Ориф раиснинг анорзори

/
— Анор азалдан минг дардга даво, инсон саломатлиги учун бебаҳо неъмат ҳисобланади, — дейди Ориф Худойбердиев. — АҚШнинг тиббиёт мутахассислари анор таркибида бошқа бирор-бир мевада учрамайдиган фаол микроэлементлар борлигини аниқлаб, уни беморларга муолажа дориси ўрнида тавсия этишгани бежиз эмас. Шу боис анор етиштириб бозорларни сероб этадиган деҳқон инсон саломатлигининг қўриқчиси ҳам ҳисобланади.
Дарвоқе, Тайлоқ сабзавотчилик, боғдорчилик, узумчилик учун қулай макон саналади. Кейинги йилларда бу ерда интенсив боғларни кенгайтириш билан бир қаторда тоза шамол эсиб турадиган, соз тупроқли ерларда анорзорлар барпо этишга алоҳида аҳамият берилмоқда. Хусусан, “Ворсин” агрофирмасига қарашли “Худойбердиев Озод Шодиқулович” фермер хўжалигида 3 гектар майдонда тажриба тариқасида экиб кўпайтирилган анор кўчатлари шох ёзиб, гуркираб ҳосилга кирди. Экин парвариши агротехника қоидаларига суяниб олиб борилаётгани туфайли ҳар тупида 50-60 тагача мева санаш мумкин. Бу гектаридан бемалол 20-23 тонна анор олиш мумкин, деган гап.
— “Ворсин” агрофирмасида 27 та фермер хўжалиги 360 гектар унумдор майдонда деҳқончилик қилмоқда, — дейди агрофирма раиси Ориф Худойбердиев — Биз уларга кўпроқ даромад берадиган экин турларини экишни, ҳосилни қачон, қаерларда сотиш мумкинлигини тушунтирдик. Агрокимёвий хизматни талаб этилган пайтда йўлга қўйиб бераяпмиз. Банк хизмати, суғориш, мелиорация ишларига масъул ташкилотлар билан хизмат кўрсатиш масаласида эътирозга ўрин қолдирмасликка интилаяпмиз. Натижада фермер хўжаликларида иш самарадорлиги ортиб бораяпти. Хусусан, бу йил гектаридан 65 центнердан ғалла етиштирдик. Дон йиғиштириб олинган майдонларга такрорий экин сифатида картошка экдик. Кузда картошкадан бўшаган ерга яна буғдой экамиз. Қарабсизки, деҳқоннинг кўз нури, қалб қўри тўкилган ер бир йилда икки-уч марта ҳосил беради.
Ҳа, деҳқончиликнинг баракаси — ишнинг кўзини билиб меҳнат қилишда. “Ворсин” агрофирмасида бундай тадбиркор фермерлар кўпчиликни ташкил этади. Бири иссиқхона қуриб қишда помидор, бодринг етиштиради, бири олча, гилос, анорзорларни кўпайтиради, бирови боғига асалари қутиларини қўйиб, шифобахш неъматни элга тортиқ этади. Шу боис қадимул айёмдан дунё деҳқон қўлига суянади, деб бежиз айтишмаган. Қадимий касбни улуғлаб, уни янги мазмун, қут-барака билан бойитишга ҳаракат қилаётган тайлоқлик миришкорларнинг умри узоқ, ризқи фароғ бўлсин, деймиз.
Зоҳир ТЎРАҚУЛОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
«Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорда аҳоли ва тадбиркорларга банк хизматларини кўрс...
01 янв 1970
Самарқанддаги чинни идишлар ишлаб чиқарадиган “Асл нафис” МЧЖ корхонаси жорий йилнинг биринчи чорагида салкам 40 турда 3 миллион дона м...
01 янв 1970
Ҳосилдорлиги юқори, сифати жуда яхши. Боз устига жамоа боғларни янада кенгайтириш мақсадида интенсив дарахт кўчатларини етиштиришни йўлга қўйган.&n...
01 янв 1970
Тайлоқ туманида аграр соҳани ривожлантиришда, боғдорчилик, узумчилик ва сабзавотчиликда интенсив технологияларни қўллаб юқори ҳосил ва даромад олиш...