Тест синови ўтказишга оид давлат сиёсати: абитуриент ва педагог ходимларнинг чет тилини билиш даражасини баҳолаш

/
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Сардор Раджабов, бўлим бошлиқлари Элвира Ураева ва Ҳусан Азизов абитуриентлар ва педагог ходимларга чет тилларидан малака сертификати бериш, айни йўналишдаги халқаро ҳамкорлик юзасидан маълумот берди.
Мутахассислар томонидан тақдим этилган маълумотга кўра, 2013 йилдан ҳозирга қадар жами ариза берган талабгорлар сони 29 минг 190 нафар бўлса, сертификат олганлар сони 10 минг 293 та (35,3%) ни ташкил этади.
Чет тили ўқитувчиларининг базавий лавозим маошларига ойлик устама белгилаш учун ўтказилган тест синовларида жорий йилда 50 минг 385 нафар талабгор иштирок этган.
Тест синовларидан муваффақиятли ўта олмаган ўқитувчилар такрорий имтиҳонни 6 ой кутиши керак бўлмоқда.
Буни инобатга олган ҳолда, Британия Кенгаши билан ҳамкорлик доирасида “APTIS for teachers” тестларини ташкил қилиш ва ўтказиш бўйича музокаралар олиб борилиб, “APTIS for teachers” тестларини Давлат тест маркази томонидан ҳар ойда бир маротаба ўтказиш ҳамда натижалар Буюк Британия мутахассислари томонидан текширилиши ва 3 кунда эълон қилиниши режалаштирилмоқда.
— Республика таълим муассасаларида фаолият олиб бораётган педагоглар, шунингдек, абитуриентлар учун тегишли чет тили бўйича сертификатга эга бўлиш борасида бир қатор енгилликлар тақдим этилган, — дейди Давлат тест маркази бошқарма бошлиғи Сардор Ражабов. — Хусусан, аризани онлайн бериш, имтиҳонларни номзодлар яшаш жойларида ўтказиш, талабларни бажарган номзодларга сертификатни яшаш жойларига юбориш каби. Ёшларимизга яратиб берилаётган бундай имкониятлар уларнинг чет тилларини мукаммал эгаллашига ва бу орқали мамлакатимизнинг халқаро майдонда имижи ошишига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 майдаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда миллий ҳамда халқаро баҳолаш тизимлари сертификатларини татбиқ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, миллий ёки халқаро сетификатга эга бўлган талабгорларга кириш имтиҳонларида имтиёз бериш — уларни чет тили фани имтиҳонидан озод қилиш белгиланган.
Жумладан, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб тест синовлари мажмуасига чет тили биринчи (асосий) фан сифатида киритилган бакалавриат таълим йўналишларига ҳужжат топширган ва Давлат тест маркази томонидан бериладиган чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги сертификат ёки халқаро сертификатнинг В2 ва ундан юқори даражасига эга бўлганлар, тест синовлари мажмуасига чет тили биринчи (асосий) бўлмаган фан сифатида киритилган бошқа бакалавриат таълим йўналишларига (Тошкент давлат юридик университети бакалавриат таълим йўналишлари бундан мустасно) ҳужжат топширган ва миллий ёки халқаро сертификатнинг В1 ва ундан юқори даражасига эга бўлган абитуриентларга ушбу фандан имтиҳонларсиз максимал балл берилиши белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 19 апрелдаги “Халқ таълими ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш шартларини тартибга солиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Давлат тест марказидан тегишли маълумотномага эга бўлган ва бошқа талабларни бажарган ўқитувчиларнинг базавий лавозим маошларига 15-30 фоиз устама белгиланиши кўзда тутилган.
Тадбирда теле ва радиоканаллар, босма ва электрон оммавий ахборот воситалари вакилларининг саволларига батафсил жавоб берилди.
Давлат тест маркази матбуот хизмати

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Андижон туманидаги “Саддатаги” маҳалласида Ўзбекистон “Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши томонидан “Бола ҳуқуқлари в...
01 янв 1970
9 февраль — буюк мутафаккир шоир Алишер Навоий таваллуд топган кун
01 янв 1970
“Фарғона вилояти, Олтиариқ тумани Марказий деҳқон бозорида жойлашган озиқ-овқат дўконларидан бирига 2012 йилдан буён эгалик қилиб келар эдим....
01 янв 1970
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев иштирокида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Муҳ...