Ясситовонлик ва сколиоз: дарднинг олди олинмоқда

/
Амударё туманидаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида Ўзбекистон “Адолат” СДП туман кенгашида тузилган ишчи гуруҳи томонидан ўрганишлар олиб борилди.
Партиянинг “Соғлом турмуш тарзи йўлида бирлашайлик” лойиҳаси доирасида ўқувчилар ва тарбияланувчилар орасида ясситовонлик ва сколиоз касалликларига чалиниш ҳолатлари бўйича ўтказилган мазкур ўрганишлар натижалари асосида халқ депутатлари Амударё туман Кенгаши сессиясига киритилган масала 30 октябрь куни депутатлар томонидан кўриб чиқилди.
Мажлисда туманда мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчилари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ясситовонлик ва сколиоз касалликлари билан боғлиқ муаммолар ҳамда ушбу касалликларнинг олдини олиш бўйича туман халқ таълими бўлими мудири О.Йўлдошевнинг ахбороти тингланди. О.Йўлдошев туман тиббиёт бирлашмаси билан ҳамкорликда бир қатор ишлар йўлга қўйилганини таъкидлаб, шу билан бирга, ҳали ўз ечимини кутаётган масалалар ҳам борлигини қайд этди.
Халқ депутатлари туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзоси, туман партия кенгаши раиси Илҳом Полвонов ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар натижалари ҳақида батафсил сўз юритди.
— Ишчи гуруҳи аъзолари мутахассислар иштирокида тумандаги 1,3,4,5,8,18,40-сонли мактабгача таълим муассасалари ҳамда 55,13,57,5,36,31,36-умумтаълим мактабларида ўрганишлар олиб борди, — деди И.Полвонов. — Ўрганишлар давомида тумандаги 7 та мактабгача таълим муассасасида тарбияланаётган 791 нафар болалардан 68 нафарида ясситовонлик касаллиги аниқланди. Хусусан, 18-сонли МТМда тарбияланаётган 90 нафар боладан 30 нафари ясситовонликнинг енгил формасига чалинганлиги маълум бўлди. Шу ўринда муассасада ташкил этилган махсус гуруҳларда ушбу касалликларнинг олдини олиш мақсадида машғулотлар олиб борилаётганини алоҳида айтиб ўтиш жоиз.
Шунингдек, 7 та умумтаълим мактабида таҳсил олаётган ўқувчилардан 4 нафари ясситовонлик, 1 нафари сколиоз касаллиги билан тиббиёт ходимлари томонидан рўйхатга олинганлиги қайд этилди. Аммо бир неча умумтаълим мактабларида шифокорлар иштирокида ўқувчилар қайта назоратдан ўтказилганида ясситовонлик касаллигига чалинган, бироқ ҳали тиббий рўйхатга олинмаган ўқувчилар борлиги аён бўлди.
Маълумки, мактабгача таълим муассасаларида йилига бир марта февраль-май ойлари оралиғида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ўтказилади. Аввало, ҳар бир таълим муассасаси раҳбарияти тиббий кўрикнинг сифатли ўтказилиши учун шарт-шароитлар яратиб бериши, жумладан, алоҳида хоналар ташкил этишлари зарур. Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари ҳам ўз ишларига масъулият билан ёндашган ҳолда болаларни тўлиқ текширувдан ўтказишлари керак.
Партия депутатлари мактабгача таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган тиббиёт ходимлари болалар билан махсус гимнастика машғулотларини мунтазам олиб боришлари, шу жумладан, ота-оналар билан касалликни даволаш ва олдини олишга қаратилган тарғибот ишларини кучайтиришлари зарурлигини таъкидлашди. Шунингдек, умумтаълим мактабларида жисмоний тарбия фани ўқитувчилари ҳам ўз йўналишларида бошланғич синф ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган бадиий гимнастика машғулотларига алоҳида эътибор қаратишлари мақсадга мувофиқлиги алоҳида қайд этилди.
Қизғин муҳокамалардан сўнг сессияда ушбу масала юзасидан қарор қабул қилинди. Қарорга мувофиқ туман халқ таълими бўлими раҳбарига тиббиёт ходимлари иштирокида мазкур касалликларнинг келиб чиқиши ҳамда профилактикаси, даволаш усуллари ҳақида ота-оналар ва ўқувчилар ўртасида тарғибот ишларини самарали ташкил этиш, МТМ ва умумтаълим мактабларида ясситовонлик ва сколиознинг енгил формасига чалинган ўқувчилар учун махсус гимнастика машғулотлари ўтказилишини назоратга олиш, таълим масканларида ушбу касалликлар аниқланган ўқувчилар билан олиб борилаётган машғулотларни тубдан яхшилаш чораларини кўриш вазифалари топширилди.
Туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарига тумандаги умумтаълим мактаблари ва МТМларда ясситовонлик ва сколиоз билан касалланган болалар сонини аниқлаш, аҳоли ўртасида ушбу касалликларнинг келиб чиқиш сабаблари, оқибатлари ва даволаш усуллари ҳақида кенг тарғибот ишларини олиб бориш, ясситовонлик ва сколиознинг олдини олиш, бундай касалликларга чалинган болаларни даволаш ишлари самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар кўриши белгилаб қўйилди. Шунингдек, мазкур қарор ижроси устидан депутатлик назорати ўрнатилди.
Айшолпан УРАЗИМБЕТОВА,
Қорақалпоғистон Республикаси кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мустақиллик даврида Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини демократик асосда ислоҳ этиш ва эркинлаштириш борасида кенг кўламли ишлар изчил амалга оширилди...
01 янв 1970
Юртимиз равнақи, истиқболи, келажаги учун, миллатимиз бахт-саодати учун эзгу ишларни амалга ошириб кетган улуғ инсонлар номлари, хотиралари халқими...
01 янв 1970
Истиқлол туфайли халқимиз онгида, тафаккурида янгича дунёқараш шаклланди. 
01 янв 1970

1 март — Зулфия таваллуд топган кун

Мен ўтган умрга...