Истиқлол — элимнинг боқий байрами

/
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма етти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, бу йилги умумхалқ байрами “Азиз ва ягонамсан, жонажон Ўзбекистоним!” деган ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий тадбирлар руҳида ўтади. Шу муносабат билан ишлаб чиқиладиган дастур 2017-2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури билан уйғун ҳолда тайёрланади.
Бу йил халқимиз Мустақиллик байрамини тамомила янгича шароитда — миллий тараққиётимизнинг янги босқичи одимлари кундан-кунга шиддатли тус олаётган, Ўзбекистоннинг янги мақоми бутун дунёда расман эътироф этилаётган, мамлакатимизда ижтимоий адолат тамойилларига амал қилиш тобора кучайиб бораётган бир шароитда нишонлайди. Халқимизнинг хоҳиш-истаги, янги эркин ва демократик жамият қуриш йўлидаги қатъий иродаси билан бошланган истиқлол солномасининг сўнгги икки йиллик саҳифаси ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётимизда қўлга киритилган, одамларнинг онг-тафаккури ва дунёқарашида ўз ифодасини топаётган бемисл ютуқлар билан безангани, халқимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошгани, ёшларда Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳи кучайгани ғоят муҳимдир.
Мустақиллик ҳар йили бир ёшга улғаяди ва у билан бирга, биз ҳам, шу йиллари туғилиб вояга етаётган азиз фарзандларимиз, набираларимиз — ҳаётимизнинг бахтли давомчилари ҳам улғайиб боради. Бу улғайиш тинч-тотув ҳаётимиз, фаровон турмушимиз, буюк келажагимиз, истиқлол шарофати билан турмуш тарзимизга, хонадонларимизга кириб келаётган рўшноликлар, тўкин ризқ-насиба, дунёқарашимизда юз бераётган ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ. Бу улғайишда, энг аввало, қадди-бастимизнинг, ғурур ва шаънимизнинг, миллий тарихимизнинг, дину диёнатимизнинг тикланганини кўрамиз, миллатнинг эркка эришуви нақадар тотли, нақадар тароватли туйғу эканини ҳис этамиз, жаҳон ҳамжамияти сафларида неча йиллар бўш турган ўрнимизни эгаллаганимиздан, дунё бозорлари Ўзбекистон учун очилиб бораётганидан ҳақли равишда фахрланамиз. Ифтихор қилиш билан бирга, истиқлолдек буюк неъматни асраш, уни ҳар жиҳатдан мустаҳкамлаш, ёшлар онги ва қалбига бу улуғ туйғуни янада чуқур сингдириш, янги авлодни дунёнинг бугунги юксак талабларига мос равишда тарбиялаш борасида зиммамизда жуда катта масъулият борлигини ҳам англаймиз. Дунёда кечаётган мураккаб жараёнлар жамиятнинг ҳар бир аъзосидан фаоллик ва ташаббускорликни, зукко кузатувчанликни талаб этмоқда.
Йигирма етти йилдирки, халқимиз пешонасида эрк, озодлик қуёши порлай бошлаган саховатли кузнинг биринчи кунини умумхалқ байрами, ҳаётимиздаги энг улуғ ва энг азиз байрам сифатида нишонлаб келамиз. Тўйга тўёна ярашиқли деганларидай, мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқлари, кўча ва хиёбонлари йилдан-йилга гўзаллашиб бораётгани, йирик саноат корхоналари, замонавий муҳташам бинолар, ишлаб чиқариш корхоналари, маданият, санъат, спорт саройлари, нуроний отахону онахонлар, ёшлар ва болаларга мўлжалланган дам олиш масканлари қурилаётгани ҳаётимизга ўзгача завқ бағишлайди. Бутун мамлакат қурилиш, янгиланиш, бунёдкорлик майдонига айланган десак, муболаға бўлмас. Дунё мамлакатларининг раҳбарлари, таниқли давлат ва сиёсат арбоблари Ўзбекистоннинг янги тараққиёт йўлини, давлатимиз раҳбарининг халқни тинглаш, унга дилдан яқин бўлишдек чинакам инсонпарвар сиёсатини қўллаб-қувватламоқда, хорижий матбуот бу тўғрида самимий мақолалар эълон қилмоқда. Бизнинг бугунги ривожланиш шиддатимиз, кўзлаган улуғ мақсадларимиз дунёни яхши маънода ҳайратга солмоқда. Негаки, Юртбошимизнинг ҳар бир нутқи ва маърузасида энг олий мақсад — одамлар ўз ҳаётларидан бугун рози бўлиб яшашлари лозимлиги, мамлакатимизда ўтказилаётган ислоҳотларнинг барчаси ана шу мақсаднинг амалий рўёбига қаратилиши зарурлиги уқдирилади.
Бу даъват қалбимизда, имон-эътиқодимизда акс-садо беради, шу азиз Ватанга, шу мусаффо осмонга, киндик қонимиз тўкилган шу муқаддас тупроққа дахлдорлигимиздан қувват оламиз. Буюк келажагимизга ишончимиз янада ортади. Замонавий билимларни чуқур эгаллаган, дунё тажрибасидан яхши хабардор ёшларнинг фаоллиги, уларга билдирилаётган юксак ишонч жамиятимиз тараққиёти одимларини янада кучайтиради.
Бугун кўпни кўрган донишманд дунёнинг нигоҳи ўз мустақиллигининг йигирма етти йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўраётган Ўзбекистонга, шу жаннатмонанд маконга, бағрикенг, қалби пок, нияти улуғ, саховатда тенгсиз халқимизга, шу меҳнаткаш халқнинг олтин қўллари билан яратилаётган бунёдкорлик ишларига, истеъдодли ёшларимизга қаратилган. Мамлакатимизда янгича дунёқарашга эга, ўзининг тарихий илдизларидан, улуғ аждодлари меросидан яхши хабардор, миллий ва умуминсоний қадриятларни кўнглига жо қилган баркамол авлод вояга етаётгани кўз ўнгимиздан ўтади.
Йигирма етти йил тарих олдида жуда оз фурсат. Аммо шу нарса ҳам аниқки, йилларнинг ва ҳатто, асрларнинг маъно-моҳияти фақат вақт тушунчаси билан ўлчанмайди, аксинча, шу вақт, шу фурсат ичида амалга оширилган эзгу амаллар, инсон манфаатлари йўлидаги амалий саъй-ҳаракатларнинг натижалари билан белгиланади.
Шу қоидадан келиб чиқсак, бугун инсон ҳаётининг узоқ тарихига айланиб қолган баъзи юз йилликлар ҳақида қисқа ва камтарона гапиришга тўғри келади. Янги асрнинг дастлабки икки ўн йиллигида мустақил Ўзбекистонда амалга оширилган ишлар камида эллик йиллик маъно-мазмунга эга десак, хато бўлмайди. Йигирманчи асрнинг кўпдан-кўп талотўплари, қирғинбарот урушлари, тинчлик-тотувликка, аҳил-иноқликка раҳна солувчи хатти-ҳаракатлар эски юз йилликда қолиб кетади, башарият ҳаётида ялпи тинчлик, тотувлик саҳифаси очилади, деб умид қилгандик. Афсуски бундай бўлмади, бўлинган дунёни қайта бўлиб олиш, шахсий манфаатлар кураши, сиёсий, иқтисодий, маънавий-ахлоқий бузғунчилик, қўпорувчилик ҳаракатлари, дунё минтақаларида қасддан можаролар келтириб чиқариш, нифоқлашаётган томонларни бир-бирига гиж-гижлаш ва бунинг оқибатида ўзга ҳудудлардаги табиий бойликларни ўз тасарруфига олиш ниятлари янада фаоллашди. Мамлакатимиз мисолида айтадиган бўлсак, мустақил давлат сифатида оёққа тураётган юртимизга турли ғаразли оқимлар, бузғунчи ғоялар, маънавий-ахлоқий қадриятларимизга ёт иллатлар кириб кела бошлади. Ахборот хуружи, ёш авлод онги ва қалбини эгаллаш учун кураш авж олди.
Президент Шавкат Мирзиёев халқимизни бундай шароитда асло лоқайд бўлмасликка, дунёда турли мафкуралар, иқтисодий ва сиёсий манфаатлар тортишуви кескин тус олаётган бир пайтда янги авлод тарбиясига, оилани мустаҳкамлашга, яқин қўшнилар билан манфаатли ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга, ҳар бир маҳаллада тинч-тотув ҳаёт тарзини юзага келтиришга, мустақил давлатимизнинг тинчликсевар ташқи сиёсатини, яқин ва узоқ келажакка мўлжалланган режаларини кенг тарғиб қилишга алоҳида эътибор бермоқда. Халқимизни буюк келажак йўлида бирлаштириш, миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаронинг мустақил она Ватанимиз — умумий бешигимиз бахт-саодати учун жон куйдириб яшашга, фидойиларча меҳнат қилишга чорлаш олдимизда турган бош вазифа бўлди.
Вақтнинг ўтиши — тўхтовсиз жараён. Тарих саҳифасидан жой олаётган ҳар бир йил маъно-мазмунига, эзгу амалларига кўра бир-бирини тўлдириб, бири иккинчисини давом эттириб бораверади. Бинобарин, истиқлол солномаси ҳам янги ғалабалар, жаҳон эътиборига тушган янги ютуқлар билан бойишдан тўхтамайди. Чунки бугун жамиятда эришилган ютуқларни эътироф этиш билан бирга, ўтган йилларда йўл қўйилган хато-камчиликларни танқидий таҳлил қилиб, ҳамма нарсани ўз номи билан атаб, уларни бартараф этиш, ҳар бир соҳадаги реал вазиятни тўғри баҳолаш жараёни бормоқда.
Шундай экан, келажак авлодлар бу солномага қараб, халқимиз учун энг буюк неъмат бўлган мустақиллик қандай қўлга киритилгани, бу йўлда қандай қурбонлар берилгани, халқимиз қалбини ёритган, пешонасини силаган бу илоҳий нур қандай асраб қолинганини аниқ-равшан билиб олади.
Ҳар йили, саховатли кузнинг биринчи тонгида миллий истиқлол байрамини нишонлар эканмиз, мустақиллик солномасининг янги саҳифасига янгича шиддат, эртанги ютуқларимизга қатъий ишонч билан қадам қўямиз. Байрамнинг улуғ шукуҳи Озод ва Обод Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий бўй-бастини дунё кенгликлари узра намоён этаверади.
Ислом ҲАМРОЕВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мана 26 йилдирки, биз буюк бобокалонимиз Амир Темурнинг давлатчилик тамойиллари асосида Биринчи Президентимиз Ислом Каримов қурган улуғ йўлда дадил...
01 янв 1970
Алига ҳам, Валига ҳам сарфланган харажат фермернинг айланма маблағини тўлдириши мумкин эди, бироқ......
01 янв 1970
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбарларининг халқ билан бевосита мулоқоти турли муаммоларга ўз жойида ечим топишга хизмат қилмоқда. ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга давлат ташрифи икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янги сифат бос...