Очиқ мулоқотлар самараси

/
Ҳудудларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказиш, фуқароларнинг дарду ташвишларини тинглаш муаммоларни ҳал этиш ҳаётий аҳамият касб этмоқда. Халқ депутатлари Когон шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари ҳам буни фаолиятнинг асосий мезони деб англайдилар.
Хусусан, депутатлик гуруҳи аъзолари 2017 йил давомида аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан мутасадди ташкилотларга 38 та депутатлик сўрови киритишди, шундан 26 таси ижобий ҳал этилди, 9 та сўров юзасидан амалий ишлар давом этмоқда. 3 та депутатлик сўровида “Когоннажот йўли” хусусий корхонаси, “Buxoro FARM STANDART”, “Новавита” каби МЧЖлардан Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги “Дори воситаларини ва тиббиёт буюмларини сотиш, фармацевтика фаолиятини лицензиялаш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирларни тўғрисида”ги қарори ижроси (жумладан, белгиланган турдаги дори воситалари ва тиббиёт буюмларининг мавжудлигини таъминлаш ва рўйхатда кўрсатилган нархларда сотиш) юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида ахборот берилиши сўралган ва мазкур муассасалар маълумотларни тақдим этишган.
Депутатларнинг аҳоли билан очиқ мулоқотлари ҳудуддаги кўплаб муаммолар ечимини топишда аниқ самаралар берганини таъкидлаш жоиз.
Жумладан, депутатлик гуруҳи аъзоси Муҳиддин Самиевнинг “Истиқлол” МФЙ ҳудудидаги “Хива”, “Машъал”, “Ипак йўли” кўчаларида тунги чироқлар носоз ҳолатда эканлигига доир депутатлик сўровига кўра ободонлаштириш бошқармаси томонидан аҳолига қулайлик яратилиб, кўчалардаги тунги ёритиш чироқлари таъмирланди. Депутат Муҳиддин Самиев “Зиёкор” МФЙ ҳудудидаги “Наврўз” кўчасида тунги ёритиш чироқлари ишламаётганлиги масаласида шаҳар ободонлаштириш бошқармасига депутатлик сўрови юборди. Сўровга жавобда тунги ёритгичларга электр узатиш жавони жойлашган ҳудудда қурилиш ишлари давом этаётганлиги, электр узатиш жавони демонтаж қилинаётганлиги, масала тез кунларда ҳал этилиши таъкидланган.
Депутатлик гуруҳи аъзоси Жобир Ҳакимовга фуқаролар мулоқот чоғида “Адолат” маҳалласида истиқомат қилувчи К.Ҳамроева кўп йилдан буён оғир хасталикка чалинганлиги, моддий етишмовчилик туфайли соғлиғини тиклашга имкон тополмаётганини айтиб, амалий ёрдам сўради. Киритилган депутатлик сўрови асосида Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан фуқаронинг соғлиғи ўрганилди. Аниқланишича, К.Ҳамроева 2015 йилдан буён шифохоналарда даволаниб келган. Беморга шаҳар тиббиёт бирлашмаси кардиология бўлимига даволаниши ҳамда чуқур тиббий кўрикдан ўтиши учун йўлланма берилди.
“Зебинисо” кўчаси 16-а уйда истиқомат қилувчи фуқаро Зарина Раҳмонованинг ногиронлик аравачасига муҳтожлиги тўғрисида билдирган мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди. Депутат аралашгач, шаҳар тиббиёт бирлашмасига қарашли ногиронлар, кексалар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўлими саъй-ҳаракати билан Зарина Раҳмонова ногиронлик аравачиси билан таъминланди. Депутат Жобир Ҳакимовга фуқаролар “Темирйўлчи”, “Янги ҳаёт”, “Умид” ва “Ҳақиқат” кўчаларида тунги ёритиш чироқларининг носозлиги ҳақида шикоят қилишди. Ўрганишлар асосида шаҳар ободонлаштириш бошқармасига йўлланган депутатлик сўровига жавобан ташкилот раҳбари юқорида номи келтирилган кўчаларнинг тунги ёритиш чироқларини таъмирлаш ишлари 2018 йилнинг 1-чорагида бажариш белгиланганини маълум қилди, ижро депутат назоратига олинди.
Шаҳардаги “Маҳмуд Торобий” шоҳкўчасида автотранспорт воситалари йилдан-йилга серқатнов бўлиб бораётганлиги ҳамда умумтаълим мактаби ва мактабгача таълим муассасаларига қатновчилар учун ноқулайликлар пайдо қилаётганлиги ҳақидаги мурожаат ҳам ўрганилди. Шу масала юзасидан шаҳар ички ишлар бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи раҳбари ҳамда Бухоро вилояти автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармасига депутатлик сўрови киритилди. Натижада жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигига қадар тегишли чорраҳада светофор ўрнатиладиган бўлди.
Депутатлик гуруҳи раҳбари Нодира Мўминова депутатлик сўрови орқали “Мустақиллик” МФЙ ҳудудидаги ички йўл таъмирталаб эканини шаҳар ободонлаштириш бошқармасига маълум қилди. Шундан сўнг маҳалланинг “Навбаҳор” кўчасига қум-шағал ташланиб, йўлнинг аҳволи бирмунча яхшиланди ҳамда ушбу ички йўлда таъмирлаш ишлари 2019 йил манзилли дастурига киритилишига эришилди. Яна бир мурожаатда “Мустақиллик” маҳалласида яшовчи Х.Мирзаевдан у фуқаролик паспортини вақтида олмаганлиги сабабли 537 минг жарима пули талаб қилинганлиги келтирилган. Унинг кам таъминланган оиладан эканлиги, ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги депутат томонидан ўрганилди ва тегишли ташкилотларга депутатлик сўрови киритилгач, жарима анча енгиллашди. Депутат кўмаги билан у 86 минг сўм тўлаб, фуқаролик паспортига эга бўлди.
Халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутати Дилфуза Эргашеванинг кўмаги билан “Беруний” МФЙда истиқомат қилувчи Дилдора Ҳамидова ногиронлик аравачиси билан таъминланди.
Депутатлик гуруҳининг йиғилишида ўтган йилги фаолият сарҳисоб қилиниб, ютуқ ва камчиликлар таҳлил этилди. Таъкидланганидек, 2017 йил давомида депутатлик гуруҳи томонидан “Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари”, “Ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари” доимий комиссияларига жами 3 та, шаҳардаги мактабгача таълим муассасаларида олиб борилаётган ишлар ҳолати ўрганилиши асосида халқ депутатлари шаҳар Кенгаши сессиясига битта масала киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган. Бу рақамлар фаолиятга танқидий ёндашувни, ҳудуддаги долзарб масалаларни ўрганиш, сессия кун тартибига киритишда ташаббускорлик етишмаганини кўрсатади. Шаҳарда ечимини кутаётган муаммолар эса халқнинг ишончли вакилларидан масъулиятни тубдан кучайтиришни тақозо этади.
Моҳигул АБДУЛЛАЕВА,
Бухоро вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий ва бошланғич партия ташкилотлари етакчилари ҳам муҳим роль ўйнамоқда....
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг ҳудудий кенгашлари, қуйи ташкилотлари томонидан ҳам бир қатор ишлар амалга ошириб ке...
01 янв 1970
Яқинда ишчи гуруҳи аъзолари тумандаги “Шалдироқ”, “Ибн Сино” МФЙлар аҳолиси билан жонли мулоқот ўтказишди....
01 янв 1970
Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ташкил этилган "Адолатли қайнона" кўрик-танлови тобора кенг оммалашиб бормоқда...