Эртамиз эгалари камолоти йўлида

/
Халқ таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, мактабгача таълим муассасаларида болаларнинг интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожланиши учун қай даражада шароитлар яратилгани ҳақида маълумот бериш мақсадида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Тошкент вилояти, Қибрай туманидаги 10-сонли мактабгача таълим муассасасида медиа-тур ташкил этилди.
Медиа-турда вазирлик ва вилоят халқ таълими бошқармалари масъуллари, барча туман ҳамда шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари раҳбарлари, мактабгача таълим муассасалари мудирлари, тарбиячилар ҳам иштирок этди.
— Мактабгача таълим муассасамиз 2014 йил — “Соғлом бола йили”да янгидан қурилиб, фойдаланишга топширилган, — дейди таълим муассасаси мудираси Дилфуза Исматуллаева. — Бугунги кунда муассасамизда 200 дан ортиқ бола тарбияланмоқда. Қолаверса, қисқа муддатли гуруҳларда яна 40 дан ортиқ тарбияланувчи кунига 3-4 соатлик машғулотларда иштирок этмоқда. Бундай гуруҳларда мактабгача таълим муассасасига қамраб олинмаган болаларга расм чизиш, жисмоний чиниқиш, турли ўйинчоқлар ясаш, нутқ ўстириш, математика билан шуғулланиш каби машғулотлар қатъий жадвал асосида олиб борилмоқда.
Кичик, ўрта ва катта ёшли болалар учун ташкил этилган гуруҳларга ажратилган шинам, кенг ва ёруғ хоналар болаларнинг ёши ва руҳиятига мос ранг-баранг суратлар билан тўлдирилган. “Йил фасллари”, “Менинг оилам”, “Уй ва ёввойи ҳайвонлар”, “Менинг маҳаллам”, “Наврўз байрами”, “Мустақиллик байрами” мавзуларидаги плакатлар болалар онг-шуурида Ватанга, табиатга муҳаббат туйғусини шакллантиради.
Медиа-тур доирасида халқ таълими вазири ўринбосари Д.Кенжаев ва бошқалар иштирокида брифинг ташкил этилди. Унда мактабгача таълим муассасаларидаги бугунги ҳолат ҳамда болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш бўйича истиқболда амалга ошириладиган ишлар ҳақида маълумот берилди.
— Президентимизнинг қарорига мувофиқ, мактабгача таълим муассасаларида 5-6 ёшли болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича анъанавий мактабга тайёрлаш шакллари билан бир қаторда унинг муқобил шаклларини яратиш ва ривожлантириш ҳам кўзда тутилган, — деди Д.Кенжаев. — Жумладан, юртимиз бўйича мактабгача таълим муассасаларида 6100 та қисқа муддатли гуруҳлар ташкил этилиши режалаштирилган. Дастур асосида 2200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, жумладан, қишлоқ аҳоли пунктларида янги мактабгача таълим муассасаларини қуриш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, ускуналар, ўқув-методик қўлланмалар, мультимедиа ресурслари билан таъминлаш белгиланган. Шунингдек, мактабгача таълим муассасалари учун педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш ўқув режа ва дастурларини замонавий педагогик технология ва методларни инобатга олган ҳолда такомиллаштирилади.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Президентимизнинг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори болаларни мактаб таълимига сифатли тайёрлаш борасида амалга оширилаётган ишларни бутунлай янги босқичга олиб чиқади.
Саодат СОДИҚОВА,
“Аdolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Рамазони шариф диёримизда ҳар қачонгидан-да файзли ва тароватли ўтди.
01 янв 1970
Ургут тумани ҳокими Маматжон Турдиев билан суҳбат
01 янв 1970
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча шаҳар ва қишлоқларида истиқлолнинг чорак асрлик тўйини муносиб кутиб олиш учун қизғин саъй-ҳаракатлар давом этмо...
01 янв 1970
Истиқлол йилларида таълим тизимининг тубдан янги, миллий модели яратилди.