Ўз соғлиғимизга ўзимиз масъулмиз

/
Замонавий тиббиётнинг асосий вазифаси давлат ва жамиятга катта маънавий ва моддий зарар етказиши мумкин бўлган оғир тиббий-ижтимоий касалликларнинг олдини олишдан иборат. Эндокринологик касалликлар ана шундай касалликлардан бири ҳисобланади.
Юртимизда аҳолига эндокринологик хизмат кўрсатишнинг самарали тизимини ташкил этиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, вилоятларда аҳолига бу йўналишда тиббий хизмат кўрсатадиган 14 та эндокринология диспансери, туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари тизимида эса 471 та эндокринолог бўлимлари фаолият юритмоқда. Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази эса бу йўналишдаги вазифаларни умумлаштирувчи етакчи илмий-амалий марказга айлантирилди.
— Эндокрин касалликларни эрта аниқлаш ва уларни даволаш чораларини кўриш мақсадида ҳудудларда марказнинг филиаллари ташкил этилди, — дейди Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Анвар Алимов. — Жумладан, Қашқадарё, Навоий, Наманган, Андижон вилоятларидаги эндокринология диспансерлари марказ тасарруфига ўтказилди. Республика ихтисослаштирилган эндокринолоигия илмий-амалий тиббиёт маркази жойлардаги филиаллар ва диспансерларга услубий-амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида тегишли режа асосида бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Марказда фаолият олиб борган 13 нафар юқори малакали тиббиёт ходимлари уларга раҳбар этиб юборилди. Бундан ташқари, олимларимиз ва шифокорлар жойларга чиқиб ҳудудлардаги тиббиёт муассасаларида ишлаётган тиббиёт ходимлари иштирокида эндокринологиянинг долзарб масалалари, соҳага кириб келган янги технологиялар, илм-фан ютуқлари бўйича маҳорат дарслари ўтказишмоқда. Ихтисослашган олимлар ва шифокорлар тиббий ёрдамга муҳтож беморларни тиббий кўрикдан ўтказиб, зарур бўлса, жарроҳлик амалиётларини ҳам амалга ошираяптилар. Беморларни телетиббиёт имкониятларидан фойдаланган ҳолда тиббий текширувдан ўтказиш усулидан ҳам кенг фойдаланаяпмиз.
Эндокринология соҳасида ихтисослашган ёрдамни аҳолига яқинлаштириш бўйича барча диспансерлар ИФА анализаторлари билан жиҳозланган. ИФА ташхислаш воситасида қалқонсимон безнинг барча касалликлари бўйича гормонал текширувлар амалга оширилади. Натижада қалқонсимон без касалликларини эрта ташхислаш, қиёсий ўрганиш ва даволаш усулларини мониторинг қилишга эришилади.
Амалиётга дунё миқёсида эришилган ютуқларни татбиқ этиш, илмий йўналишда изланишлар олиб бориш учун марказ Жанубий Корея, Украина, Туркия, Буюк Британия, АҚШ, Россия, Чехия давлатларидаги етакчи тиббий-илмий марказлар билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаган.
—2000 йилдан буён мамлакатимизда эндокрин касалликлар синфига мансуб —қандли диабетга чалинган болалар ва ўсмирларнинг миллий регистри ва 2006 йилдан бошлаб катта ёшдаги беморларнинг миллий регистри олиб борилмоқда,— дейди марказ директори ўринбосари Замира Халилова. — Қандли диабет регистри жорий этилиши натижасида эрта ташхис қўйиш ва ўрин босувчи дори-дармон билан таъминлаш, ўз-ўзини назорат қилиш усуллари кўмагида беморларни кузатиш имконияти яратилди. Айни пайтда республикамизда 202 минг нафар бемор ушбу касалликдан азият чекмоқда. Аҳоли бундай оғир касалликлардан холи бўлиши учун, биринчи навбатда, оилада соғлом турмуш тарзини ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш керак. Шу билан бирга, таомнома рационини тартибга солиш шарт. Кучли таомлар ва ширинликларни меъёридан ортиқ тановул қилиш ҳам қандли диабет ва йод етишмовчилиги сингари эндокринологик касалликларга сабаб бўлиши исботланган. Шуниси эътиборга лойиқки, ҳозирда ушбу касалликларни даволаш учун замонавий дори-дармонлар ишлаб чиқарилган. Бироқ, бемор соғлом турмуш тарзига қатъий риоя қилмаса, бу жиддий асоратларга сабаб бўлади. Эндокринологик касалликлар аломатлари сезилиши билан биринчи галда мутахассис-шифокор ҳузурига шошилган маъқул.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, касалликдан фориғ бўлишнинг 85 фоизи одамнинг ўзига боғлиқ экан. Қолган 15 фоизида эса шифокорлар сабабчи бўлиши мумкин. Шундай экан, ҳар биримиз соғлиғимизга ўзимиз масъул эканлигимизни унутиб қўймаслигимиз лозим.
А.СОДИҚОВ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Мантиқан қараганда, ҳеч ким айнан асфальтда акс эттирилган одам оёғи изларидан қадамлаб юриб, дўкон, дорихона ёки хизмат кўрсатиш шохобчасига кириб...
01 янв 1970
Юртнинг ободлиги ва халқ фаровонлиги бозорларимиздаги тўкин-сочинликда яққол кўринади....
01 янв 1970
Истиқлол шарофати билан ҳаёт ўзгарди. Бир пайтлар қўлимизни қанчалик чўзмайлик етмаган, саробдек туюлган нарсаларга эришиш бугунги кунга келиб одди...
01 янв 1970
11 январь — Қўриқхона ва миллий боғлар куни