МУТОЛАА МЎЪЖИЗАСИ

/
Китоб инсон ҳаётига нур бағишлаб турувчи сеҳрли машъаладир. Шу сабабли унинг турмушимиздаги ўрни ва аҳамияти ҳақида кўп ва хўб, баъзан ҳатто бир-бирини инкор этувчи фикрлар билдирилган. Дейлик, француз ёзувчиси Фаге “Китоблар бизнинг энг содиқ дўстларимиздир. Чунки улар бизни алдамайди. Ҳамиша ёнимизда бўлади”, деса, инглиз адиби Филдинг “Худди ярамас ошналар сингари ёмон китоблар ҳам бизни йўлдан уриши мумкин”, дейди.
Дарҳақиқат, савол туғилади: қўлга тушган китобни ўқиб кетавериш мақбул ишми? Ахир ҳар қандай асар ҳам кишига маънавий озуқа бериб, уни эзгулик сари бошлайвермайди-ку?
Яқинда бир дугонам Г.Гессенинг “Чўл бўриси” асари ҳақида ҳаяжонланиб гапириб қолди. Албатта, асар қизиқарли, аммо унинг бир жойи менга сира ўтиришмади. Унда одам ўз жонига қасд қилишининг ўн усули ҳақида батафсил маълумот берилган. Беихтиёр ўйланиб қоламан: худкушликнинг бундай тафсилотлари биз учун керакмикан? Бундай ўзига хос “йўриқнома”ни таъсирга тез бериладиган ёшда бўлган, серҳиссиёт ўсмир қиз ёки йигит ўқиса оқибати нима бўлади?..
Америкалик мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, бутун дунёдаги ўсмир китобхонлар ҳис-туйғулар, эҳтиросларга бой бадиий адабиётларни ўқишни афзал кўришар экан. Европа мамлакатларида эса балоғатга етмаган қизлар орасида “Эмо қизлар” ҳақидаги комиксларни ўқиш оммалашиб кетган. Бугунги кунда мазкур “асар” қаҳрамонларига тақлид шу даражада кучайганки, ҳар уч ота-онадан биттаси қизи сочини ранг-баранг бўёқларга бўяб, танасига ҳар хил татиуровкалар чиздираётганидан шикоят қилади.
– Ўзим севиб мутолаа қилаётган бадиий асар атай мен учун ёзилгандай туюлаверади. Зеро, ўзимни қизиқтирган саволлар, қийнаётган муаммолар, ечимини кутаётган масалаларга айнан шу асардан жавоб топаман, — дейди ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультети талабаси Шоҳсанам Нишонова. — Китоб ўқиётганимда ўзимни унинг қаҳрамонларидек ҳис қиламан. Улар куюнса куюнаман, суюнса суюнаман.
Афсуски, тенгдошларимиз орасида китоб мутолааси қониқарли, китоб танлай билиш салоҳияти етарли даражада, деб бўлмайди. Айни пайтда бадиий, маърифий, илмий-оммабоп, тарбиявий, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини оширишга қаратилган адабиётлар етарлича эмаслиги ҳам бор гап. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2017 йил 12 январда имзоланган “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиш соҳада улкан ижобий ўзгаришларга олиб келиши шубҳасиз. Зеро, бундан кейин ўқувчилар орасида эҳтиёж бор китоб маҳсулотларининг чоп этилиши тенгдошларимизнинг мутолаага қизиқишини янада кучайтиради, уларнинг миллий адабиётимиз ва жаҳон адабиётининг дурдона асарлари билан яқинроқ танишишига имкон яратади.
Шундай китоблар борки, уларнинг умри боқий. Буларга Л.Толстойнинг “Уруш ва тинчлик”, Э.Хемингуэйнинг “Чол ва денгиз”, Ч.Айтматовнинг “Асрга татигулик кун”, А.Қодирийнинг “Ўтган кунлар”, Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” каби юзлаб, минглаб асарларни мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Китобхон уларни ҳар гал ўқиганида улкан маънавий озуқа олади, ўзи учун янгидан-янги салмоқли хулосалар чиқаради. Ахир ҳақиқий мутолаа дунёдаги энг оғир юмушлардан бири, деб бежиз айтилмаган.
Биз ҳамманинг, айниқса, ёшларимизнинг айнан шундай бебаҳо, беназир китобларни мутолаа қилишларини истаймиз. Рус ёзувчиси И.Тургенев сўзлари билан айтганда: “Қўлга тушганини эмас, обдон танлаб, саралаб ўқинг. Дид ва тафаккурингизни тарбияланг”. Ана шунда китобнинг ҳақиқий мўъжизаси яна бир карра намоён бўлади.
Меҳрангиз ҒАНИЕВА,
талаба

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ёшлар масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири саналади.
01 янв 1970
Жорий йилнинг 24 июнь куни Туркия Республикасида бир вақтнинг ўзида президент ва парламент сайловлари бўлиб ўтди. ...
01 янв 1970
Инсон умри давомида қандайдир хатолар қилади. Гап хатода эмас, ундан тўғри хулоса чиқаришда ва хатони такрорламасликда, албатта.  ...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи ташкилий мажлисида сўзлаган нутқи депутатлик фао...