқот ўтказилди.
Учрашувларда тиббиётнинг бирламчи бўғини, жумладан, ҚВП, оилавий поликлиникалар ва тез тиббий ёрдам хизматлари, шунингдек, дорихоналар фаолиятини ўрганиш, уларга, энг аввало, ишни тўғри ташкил этиш юзасидан ҳуқуқий ва амалий ёрдам бериш диққат марказида бўлди.
Айни пайтда, тиббиёт муассасаларини кадрлар билан таъминлаш масалаларига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2016-2017 ўқув йилида тиббиёт йўналишидаги олий ўқув юртларининг битирувчилари билан учрашувлар ўтказилмоқда, олий малакали кадрлар етишмовчилиги кузатилган жойларда пенсияга чиққан мутахассисларни ишга жалб этиш чоралари кўрилмоқда, коллеж битирувчилари ишга жойлаштирилмоқда.
Энг муҳими, аниқланган камчиликларни жойида ҳал этиш мақсадида ҳар бир туманда ички имкониятлардан келиб чиққан ҳолда тезкор чора-тадбирлар белгиланиб, ижроси таъминланмоқда, республика даражасидаги муаммолар эса алоҳида тартибда Қонунчилик палатаси ҳузуридаги тиббиёт бўйича Комиссияда кўриб чиқилиб, унинг қарорлари Соғлиқни сақлаш вазирлигига маълумот ва ижро этиш учун юборилмоқда.
Худди шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонуни ва бошқа тегишли қонун ҳужжатларининг мамлакатда тиббиёт соҳасида сўнгги 9 ойда амалга оширилаётган ислоҳотларга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва қарорларига мувофиқлиги бўйича инвентаризациядан ўтказиш ҳамда мазкур қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда “Адолат” СДП депутатлари ҳам фаол иштирок этмоқдалар.
Бундан ташқари, депутатлар томонидан жойлардаги тиббиёт муассасаларининг фаолиятини самарали ташкил этишга тўсиқ бўлаётган муаммолар, шу жумладан, тор доирадаги шифокорларнинг етишмаслиги, моддий-техника базасининг талаб даражасида эмаслиги ҳамда тез тиббий ёрдам хизматидаги камчиликлар таҳлил қилиниб, уларни ички имкониятлардан келиб чиқиб ҳал этишда ҳамда тиббиёт муассасаларининг биноларини таъмирлаш ишларини ташкил қилишда амалий кўмак берилмоқда.
Бугунги кунда Ўзбекистон “Адолат” СДП Сайловолди дастурида соғлиқни сақлаш соҳасида илгари сурилган устувор вазифаларни рўёбга чиқаришда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан имзоланган ҳамкорлик меморандуми доирасидаги чора-тадбирлар изчиллик билан давом эттирилмоқда.
Муҳаррам ДАДАХОДЖАЕВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси:

— Жойларда аҳоли билан ўтказилаётган бевосита мулоқотлар, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг ҳолатини ўрганиш давомида ҳудудлардаги дорихоналар фаолияти ҳамда уларда дори воситаларининг қатъий белгиланган нархларда сотилиши юзасидан амалга оширилаётган ишлар аҳволи ҳам ўрганилди.
Ўрганишлар давомида жойларда “Дори воситалари ва фармацевтик фаолият тўғрисида”ги қонун ва бошқа қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиш бўйича муайян ишлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўлдик. Шу билан бирга, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари учун белгиланган нархларга риоя этилиши борасида ҳамон муаммо ва қонунбузилиш ҳолатлари учраб турибди. Яъни тиббий буюмлар ва дориларни белгиланган нархдан юқорироқ нархларда сотиш ҳолатлари мавжуд.
Бундай ҳолатни республикамизнинг деярли барча вилоятларида фаолият кўрсатаётган дорихоналар мисолида кузатиш мумкин.
Шунингдек, саратон ва руҳий-асаб касалликлари билан оғриган беморларга онколог ёки психиатрлар томонидан тавсия этилаётган ва рецепт асосида бериладиган психотроп ёки наркотик дори воситалари билан таъминлаш фақатгина бюджет ҳисобидан фаолият кўрсатувчи дорихоналар томонидан амалга ошириб келинмоқда. Аммо республикамизнинг айрим туманларида бундай дорихоналар мавжуд эмаслиги сабабли беморлар ёки уларнинг қариндошлари рецепт асосида дори воситаларини олиш учун қўшни туманлар ёки вилоят марказларидаги дорихоналарга мурожаат қилишга мажбур бўлмоқдалар.
Бундан ташқари, жойларда айрим дорихоналар ходимлари санитария қоида ва норма талабларига тўла риоя этмаслиги ҳолатлари ҳам кузатилди.
Жумладан, Қашқадарё вилояти Қарши туманида фаолият кўрсатиб келаётган қатор дорихоналар ва уларнинг филиаллари ходимлари белгиланган муддатларда профилактик тиббий кўрикдан ўтмаган ҳолда ишлаб келаётганлиги каби ҳолатлар мавжуд. Бу ҳолатларни бошқа вилоятлардаги дорихоналарда ҳам кўриш мумкин.
Дорихона мудирлари билан ўтказилган суҳбатларда аниқланишича, бундай дори воситалари билан таъминловчи улгуржи фаолият билан шуғулланувчи фармацевтика корхоналари томонидан ижтимоий аҳамиятга эга дори воситаларини олиш учун қўшимча равишда тегишли ҳудудда эҳтиёж бўлмаган ёки яроқлилик муддати ўтаётган дори воситаларини ҳам қўшиб олиш шарти қўйилаётганлиги сабабли, кўплаб ҳудудларда эндокрин тизими, нафас йўллари, юрак хасталиклари билан касалланган беморлар учун зарур бўлган дори воситаларининг сунъий равишда танқислиги вужудга келмоқда.
Хусусан, Бухоро, Қашқадарё, Хоразм вилоятларидаги аксарият дорихоналарда рўйхатга киритилган дори воситаларини олишда ва улар билан аҳолини таъминлашда муаммолар юзага келаётганлиги хусусида фикрлар билдирилди.
Бундан ташқари, ижтимоий аҳамиятга эга дори воситалари ва тиббий буюмларнинг белгиланган нархлари рўйхати шакллантирилганлигига ярим йилдан ортиқ вақт ўтган бўлса-да, нархлар қайта кўриб чиқилмаганлиги дорихоналарни ижтимоий аҳамиятга эга бўлган дори воситалари ва тиббий буюмлар билан таъминлашда айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда.
Юқорида аниқланган муаммолардан келиб чиқиб, депутатлар Соғлиқни сақлаш вазирлигига парламент сўрови юбориш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблашини таъкидлашди.
Илёс САХАТОВ,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир юртдошимизнинг орзу-истаги эркин ва фаровон ҳаёт кечириш, обод ва мустақил Ватан равнақига ҳисса қўшишдан иборат. ...
01 янв 1970
Халқ депутатлари Янгиқўрғон туман Кенгашидаги депутатлик гуруҳимиз аъзолари унча кўп эмас, жами тўрт кишидан иборат. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотлари етакчилари ҳам муҳим роль ўйнамоқда....
01 янв 1970
Жорий йилнинг 9 ойида республика иқтисодиётида ялпи ички маҳсулот ҳажми 7,8 фоизга ўсди....