Ҳамиша қалбимиздасиз

/
Сурхондарё вилоятидаги таълим муассасаларида ҳам янги ўқув йили “Биз сизни доимо ёдимизда сақлаймиз” шиори остида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланган дарслар билан бошланди.
Термиз шаҳридаги 9-умумтаълим мактабида ўтказилган “Хотира дарси”да педагог-мураббийлар, мактаб ўқувчилари ва уларнинг ота-оналари буюк давлат арбоби, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат-эҳтиром бажо келтириб, тинч-осойишта, обод ва фаровон ҳаётимизни таъминлаш йўлидаги эзгу ишларини ёдга олди. Ислом Каримов портрети пойига гуллар қўйилди.
Мактаб таълимини ривожлантириш Давлат умуммиллий дастури доирасида Термиз шаҳридаги ушбу таълим маскани тубдан реконструкция қилиниб, навқирон авлоднинг пухта билим олиши, истеъдод ва салоҳиятини намоён этиши учун барча шароит яратилган. Кенг ва ёруғ синфхоналар замонавий ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланган. Замонавий болалар спорти иншооти ўқувчи-ёшларнинг жисмонан чиниқиши, ўзлари қизиққан спорт тури билан шуғулланишига хизмат қилмоқда.
– Тизимда яратилган бу каби замонавий шароитлар фарзандларимизнинг соғлом улғайиши ва пухта билим олишида муҳим аҳамият касб этмоқда, – дейди умумтаълим мактаби директори Сирожиддин Рўзиқулов. – Ўқувчиларимизни Биринчи Президентимизнинг буюк мақсадларини рўёбга чиқариш, баркамол инсонлар этиб тарбиялаш учун бор имкониятимизни сафарбар этамиз.
Мактабда 1 минг 186 ўғил-қиз таълим олади. Улардан 193 нафари таълим муассасасига илк бор қадам қўйди.
“Хотира дарси”да тажрибали ўқитувчилар замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўқувчиларга Ислом Каримовнинг ҳаёт йўли ҳақида атрофлича маълумот берди. Слайдлар орқали оғир ва машаққатли йилларда мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти сифатида амалга оширган улкан ишлари, халқимизнинг тинч ва фаровон турмушини таъминлаш йўлидаги жасорати, ёшларга кўрсатган беқиёс ғамхўрлиги намойиш этилди.
Интерфаол усулда ўтказилган “Хотира дарси” якунида ўқувчиларга уйда “Мустақил юрт фарзандиман” мавзусида ёзма иш тайёрлаш вазифаси топширилди.
– Бизнинг ҳар томонлама етук инсонлар бўлиб улғайишимиз учун барча шароит ва имкониятларни яратиб берган Президентимиз Ислом Каримовнинг ўчмас хотирасини абадий ёдимизда сақлаймиз, – дейди ушбу мактабнинг 9-синф ўқувчиси Азиз Раҳматуллаев. – “Хотира дарси”да буюк давлат ва сиёсат арбобининг мамлакатимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва ёш авлоднинг бахту камоли йўлидаги ишлари билан янада атрофлича танишдик. Ватанга садоқат, эл-юрт тақдирига дахлдорлик туйғулари янада мустаҳкамланди. Ёшларнинг раҳнамоси бўлган Ислом Каримов орзу қилганидек инсонлар бўлиб улғаямиз.
“Хотира дарслари” вилоятнинг барча таълим муассасаларида ўтказилди.
Х.МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳар бир онгли инсон борки, ўзи туғилиб ўсган Ватани, киндик қони тўкилган шаҳар ёки қишлоғида рўй бераётган ижобий ўзгаришлардан фахрланади....
01 янв 1970
Юртимиз узра кўклам нафаси кезиб юрган шукуҳли кунларда мамлакатимиз хотин-қизларининг юзу кўзида бахт нашидаси. ...
01 янв 1970
27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни
01 янв 1970
Турмуш ўртоғим ва икки нафар вояга етмаган фарзандим билан 2011 йилдан буён ўзимиз қуриб олган уй-жойда истиқомат қилиб келамиз. ...