“Асака” болалар оромгоҳида таътил мароқли ўтмоқда

/
Мамлакатимиз ҳудудларида ўқувчиларнинг ёзги таътилни мароқли ўтказиши учун мингдан ортиқ оромгоҳ фаолият кўрсатиб келмоқда. Уларнинг саккиз юздан ортиғи умумтаълим мактаблари ва касб-ҳунар коллежлари қошидаги кундузги оромгоҳлар бўлиб, икки юздан ортиғи асосан шаҳардан ташқарида жойлашган стационар оромгоҳлардир.
Яқинда “Асака” банк томонидан болаларнинг ёзги таътилини сермазмун ташкил этиш мақсадида Тошкент вилояти, Бўстонлиқ туманининг сўлим гўшаларидан бири “Хумсон” қишлоғида болалар ёзги оромгоҳи бунёд этилди.
“Асака” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ёш авлодни ҳар томонлама баркамол тарбиялаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш, спорт билан шуғулланиши ва мароқли дам олиши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Бу борада Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонуни ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 мартдаги “Болаларнинг дам олишини ташкил этиш ва соғломлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлмоқда.
Қувонарлиси, ушбу оромгоҳда жорий йил ёз мавсумида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан келган 500 нафарга яқин ўсмир ҳордиқ чиқаради.
Болаларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш учун малакали ва фаол етакчиларни жалб қилиш, турли маърифий, кўнгилочар дастурлар, спорт ва бадиий танловлар уюштиришга доир бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилди.
— Оромгоҳда фарзандларимизнинг иқтидорини юзага чиқариш, таътилнинг яхши таассуротларга бой бўлиши учун барча шароитлар муҳайё этилган, чўмилиш ҳавзалари, спорт мажмуалари, тўгараклар, кутубхона, маданий дам олиш учун имкониятлар мавжуд, — дейди фарзандидан хабар олишга келган Наргиза Исмоилова. — Айниқса, тоғ ҳавоси, булоқ суви, кўплаб серсоя дарахтлар ҳордиқ чиқараётган болаларнинг саломатлиги мустаҳкамланиши, тўғри ривожланишига ижобий таъсир қилади. Фарзандларимизнинг бахтиёрлигини кўриб, биз ота-оналар ҳам мамнун бўлдик.
Мазкур оромгоҳнинг ишга туширилиши натижасида бу масканда 44 та иш ўрни ташкил этилди.
Малакали тиббиёт ходимлари ва педагоглар томонидан оромгоҳда болажонларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, таълим-тарбия ва соғломлаштириш ишлари юқори даражада олиб борилади. Дам олувчиларни кунига 5 маҳал сифатли озиқ-овқат ва мевалар билан таъминлаш йўлга қўйилган. Шунингдек, болаларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тез тиббий ёрдам ва ўт ўчириш гуруҳи, ички ишлар ходимлари ҳамда “Асака” банк масъул ходимларининг узлуксиз навбатчилиги ташкил этилган.
— Ўн ёшдаман. Бу йилги ёзги таътил мен учун жуда мароқли ўтмоқда. Сабаби биринчи бор ёзги оромгоҳда, табиат қўйнида ҳордиқ чиқараяпман. Бу оромгоҳ менга жуда ёқди. Оромгоҳда спорт ўйинлари ва мусобақалар ташкил этилмоқда, янги дўстлар орттириш имконияти яратилган. Ёзги таътил мен учун унутилмас бўлиб қолади, — дейди Камолиддин Ҳайитов.
Оромгоҳда ҳафтанинг ҳар бир куни алоҳида номланиб, ўқувчиларга кун мавзусига оид билимлар бериб борилмоқда. Ёш китобхон, хорижий тиллар, мусиқа, расм ва бошқа тўгараклар машғулотлари болаларга манзур бўлмоқда. Ўғил-қизлар футбол, волейбол, баскетбол, бадиий гимнастика, шахмат-шашка, стол тенниси, сузиш ва бошқа спорт турлари билан шуғулланиш имкониятига эга. Бундай шарт-шароитлар уларнинг соғлом ўсиши, билим ва дунёқарашини кенгайтириш билан бирга болажонларнинг она юртимизга, унинг бетакрор табиатига меҳрини ҳам оширмоқда.
Феруз ЖЎРАЕВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, икки халқ ўртасидаги дўстлик ришталари қадим тарихга эга. 
01 янв 1970
Ёз ёмғири ҳар вақт-ҳар вақт об-ҳавони мўътадиллаштириб, дов-дарахтлар ва гулларнинг ифорини тўрт тарафга таратиб туради....
01 янв 1970
18 октябрь – Темурийлар тарихи давлат музейи очилган кун
01 янв 1970
МИБнинг ижро дафтарини ким назорат қилади? ёки Пастдарғомда суднинг ҳал қилув қарори асосидаги қонун талаблари нега бажарилмаганлиги хусусида...