Миллий қадриятлар оилага меҳр уйғотади

/
Ўзбекистон "Адолат" СДП Сиёсий Кенгаши томонидан ташкил этилган "Адолатли қайнона" кўрик-танлови тобора кенг оммалашиб бормоқда. Бу тадбирга бўлган қизиқиш ўтган бир йил давомида кескин ошганлиги тадбирнинг Наманган вилоят босқичида ҳам яққол кўзга ташланди. Наманган шаҳар халқ таълими бўлимига қарашли "Баркамол авлод" марказининг мажлислар зали тадбирга келган томошабинларнинг барчасини сиғдира олмади. Бир қисм мухлислар кўрик-танловни зал ташқарисида кузатиб бордилар.
Кўрик-танлов бошланишида вилоят партия кенгаши раиси Исроил Жўраев мазкур тадбирдан кўзда тутилаётган асосий мақсад — жамиятнинг асосий бўғини ҳисобланмиш оилани янада мустаҳкамлаш, ёш авлод тарбиясига эътиборни янада кучайтириш, ҳар томонлама етук, комил инсонларни камол топтиришга қаратилганини таъкидлади.
— Биз кейинги йилларда "Адолат" социал-демократик партияси ташкилотлари билан ижтимоий шериклик асосидаги ҳамкорлик алоқаларини анча кенгайтирдик, — деди Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Наманган шаҳар кенгаши раиси ўринбосари Дилором Зоҳидова. — Биргаликда кўплаб тадбирларни ўтказмоқдамиз. Уларнинг аксарияти маҳаллада ижтимоий адолатни таъминлаган ҳолда оилаларда барқарор муҳитни шакллантириш, бунда халқимизнинг азалий қадриятларини ҳамда анъаналарини кенг тарғиб қилишга қаратилган. Бу эса адолат ҳамда умуминсоний фазилатларга асосан оилавий тарбия самарадорлигини ошириш учун шарт-шароит яратмоқда. Мен ушбу тадбирда ҳакамлар ҳайъатининг аъзоси сифатида иштирок этиб, ўзим учун жуда кўп нарса олдим. Улардан келгусидаги фаолиятимда кенг фойдаланаман. "Адолатли қайноналар" тажрибасини ҳар томонлама оммалаштириш яхши наф келтиради, деб ўйлайман.
Кўрик-танловнинг вилоят босқичида барча иштирокчилар пухта тайёргарлик билан келганликлари дарҳол кўзга ташланди. Уларнинг "адолатли қайнона" сифатидагина эмас, балки истеъдодли инсон, турли ҳаётий вазиятларда тўғри қарор қабул қилиш қобилияти, юксак муомала маданиятига эгалиги билан ҳам ажралиб туришлари аён бўлди. Шунинг учун ҳакамлар ҳайъатига ғолибни аниқлаш ҳам осон кечмади. Анча баҳс ва фикрлашувлардан сўнг биринчи ўринга Поп туманидан келган Насиба Ҳакимова муносиб кўрилди. У энди кўрик-танловнинг мамлакат босқичида иштирок этади.
Томошабинлар иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган косонсойлик Нуринисо Ҳафизова, учқўрғонлик Замира Бойматовани ҳам қизғин табрикладилар.
***
Шунингдек, Урганч шаҳрида "Адолатли қайнона" республика кўрик-танловининг Хоразм вилоят босқичи кўтаринки руҳда ўтказилди. Унда партия фаоллари, қатор ҳамкор ташкилотлар, вилоят телерадиокомпанияси вакиллари, танловнинг шаҳар, туман босқичлари ғолиблари иштирок этишди.
Таълим соҳасида қирқ йилдан зиёд ёш авлодга сабоқ берган устоз, Урганч шаҳар "Навбаҳор" маҳалласи фаоли Тўхтажон Ибодуллаева танловда 1-ўринга лойиқ деб топилди. Хазорасп туманидан Сайёра Маткаримова, Шовот туманидан Назира Яқубова 2-, 3-ўринларни эгаллашга муваффақ бўлишди.
Беллашув ғолиблари, иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Наманган, Хоразм вилоятлари кенгаши матбуот хизматлари

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Албатта, қишлоқ хўжалигидаги долзарб масалалар ечими, сув манбаларидан тежамкорлик билан фойдаланиш пировардида халқимиз фаровонлигини таъминлашга ...
01 янв 1970
Мамлакатимизда аҳоли бандлигига алоҳида эътибор қаратилиб, айниқса, ёшлар ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш борасида амалий ишлар қилинмоқда....
01 янв 1970
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлигига сайловлар натижаларига бағишланган брифингда “Адолат...
01 янв 1970
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси Наримон Умаров Тошкент шаҳридаги “Чорсу” бозорида с...