ЧИН ДЎСТЛИКНИНГ ЁРҚИН УФҚЛАРИ

/
Таъкидлаш лозим, Хитой Ўзбекистоннинг йирик иқтисодий ҳамкорларидан биридир. Фақат 2015 йилнинг ўзида Хитой билан Ўзбекистоннинг ўзаро савдо ҳажми 3,5 миллиард АҚШ долларини ташкил этганлиги ҳам фикримизни тасдиқлаб турибди. 2016 йилнинг дастлабки тўрт ойида мамлакатларимиз ўртасида товар айирбошлаш ҳажми 1,4 миллиард долларни ташкил этди. Юртимизда Хитой капитали иштирокида ташкил этилган 650 дан зиёд корхона фаолият кўрсатмоқда. Умуман олганда, кейинги йиллар мобайнида Хитой юртимизнинг энг йирик инвесторига айланди. “Хитой – Марказий Осиё” газ қувуриинг тўрт тармоғи ҳам юртимиз ҳудудидан ўтгани бежиз эмас. Айни пайтда Ўзбекистон — Хитой ҳамкорлик кўлами тобора кенгайиб, сифати ортиб бормоқда.
Ўзбекистон билан Хитой Буюк Ипак йўли давридан бери ўзаро муносабатларга киришиб келаётган икки қадимий тарих ва маданиятга эга давлатлардир. Мана шу жиҳат ҳам халқларимизнинг бир-бирига янада яқинлашишига хизмат қилмоқда. Натижада иккала мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик сиёсат, иқтисодиёт, савдо, саноат, қурилиш, илм-фан, таълим, маданият каби муҳим соҳаларни қамраб олмоқда.
Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига ташрифи, шубҳасиз, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеадир. Ташриф Ватанимиз ҳамда улкан иқтисодий, инновацион ва интеллектуал салоҳиятга эга давлат сифатида жаҳон иқтисодиёти ва сиёсатида ҳақли равишда етакчи ўринлардан бирини эгаллаб келаётган ХХР ўртасида муносабатлар жадал ривожланишининг олтин асри бошланганлигининг ёрқин далилидир. Жаноб Си Цзиньпин алоҳида таъкидлаб ўтганидек, бундай изчил ҳамкорлик ҳар иккала мамлакат халқига фақат самара келтиради.
Дўст мамлакат сифатида Хитой бугунги Ўзбекистон Президент Ислом Каримов раҳнамолигида эришаётган муваффақиятларни катта хайрихоҳлик билан кузатиб турибди. Республикамиздаги сиёсий барқарорлик, иқтисодиёт ва аҳоли фаровонлигининг юксак суръатларда ўсиши хитойликларни ҳам мамнун этади, албатта. ХХР Раиси жаноб Си Цзиньпин жаҳонда давом этаётган молиявий инқирозга қарамасдан, Ўзбекистон кейинги йиллар мобайнида 8 фоизлик иқтисодий ўсишга эришаётганини алоҳида муваффақият сифатида таъкидлаб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг қизиқарли, самимий жавоб нутқи ҳам биз депутатларда жуда катта таассурот қолдирди. Юртбошимиз Хитой сиёсий ислоҳотлар ва очиқлик йилларида ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг янги босқичига кўтарилганлигини қайд этиб ўтди, бундай тажриба эса ҳамиша биз учун ибрат бўлиб қолади. Президент Хитойда ҳаётнинг барча соҳалари ислоҳот қилинишига алоҳида тўхталаркан, жаноб Си Цзиньпинни замонавий хитой жамиятининг муҳим муаммоларини ҳал этишдек оғир вазифаларни зиммасига олган “ислоҳотчи”, деб атади.
Назаримда, мустақиллигимизнинг чорак асрлик тўйи арафасида биз, депутатлар учун ХХР Раисидек ҳурматли меҳмон билан учрашиш катта шараф. Шубҳасиз, бу учрашув мамлакатларимиз ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг янада тараққий этишига хизмат қилади.
Маълумки, Ўзбекистон “Адолат” СДП давлат суверенитети ва мустақиллиги мустаҳкамланишини, мамлакатимизнинг халқаро муносабатларда тенг ҳуқуқли субъект сифатидаги роли ва ўрни янада кучайишини, ривожланган демократик давлатлар сафига қўшилишини, Ўзбекистон атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва дўстона қўшничилик алоқалари ўрнатилган ҳудуд ташкил этилишини қўллаб-қувватлайди. Сайловолди дастуримизнинг мазкур йўналишидан келиб чиққан ҳолда биз Ўзбекистон—Хитой ҳамкорлиги янада тараққий этиши тарафдоримиз.
Шу билан бир қаторда Ўзбекистон “Адолат” СДП Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатлари билан гуманитар ва ижтимоий соҳаларда ўзаро муносабатларни кенгайтириш, ШҲТнинг савдо ва инвестиция фаолияти учун қулай муҳит яратиш борасидаги ҳаракатлари, минтақа мамлакатлари иқтисодини барқарор ривожлантириш ва мазкур мамлакатларда истиқомат қилаётган халқларнинг фаровонлигини янада ошириш мақсадидаги трансчегаравий, транспорт-коммуникация, инфратузилмавий ва ижтимоий лойиҳалар тарафдори эканлигини таъкидлаб ўтамиз.
Қодир ЖЎРАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси аъзоси 

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Самарқанд шаҳрининг “Гўрўғли” кўчаси, 90-уйида яшовчи Вали Зиёев ҳовлисида 2017 йил 20 июнда табиий газ ёнмай қолди. ...
01 янв 1970
Бугун жамиятимизнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, янгиланишларга мос равишда мансабдор шахслар, депутатлардан тортиб, оддий...
01 янв 1970
Ҳар бир халқнинг кечмишида фавқулодда аҳамият ва қимматга молик шонли кунлари, таъбир жоиз бўлса, жамият ҳаётининг кескин бурилиш нуқталари бўлади....
01 янв 1970
Айтинг-чи, меҳнат дафтарчаси сотиб олиш учун қаерга мурожаат қилиш лозим?