“Юртингизга ҳавасим келади”

/
Доктор Мустафо ОБЕЙД:
Истиқлол шарофати билан ҳаёт ўзгарди. Бир пайтлар қўлимизни қанчалик чўзмайлик етмаган, саробдек туюлган нарсаларга эришиш бугунги кунга келиб оддий ҳолга айланди.
Қатор соҳаларда бўлгани каби, тиббиёт тизимида ҳам катта ўзгаришлар кўзга ташланди. Жумладан, кўп йиллардан буён оғир хасталикка чалиниб, чет элларда ўзини даволатишга қурби етмай армон билан яшаётган минглаб беморларнинг орзулари ушалиб, улар ўзимизда, ўз юртимизда даволанмоқда.

Энг сўнгги русумдаги замонавий аппарат ва тиббиёт воситалари билан жиҳозланган, барча қулайликларга эга бўлган шифохоналарда юқори малакали тиббиёт ходимлари хизмат кўрсатмоқда. Шу билан биргаликда чет эллардан тажрибали шифокорлар юртимизга таклиф этилиб, мураккаб хасталикларни даволашда юртдошларимизга елкадош бўлишмоқда. Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази бош кардиохирурги, доктор Мустафо Обейд ҳам ана шундай хорижлик шифокорларнинг бири.
Мамлакатимизда кардиология, кардиожарроҳлик соҳаси жадал ривожланиб, ўзининг мустаҳкам базасига эга бўлиб бормоқда. Академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази, Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази, Хоразм, Наманган вилоятларидаги шифохоналарда етарли тажриба ва юқори малакага эга бўлган кардиожарроҳларимиз томонидан мураккаб операциялар амалга ошириляпти. Юртимиз билан танишиб, тажриба алмашиш учун келган чет эллик шифокорлар улар билан ёнма-ён ишлаб, ўзбек кардиожарроҳлари фаолиятига муносиб баҳо беришмоқда. 2013 йили Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий маркази раҳбарияти 37 ёшли ливанлик доктор Мустафо Обейдни шартнома асосида ишга таклиф этиб, мураккаб операцияларни амалга оширишни йўлга қўйди. Қаҳрамонимиз 2004 йили Киев тиббиёт институтини муваффақиятли тугатган. Украинадаги Н.М.Амосов номли юрак қон-томир жарроҳлик институтида ҳам ўқиб, ҳам ишлаб кардиожарроҳлик соҳасини қунт билан эгаллаган. Ўз орзу-мақсади йўлида тинимсиз интилган йигитга йиллар ўтиб омад кулиб боқди. Бир куннинг ўзида бир нечта беморни муваффақиятли операция қилишнинг уддасидан чиқа оладиган моҳир жарроҳ бўлиб етишди, эл-юртга танилди. Тақдир уни Ўзбекистон билан боғлади. Доктор Мустафо Обейд ҳозир илмий марказда бош кардиожарроҳ сифатида фаолият юритмоқда.
Юксак салоҳият эгаси ўзи билан ёнма-ён ишлаб, изланиб, интилаётган, нозик операцияларга дадил қўл ураётган ўзбек кардиожарроҳларининг маҳорати ошиб бораётганидан қувонади.
— Марказда иш бошлагач, доимий юксалишдаги, ўзига хос ва мос тараққиёт йўлидан дадил бораётган Ўзбекистон, унинг кўпмиллатли бунёдкор халқи тўғрисидаги фикрларим янада бойиди, — дейди доктор Мустафо Обейд. — Мамлакатингизда озодлик ободликка йўл очди. Юрт гуллаб-яшнади. Халқнинг кўп асрлик азалий орзулари рўёбга чиқиб, турмуши фаровонлашди, ҳаёт даражаси яхшиланди. Тинч-осойишта, эмин-эркин яшаётган ҳар бир фуқаро бугун мустақиллик шарофатини, истиқлол қадрини яхши билади. Мен ҳам ана шу эркин ҳаёт туфайли Ўзбекистонда ишлаяпман. Унинг бир-биридан қолишмайдиган мунаввар тонгларини интиқлик билан қарши олаяпман. Чунки шу куни мамлакатнинг қайсидир гўшасида қандайдир янгилик рўй беради, кўнгилга қувонч бағишловчи хушхабарлар янграйди. Бу тотли лаҳзалар кунларга, тунларга уланиб, азиз ва муқаддас юрт — Ўзбекистонга бўлган меҳрингни оширади. Яқин ўтмишда саноқли давлатларгина билган бу мамлакатни бугун бутун дунё танийди. Қатор соҳалар бўйича ўтказилаётган халқаро рейтингларда Ўзбекистон олдинги ўринларни эгаллаб келаётгани бежиз эмас. Гўзал ва бетакрор юртингизга ҳавасим келади.
Доктор Мустафо Обейд ҳозир Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказининг энг ишончли кардиожарроҳларидан бири. Бугунгача у 400 тадан ортиқ мураккаб юрак операциясини амалга оширди. Бу операцияларнинг 90 фоизи юрак ишлаб турган ҳолатда бажарилди, 10 фози эса сунъий қон айланиш аппарати ёрдамида уддаланди. Инсон организмининг юрак соҳасидаги аорта ва тож томирларини шунтлаш, юракдаги туғма ва орттирилган нуқсонлар ҳамда юрак жароҳатларини бартараф этишга хизмат қилаётган бу ноёб операцияларнинг ҳар бири соғлом ҳаётга қайтган юртдошларимизга, уларнинг оиласига олам-олам қувонч олиб кирди.
— Хасталикдан силлам қуриб, куч-қувватдан қолиб бораётган пайтимда Республика шошилинч тез тиббий ёрдам илмий марказида мураккаб юрак операциялари ўтказилаётгани ҳақида эшитиб қолдим, — дейди Избоскан агросаноат касб-ҳунар коллежи ёрдамчи ҳисобчиси Нозим Зуҳриддинов. — Кўнглимда бир илинж билан пойтахтга йўл олдим. Текширувлардан ўтиб, шифохонага жойлашдим. Доктор Мустафо бошчилигидаги кардиожарроҳлар иштирокида ўн соатга яқин олиб борилган мураккаб операция туфайли ҳаётим сақлаб қолинди. Улардан бир умр миннатдорман...
Қорақалпоғистонлик Шокир Тиллаев, бухоролик Мунира Ҳамдамова, марғилонлик Собиржон Абдураҳимов каби юзлаб беморлар ҳам бугун тиббиётнинг қудратини, шифокорларнинг меҳр тафтини ҳис этишмоқда. Профессор Алиназар Ҳожиметов улуғ ёшида шу шифокорлардан нажот топди. Оғир операция ва муолажалардан сўнг анча тетиклашган физик олим Соғлиқни сақлаш вазирлигига хат йўллаб, доктор Мустафо Обейд бошчилигидаги кардиожарроҳларга миннатдорлик изҳор қилди.
Доктор Мустафо Обейд маҳаллий кадрлар – кардиожарроҳ Абдусалом Абдураҳмонов, Ойбек Машрапов, Нодир Раҳимов, даволовчи кардиолог Улуғбек ўаниевлар билан яқиндан иш олиб бориб, янги муолажалар, мураккаб оперециялар устида изланмоқда. Уларга кардиожарроҳликнинг нозик сирларини астойдил ўргатяпти.
Яқинда илмий марказда кардиожарроҳларнинг халқаро конференцияси бўлиб ўтди. Унда 20 дан зиёд мамлакат вакиллари иштирок этди. Марказнинг ёш кардиожарроҳлари ҳам анжуманда ўзларининг қизиқарли ва янгиликларга бой маърузалари билан қатнашиб, иштирокчилар эътиборини тортишди. Анжуман доирасида бир неча жарроҳлик амалиётлари амалга оширилди. Жумладан, бу жараёнда швейцариялик профессор Паул Фогт доктор Мустафо Обейд билан мастер-класс операцияларини ўтказиб, кўпчиликнинг эътирофига сазовор бўлишди.
Бир сўз билан айтганда, илмий марказнинг доктор Мустафо Обейд бошчилигидаги қўли енгил кардиожарроҳлари кўплаб хаста кўнгилларга малҳам бўлиб, эл раҳматини олмоқда. Зеро, шифокорлик шундай шарафли ва олижаноб касб.
Рустамжон АҲМАДАЛИЕВ,
«Adolat» мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Азалдан аён ҳақиқат бу: шогирдларнинг ютуғи — Устознинг ютуғидир.
01 янв 1970
“Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси — муқаддас зиёратгоҳ.
01 янв 1970
Китоб – ақл чироғи. У инсонни бахтга элтувчи маёқдир. Китобга ошно бўлган қалб маънавият сарчашмасидан баҳраманд бўлади....
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикасида давлат хизматларини кўрсатиш тизими босқичма-босқич такомиллаштирилиб борилмоқда....