Ёшларнинг чинакам суянчи ва таянчи

/
Юксак эътиборга муносиб хизмат қиламиз
Ўзбекистон “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг IV қурултойида муҳтарам Президентимизнинг сўзлаган нутқи ва ушбу тарихий анжуманда юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган делегатлар ҳамда видеоконференция орқали маҳаллий ҳокимликлар раҳбарлари ва ҳудудлардаги ёшларнинг ҳам қатнашганлиги бугун бутун мамлакатимиз ёшларининг, жумладан, Қорақалпоғистонлик ёшларнинг ҳам қалбида янада жўшқин кайфият, ғайрат ва шижоат уйғотгани ҳақ гап.
Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизда шу кунгача ёшлар сиёсати бўйича олиб борилаётган ишларга танқидий баҳо бериб, аниқ вазифалар, таклифларни илгари сурганлиги юртимизда яшовчи ҳар бир ёшнинг келажаги ва тақдири учун мамлакат раҳбарининг жон куйдириб, юксак эътибор қаратаётганидан далолатдир. Президентимизнинг юртимиз фарзандлари қалбига катта ишонч бағишловчи, ҳаёт ҳақиқатидан келиб чиқиб таъкидлаган фикрлари бутун Ўзбекистон ёшларини янги марралар сари руҳлантириб юборди.
Шу кунга қадар Ўзбекистон “Камолот” ЁИҲ Нукус шаҳар кенгаши таркибидаги 124 та бошланғич ташкилотга 73456 нафар ёшлар бирлашганлиги 300 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ва унинг 180 мингга яқини 30 ёшгача бўлган ёшлар ҳисобланган Нукус шаҳри учун ижобий кўрсаткич деб ҳисоблай олмаймиз.
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг “Ёш адолатчилар” қаноти сафида эса 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 4097 нафарни ташкил этаётганлиги ҳам уюшмаган ёшлар билан янгича ёндашувлар асосида ишлашни тақозо қилади. Ушбу рақамлар жамият ҳаётида муҳим ва ҳал қилувчи куч ҳисобланган ёшлар, айниқса, уюшмаган ёшларимиз билан кам шуғулланганимизни кўрсатиб турибди.
Давлатимиз раҳбари ўз маърузасида билдирган танқидий, таҳлилий фикрлардан тўғри хулоса чиқариб, берилаётган имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда оқилона иш юритиш вазифаси, айниқса, ёшлар сардорларига катта масъулият юклаб, изланиш ва ташаббускорликка, фидойи бўлишга чорлайди.
Президентимиз томонидан ёшларни қўллаб-қувватлашга оид билдирилган бир қатор таклифлар янги ташкилот — Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкам, ёшлар ҳаётидаги турли муаммо ва камчиликларни ўз вақтида ижобий еча оладиган нуфузли ташкилот бўлишидан далолат беради.
Шу билан бирга, Президент ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси қошида Ёшлар муаммоларини ўрганиш ва истиқболли кадрларни тайёрлаш институтининг ташкил этилиши мамлакатимизда салоҳиятли, мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётининг турли жабҳаларида ўз билим ва тафаккури билан хизмат қилишга тайёр бўлган келажак эгаларининг камол топишига хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарининг бугун ёшларимиз орасидан етишиб чиқаётган ватанпарвар, ҳалол, ўз меҳнати билан замондошларига ўрнак кўрсатаётган йигитларга “Мард ўғлонлар” деган ном билан Давлат мукофотини ва ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда, ўқишда, меҳнатда, жамоат ишларида ҳар томонлама фаол бўлган йигит-қизларни тақдирлаш мақсадида “Келажак бунёдкори” медалини таъсис этиш тўғрисидаги таклифлари, биз ёшларга давлат сиёсати даражасида кўрсатилаётган эътибор, ғамхўрлик ва рағбатнинг яна бир юксак намунасидир.
Мамлакат тараққиёти илм-фан тараққиёти билан узвий боғлиқ равишда кечадиган жараён саналади. Ушбу икки тушунчани бир-биридан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Бу уйғунлик ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, қобилиятли йигит-қизларни қўллаб-қувватлаш орқали янада ёрқин намоён бўлиб, албатта, кутилган натижаларни беради. Шу маънода Ёшлар иттифоқининг фаол аъзоси бўлган, бакалавриат ва магистратура талабаларига ўртача ўзлаштириш кўрсаткичи 86 фоиз ва ундан юқори бўлган тақдирда таълим бўйича шартнома тўлови миқдорининг 35-40 фоизини ташкилот ҳисобидан тўлаш орқали моддий ёрдам кўрсатиш кўзда тутилаётганлиги буюк аждодларимиз ворисларига илм-фанни чуқур эгаллаши йўлида берилаётган катта имтиёз ва имкониятдир.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилган кун — 30 июнь санасининг мамлакатимизда “Ёшлар куни” деб белгиланиши ёшлар ҳаётидаги тарихий муҳим сана, шарафли кун бўлиб қолишига шубҳа йўқ.
Ёшларнинг жамият тараққиётида фаол иштирок этиши, юртимизни янада обод этишга муносиб ҳисса қўшиши, замонавий билимларни чуқур эгаллаган, ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб вояга етиши учун кенг имкониятлар берилаётган экан, бундай юксак эътиборга муносиб бўлиш ва бизга билдирилган ишончни оқлаш фарзандлик бурчимиздир.
Азиз ПИРЖАНОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Нукус шаҳар кенгаши раиси,
Ўзбекистон “Адолат” СДП Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг “Ёш долатчилар” қаноти етакчиси

Соғлом дунёқарашни шакллантириш мутахассислардан билим ва салоҳият талаб қилади
Юртимизда ёшларни давлат томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилмоқда. Биз бахтиёр мамлакатнинг бахтли фарзандларимиз.
Ўзбекистон “Камолот” ЁИҲнинг IV қурултойида ташкил этилган Ўзбекистон ёшлар иттифоқи эндиликда ёшларни янги ғоя, янгича мақсадлар сари етаклайди.
Муҳтарам Юртбошимиз мазкур қурултойдаги нутқида илгари сурган бир қатор таклифлари билан мамлакатимиз ёшлари учун катта имкониятлар эшигини очиб берди. Айниқса, давлат бошқаруви тизимида ёшларнинг иштироки ва уларга берилаётган имтиёзларни алоҳида таъкидлаш жоиз. Анжуманда Президентимиз ёшлар масаласига оид ҳал қилиниши лозим бўлган муаммолар хусусида куюниб сўз юритгани ҳар биримизни жиддий фикрлашга чорлайди.
Маълумки, ёшлар ўртасида содир этилаётган жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик, диний экстремизм, терроризм оқимларига кириб кетиш, ёш оилалар ўртасидаги ажримлар ва бошқа шу каби муаммоли ҳолатларнинг барчаси инсон психологияси билан боғлиқ саналади. Тиббиётда шундай гап бор: руҳни даволамай туриб танани даволаб бўлмайди. Глобаллашув жараёни шиддат билан кечаётган бугунги кунда ёшлар қалбида ёт ғояларга қарши иммунитетни мустаҳкамлаш, уларнинг турли оқимларга билиб-билмай кириб кетишининг олдини олиш, ёшларда соғлом дунёқарашни шакллантириш, айниқса, биз, психологларнинг вазифамиздир.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида таъкидлаган Ёшларга ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатиш марказининг ташкил этилиши ёшлар руҳиятини соғломлаштиришга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир. Шундай экан, биз, руҳшунослар ёшлар тақдири учун ўз атрофимизга малакали амалиётчи психологларни жамлаган ҳолда айрим ёшларда кузатилаётган муаммоларнинг туб илдизларини ўрганишга йўналтирилган дастурларни ишлаб чиқишимиз лозим.
Биз соғлом фикрлайдиган, кенг дунёқарашга эга ёшларни тарбиялашга ҳисса қўшиш учун етук мутахассис бўлиш, соҳага оид билимларни пухта эгаллаш, тинмай ўқиб-изланиш лозимлигини чуқур англаймиз. Бугунги кунда навқирон авлод олдига қўйилган долзарб вазифалар ижросида фаол иштирок этиш масъулияти ҳам шуни талаб этади.
Матлуба САҲИЕВА,
Термиз давлат университети магистранти,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сурхондарё вилояти кенгаши ходими

Ёшлар манфаатлари рўёбга чиқмоқда
Ёшлик — инсон умрининг энг гўзал, кучга тўлган, ғайрат-шижоати вужудига сиғмайдиган, халқона айтганда, “тоғни урса талқон қиладиган” даври. Ёшлар мамлакатнинг бебаҳо бойлиги, жамият тараққиётининг мустаҳкам таянчидир. Муҳими, ёшликнинг ана шундай шижоати, имкониятларини тўғри йўлга йўналтириш, навқирон авлодни қўллаб-қувватлаш ҳамда имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит ва қулайликлар яратиш билан олий мақсадларга эришилади.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон ёшлар иттифоқинниг ташкил этилиши улкан тарихий қадам бўлди. “Камолот” ЁИҲ ҳақиқатан ҳам зиммасидаги вазифаларни тўлақонли даражада уддалай олмади. Президентимиз нутқида алоҳида таъкидланганидек, бунинг объектив ва субъектив сабаблари бор. Қурултойда буларнинг барчаси танқидий таҳлил этилиб, зиммадаги масъулиятли вазифаларни бажаришга қодир, давлат эътибори ва қўллаб-қувватлашини ҳар дамда ҳис этадиган, янгидан-янги марраларни забт этишга тайёр ёшлар ташкилоти — Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ташкил этилди. Буни навоийлик ёшлар ҳам катта хурсандчилик билан қарши олишди.
— 2013 йилда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институтини тугаллаб, Навоий олимпия захиралари коллежида ишлаб келаяпман, — дейди ёш мутахассис ўанишер Самандаров. — Мамлакатимизда спортни, унинг энг оммавий тури бўлган футболни ривожлантиришга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан бахтиёрман. Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши биз, ёшларнинг истиқбол уфқларимизни янада кенгайтирди. Ватан тақдири билан уйғун орзу-мақсадларимизга эришишимизда беқиёс имкониятлар яратди. Биз улардан самарали фойдаланишимиз, мамлакатимиз тараққиётининг чинакам фидойиларига айланишимиз зарур.
— Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ташкил этилиши ёш мутахассисларнинг самарали меҳнат қилиши, эл-юрт фаровонлигига янада кўпроқ ҳисса қўшишларини таъминлашига ишончим комил, — дейди ёш ҳамшаҳримиз, Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти талабаси Шоҳруҳ Жумақулов. — Мен ҳам бугунги кунда талаба, келгусида эса малакали мутахассис сифатида ёшлар иттифоқи фаолиятида иштирок этиш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётига, халқимиз турмуш даражасининг янада юксалишига муносиб улуш қўшишни шарафли ва масъулиятли бурчим деб биламан. Бунинг учун бутун билимим, маҳоратим ва куч-ғайратимни сарфлайман.
Ўз фаолиятини бошлаган янги ташкилотнинг мақсад ва вазифалари аниқ ва улуғ. Энди фақат амалий ишлар керак. Ташкилот ёшларимиз манфаатларининг ҳақиқий ҳимоячиси, уларнинг ишончли ҳамкори ва таянчи бўлишига Президентимиз ва халқимиз ишонч билдирмоқда. Бу юксак ишончни оқлаш учун вилоят ташкилоти фаоллари ҳам астойдил интилишмоқда.
Мақсуд НУРУЛЛАЕВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилоят кенгаши раиси ўринбосари,
халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати

Меҳр қўрғонини пок тутайлик
Шу йилнинг 15 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуман ва унда билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлар халқимизнинг айни дилидаги гап бўлди. Қолаверса, бу бизни янада ҳушёр ва огоҳ бўлишга, жиддий масъулият билан ишлашга ундади.
Айниқса, давлатимиз раҳбарининг ФҲДЁ органларида никоҳдан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари, яъни қўшхотинлик кўпайиб бораётгани ҳақидаги фикрларини эшитганда мен жуда хижолат тортдим. Чунки имом-хатибларимиз орасида масъулиятдан кўра манфаатни устун қўядиганлари ҳам йўқ эмас. Шунинг учун ҳам Президентимиз “Ахир, тегишли давлат идорасида қонуний қайд этилмаган “никоҳ”дан туғилган фарзандларнинг тақдири, келажаги эртага нима бўлади? Табиийки, давлат қонунлари бўйича улар кўпгина ҳуқуқлардан маҳрум бўлиб қолади. Хусусан, оталикни белгилаш, туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш, мерос ҳуқуқи, ўсиб-улғайганидан кейин боғчага, таълим муассасаларига қабул қилиш масалаларида қанчадан-қанча муаммолар пайдо бўлади. Энг ёмони, бундай болалар руҳан мажруҳ бўлиб, турли маънавий нуқсонлар билан вояга етади. Улар ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси деб ҳис этолмайди”, дея куюниб гапирди. Қолаверса, бундан буён ФҲДЁ томонидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай мулла ёки имом-хатиб жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ислом динида оила масаласига, оила қўрғонини асраб-авайлашга, жиддий эътибор қаратилган. Яъни динимиз намунали ва мустаҳкам оилалардан ташкил топган гўзал бир жамият қуриш ғоясини илгари суради. Оилани пок асосда қуриб, шу асосда собит бўлиши масаласида Қуръони каримда шундай дейилади: “Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз! Шунингдек, ўрталарингиздаги ўзаро муомалада номи келтирилувчи Аллоҳдан ва қариндошлар (алоқасини узиш)дан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ сизларни кузатиб турувчидир!” (Нисо сураси, 1-оят).
Аллоҳ таоло барча нарсани жуфти билан, яъни эркак-аёл қилиб яратган. Ўз табиатига кўра, уларнинг ҳар бири иккинчисига турли жиҳатдан эҳтиёжли қилиб қўйилган. Агар яхши ният кўзланса, эр-хотин бир-бирини тушунса, улар ўртасидаги муҳаббат янгиланади. Эр-хотин ўртасида юзага келган келишмовчиликлар, оилавий муаммолар ва уларнинг ечими ҳал этилаётганда “барбод қилиш” эмас, балки “барпо қилиш” ғояси устун бўлиши керак. Аммо эр-хотин ўртасида низо чиқариш ва уларни ажратиш шайтони лаъиннинг энг катта натижасидир. Биз тилга олаётган қўшхотинлик масаласи ҳам шулар жумласидандир. Бинобарин, муҳтарам Президентимизнинг халқ билан янада очиқ ва яқинроқ мулоқот қилиш, одамлар дардига қулоқ солиш, оилавий ажримларнинг олдини олиш ҳақида куюниб гапириши бежиз эмас.
Кузатишларимиз шундан далолат берадики, бугунги кунда учраётган ажримлар ёки қўшхотинлик ҳолатларига асосан бир-бирини тушунмаслик, молу дунё ташвиши, тили узун, ўткир қайноналарнинг ҳавойи ғурури, ўткинчи ҳою ҳаваси, охирини ўйламасдан иш тутиши каби иллатлар сабаб бўлмоқда. Оқибатда тирик етимлар сони кўпаймоқда. Донишмандлардан бири “Ота-онасидан ажраб, уларни тополмай, меҳрига ташна бўлган боланинг кўзидан оққан ёш куррайи заминдан ҳам вазминроқ” деган экан. Шундай экан, жамоатчилик, хусусан, имом-хатибларимиз, уламоларимиз тушунтириш ҳамда тарғибот тадбирларида “Никоҳ ва оила қандай бўлиши керак, унда эрнинг ўрни қандай ва аёлнинг вазифаси нималардан иборат?” деган саволлар устида кўпроқ ўгит берсалар, мақсадга мувофиқ бўларди. Тилагимиз – Яратганимиз оилалардаги тинч-тотувликни, ўзаро аҳиллик, меҳр-оқибат ва садоқатни барқарор айласин.
Турсунтоҳир ЭРБЎТАЕВ,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби

Фарзандларимиз меҳрга зор бўлмасин
Бир куни бўлимимизга қўлида жажжи фарзандини кўтарган ёшгина жувон кўзида ёш билан кириб келди. Аввалига уни тинчлантириб, ёнимга ўтқаздим. Сўнг ташрифи ва кўз ёшлари сабабини суриштирдим.
— Фарзандсизлигим туфайли уч йил деганда биринчи турмушимдан ажрашгандим,—дея гап бошлади ўзини Наима деб таништирган жувон. — Кейин маълум вақт ота-онамникида яшаб юрдим. Бир куни шаҳардан уйга қайтаётганимда машинага чиқдим. Ҳайдовчи Дилшод исмли пойтахтлик ишбилармон йигит экан. У туманимизга савдо-сотиқ ишлари билан келаётганини айтди. Шундан кейин ўша йигит билан телефон орқали гаплашиб юрдик. Бир ярим ой деганда уйимизга Дилшоддан совчи келди.
Наима уйқуси бузилган ўғилчасининг елкасига қоқиб, гапида давом этди. Унинг маълум қилишича, Дилшод ўзини уйланмаган бўйдоқ йигит сифатида таништирган. Йигит Наиманинг “Қандай қилиб менга уйланасиз? Ахир, мен турмуш қурганманку, ота-онангизга нима дейсиз?” деган саволига “Иккаламиз учун алоҳида уй сотиб оламан, ўша ерда яшайверамиз. Ота-онам билмасликлари учун аввалига шаръий никоҳ ўқитиб, кичикроқ тўй қиламиз. Вақт ўтиши билан секин уларга тушунтираман”, деб жавоб берган.
Шу тариқа улар шаръий никоҳ асосида турмуш қуришган. Турмушдан ажралган қизининг бахти яна очилгани боис ўолибжон ака ва Муҳаррам опа ҳам тўйга осонгина розилик беришган. Наиманинг дастлабки турмуши фарзандсизлик туфайли барбод бўлгани боис Шаҳбозбекнинг туғилишидан уларнинг боши кўкка етган. Лекин...
Лекин ота-онанинг хурсандчилиги узоққа чўзилмаган. Яъни бир куни Дилшоднинг илгари уйлангани, ҳатто икки нафар фарзанди ҳам борлиги аён бўлган. Онаси билан рафиқаси билиб қолиб, Наима билан роса жанжаллашишган. Оқибатда Дилшод Наимани ҳимоя қилолмай, ҳайдаб юборган.
— Сиздан маслаҳат олгани келдим, — деди Наима яна кўзи ёшланиб.
Бинобарин, унга амалдаги қонунлар талабидан келиб чиқиб, йўл-йўриқ кўрсатдик.
Афсуски, бундай салбий иллатлар кундалик ҳаётимизда ҳанузгача учраб туради. У ҳам бўлса ота-оналарнинг сўраб-суриштирмай, қизларини турмушга узатишаётгани ёки Дилшод каби куёвларнинг баландпарвоз гаплари ва қуюқ ваъдаларига учиб, иш тутишаётгани туфайли юз беряпти. Натижада “оталикни белгилаш”, “ёлғиз она аризаси асосида туғилганликни қайд этиш” каби жиддий муаммоларни келтириб чиқарувчи омиллар пайдо бўлмоқда. Айтайлик, қонуний никоҳдан туғилмаган ёки онасининг фамилиясига эга бўлган фарзанд бошқа болаларникидек ҳақ-ҳуқуқлардан маҳрум бўлади.
Мана шундай салбий ҳолатларни теран таҳлил қилган Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 15 июнь куни бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусидаги анжуманда ФҲДЁ органларида никоҳдан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаръий никоҳ ўқитиш оқибатида қўшхотинлик ҳолати кўпайиб бораётганига алоҳида тўхталди. Бу борада фикр юритар экан, давлатимиз раҳбари Абдулла Қодирийнинг “Ўтган кунлар” асаридаги Кумушбиби фожеаси мисолида қўшхотинликнинг аянчли оқибатларини яна бир карра ёдимизга солиб, барчамизни ҳушёрликка ундади. Айниқса, уламолар ва имом-хатибларга қарата “Ҳурматли имом-хатиблар, сизлар Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органидан берилган ҳужжатни кўрмасдан туриб, турли бойваччаларга шаръий никоҳ ўқиб бераётганингизда мана шундай ишингиз оилаларга қандай бахтсизлик, жамиятга қандай катта муаммо олиб келаётганини лоақал тасаввур қиласизларми ўзи?! Ҳозирги кунда ҳаётимизда авж олаётган ана шундай хунук, ярамас ҳолатларга чек қўйиш мақсадида алоҳида қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда” дея бундан буён ФҲДЁ томонидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай мулла ёки имом-хатиб жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақида қатъий огоҳлантирди. Шундай экан, нафақат ота-оналар, балки қўни-қўшни, маҳалла-кўй, жамоатчилик вакиллари, имом-хатиблар ва биз, ФҲДЁ ходимлари ҳам оила масаласига янада жиддий масъулият билан ёндашишимиз шарт. Зеро, юқоридаги каби ҳеч кимнинг гулдек оиласи парчаланмасин, тинч-тотув ҳаётига путур етмасин.
Хосиятхон МАМАЖОНОВА,
Бешариқ туман ФҲДЁ бўлими мудираси

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳаракатлар стратегиясини амалиётга татбиқ этиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди ва уларнинг натижалари Президентимиз фармойишида ўз акси...
01 янв 1970
Маълумки, мамлакатимиз мустақилликка эришган илк кунлардан бошлаб ҳар томонлама пухта ўйланган, изчил ташқи сиёсат юритиб келмоқда....
01 янв 1970
Александр Шлик дўстона қабул учун ташаккур билдирди ва партияга сайловда муваффақият тилади....
01 янв 1970
Давлатимиз раҳбарининг ҳар бир вилоят ёки шаҳарга ташрифи, ўша ҳудудлар ҳаётида муҳим ўрин эгалламоқда....