Чиқинди полицияси керак (МИ?)

/
Чиқинди полицияси керак (МИ?)
 
ЧИҚИНДИ МАСАЛАСИГАКЕЛГАНДА... БЕГОНА
 
Одатда, биз чет элга тижорат, сайру саёҳат ёки хизмат вазифаси юзасидан бориб, қайтган таниш-билишларимиз билан суҳбатлашиб қолсак, улар хориждаги шаҳар кўчалари тоза ва озодалиги, ҳаттоки ерда ётган бир дона сигарет қолдиғи учрамаслигини айтишади. Айтгани яхши, билиб қўйсак, фойдадан холи бўлмайди. Аммо сўзловчининг гап оҳанги одамнинг ғашини келтиради. У ўзини шаҳаримиз кўчаларидаги тозаликка умуман алоқаси йўқдек тутади. Шу элда яшаб, нон-тузини еб, чиқинди масаласига келганда ўзини четга олиш... “Э, биз уларнинг даражасига етгунча, қанчадан-қанча қовун пишиғи бор” қабилида пичинг қилиш... Ёки қўлида чекиб турган сигаретини намойишкорона улоқтириб юбориши... ҳеч қайси мантиққа тўғри келмайди.
 
Шуниси аниқки, хориждаги шаҳар кўчаларини четдан кимдир бориб саранжом-саришта қилиб бермаган, бермайди ҳам. Тозалик борасида аҳолисининг маданияти юқори, мамлакатда чиқинди бўйича қонун-қоидалар мукаммал ишлаб чиқилган, амалдаги назорат ҳам шунга яраша қатъий экан, бунинг учун, энг аввало, уларнинг ўзлари ҳаракат қилишган, камчиликларини бартараф этиш учун жон койитишган, бир-бирига ўрнак бўлишган. Нега биз шу оддий ҳақиқатни тилга олишни истамаймиз? Чунки тилга олгудек бўлсак, кўчадаги фаррошлар, тозаликка масъул ташкилот билан бир қаторда, чиқинди масаласида бизнинг ҳам зиммамизга қисман масъулият юклангани аён бўлади-қолади.
 
...Йўловчилар учун ҳар томонлама қулай бўлган Тошкент метрополитенининг “Новза” бекатидан чиқсангиз, чорраҳадаги замонавий кўприк, муҳташам “Олтин маркази” ва кўп қаватли тураржой биносидан узоқлашмай туриб, автомобиль йўли билан пиёдалар учун мўлжалланган йўлак  оралиғида уюлиб ётган чиқиндиларни кўриб, таъбингиз хира бўлади.
Наҳотки шу теварак-атрофда чиқиндилар тўпланадиган, кейин ташиб кетиладиган махсус жой бўлмаса? Борликка бор, лекин уйидан чиққан чиқиндини елим халтага жойлаб, ташлаб келишга эринадиган ва “биров мени кўриб ўтирибдими” қабилида иш тутадиганлар йўқ эмас. Ҳойнаҳой кўп қаватли уйда яшайдиган шундай кимсаларнинг “иши” бу: тонг қарон­ғисида олиб чиқиб қўйишган. Энди то кўчани тозалайдиган фаррошлар йиғиштириб олгунча, устма-уст қалашиб, сочиб ётаверади. Ачинарли томони, ҳар куни шу ҳолат такрорланади, йўлакдан ўтаётган йўловчилар уюлиб ётган чиқиндиларни кўриб, ўзларини кўрмаганга олишади. 
 
Бир дона кўчат ўтқазиб, уни парваришлаб, дарахт ҳолига етказгунча қанча машаққат чекилишини билган билади, билмаган эса уйидан олиб чиққан чиқинди тўла елим халтани кўкка бўй чўза бошлаган ниҳолнинг нимжонгина шохига илиб кетишдан ҳам топ тортмас экан. Кўп қаватли уй олдидаги  бу “манзара” кўпчиликнинг кулгисини қистатса-да, ниҳол шохидаги чиқинди халтани олиб ташлашни ҳеч ким хаёлига келтирмайди.
 
Яна бир ҳолат. Шаҳардаги гавжум жойларда, хусусан, хиёбонларда ўтириб ҳордиқ олиш учун ўриндиқлар ўрнатилмагани, мавжуд бўлганлари ҳам олиб ташлангани кўпчиликни таажжубга солади. Тўғри-да, сайр қилиб юрган одам чарчайди, бирон жойда ўтириб оёғига дам бергиси, нафас ростлаб олгиси келади. Истироҳат боғи маъмурияти, ишчи-ходимлари ҳам аввалига дам олувчиларга қулайлик яратиш мақсадида ўриндиқларни ўрнатиб қўйганига шубҳа қилмаса бўлади. Кейин ўриндиқ ўрнатилган жой борки, тевараги чиқиндиларга тўлади. Чунки ўриндиққа ўтирган ёш-яланг нимадир ейди, нимадир ичади, ўрам қоғозини, сув идишини ёнгинасидаги чиқинди қутичага эмас, ўриндиқ атрофига ташлаб кетади. Уларни тозалаш билан иш битмайди. Эртасига яна чиқиндилар пайдо бўлиб қолади. Сўнгги чора сифатида ўриндиқлар олиб ташланади. Хўш, бунинг учун кимдан ўпка-гина қилиши керак, чиқиндини махсус кутига ташламаган ўзимиздан, албатта.
 
Эслайсизми, бир пайтлар шаҳар ичидаги автобус бекати дейилса, ўриндиққа ҳам, соябонга ҳам ёлчимаган, устига-устак оёқ остида писта пўчоғи, музқаймоқ қоғози, сигарета қолдиқлари сочилиб ётадиган жой тушуниларди. Ҳозир эса шаҳримиздаги автобус йўналишлари бўйлаб белгиланган бекатлар замонавий кўриниш, қулайликка эга бўлиши билан бирга, ёнгинасида аҳолига хизмат кўрсатиш объектлари жойлаштирилган. Тадбиркор қарамоғидаги бекатнинг тозалигига жавобгар экан, йўловчиларнинг белгиганмаган жойга чиқинди ташлашига асло йўл қўймайди. Шу тариқа бу масала оқилона ечим топди. Йўловчи ҳам бекатда тозаликка риоя этишга кўникди.
 
Ўтмишдаги яна бир ҳолатни ҳечам унутиб бўлмайди: шаҳар аҳолиси маиший чиқиндиларни ташлаши учун белгиланган махсус жойлар хароб аҳволда эди, ҳеч бир ташкилот томонидан назорат қилинмагани боис кемирувчиларнинг уясига айланиб, темир қутиларга ирғитилган чиқиндилар усма-уст аралашиб, бижғиб ётарди, теваракка бадбўй ҳид таратганидан унинг яқинига ҳам йўлаб бўлмасди.
 
Хўш, бу муаммо қандай ҳал этилди? Намунавий лойиҳалар асосида чиқинди тўплаш пунктлари ташкил қилинди, чиқиндиларни турига қараб ажратиб ташлаш учун алоҳида-алоҳида контейнерлар ўрнатилди. Назорат қилиб борадиган ишчи-ходим ҳам қўйилди. Натижада ижобий ўзгариш рўй берди. Чиқиндихоналар сарамжон-саришта ҳолатга келтирилди.
 
Аммо шунча ўзгаришларга қарамасдан ҳали-ҳамон баъзи ҳамшаҳарларимиз чиқиндини белгиланмаган жойга, масалан, кўча-кўйга, йўлак ёнига, дарахт тагига, ариқ ичига, бир сўз билан айтганда, дуч келган жойга ташлаш мумкин эмаслигини тушуниб етмаганга ёки буни била туриб атай қилаётганга ўхшайди. Агар акси бўлганида, майли чет-чекка кўчаларни қўятурайлик, йўловчи гавжуд кўчалардаги ҳар қадамда ниманингдир ўрам қоғози, улоқтирилган ичимлик идишлари, қоғоз ва бошқа чиқиндиларга дуч келавермасдик. Ана чиқинди кутиси ўрнатиб қўйилибди, нега шуни кўриб туриб, ўзимизни кўрмасликка оламиз? Қўлимиздаги кераксиз нарсани олиб бориб, қутига ташлаш қийин, бировнинг олдида уятли иш ҳисобланадими? Теварак-атрофимиз чиқиндилардан қанчалик холи бўлса, ўзимизга яхши эмасми?  Шу шаҳарда биз яшаймиз, ҳавосидан нафас оламиз, чиқинди масаласига келганда эса...
 
СЎНГГИ ЧОРА — КАТТА МИҚДОРДА ЖАРИМА
 
Келинг, дунёнинг турли мамлакатларида чиқиндилар белгиланмаган жойга ташланганда қўлланиладиган жазо чораларининг кўриб чиқамиз. Австрияда яшовчи киши ҳеч қачон бўшаган ичимлик идишини кўчада қолдирмайди, оёқлари остига сигарета қолдиғини ташламайди. Бундай қилишни ҳатто хаёлига ҳам келмайди. Биринчидан, у шундай тарбияланган. Иккинчидан, катта миқдорда жарима тўлашни истамайди. Ушбу  мамлакатда идеал тозаликка эришиш учун Австрия ҳукумати кўчага ахлат ташлашни ёқтирадиган кимсаларга қарши кескин чораларни жорий этган. Мисол учун, жамоат жойида бўш шишани қолдирган киши 90 евро жарима тўлайди. Қоидалар билан таниш эмаслигини айтиш бефойда. Чет эллик сайёҳ ҳам тартибни бузса,  жаримага тортилади. Кўчада ахлат ташлаш тақиқланган, гап тамом!
 
Ирландияда чиқинди билан боғлиқ қоидаларга риоя этмаган фуқаро 5000 евро ёки ундан кўпроқ миқдорда жаримага тортилади, ҳатто 12 ойгача қамоққа олиниши мумкин.
 
Буюк Британиянинг Лондон ва бошқа баъзи шаҳарлари кўчасига шунчаки конфет қоғозини ташласангиз, жаримаси 80 фунт стерлингни ташкил этади. Агар нисбатан катта миқдордаги ахлатни ташласангиз ва чиқинди уюми пайдо бўлса, жарима жисмоний шахслари учун 400 фунт стерлингдан бошланади. Бундан ташқари, жаримани 14 кун ичида тўлаш керак, акс ҳолда устига катта миқдорда устама (пеня) қўшилади.
 
Швейцариянинг ҳар бир фуқароси аввал чиқиндини алоҳида турларга ажратиб, кейин махсус контейнерларга ташлашга мажбур, бу — қонун. Қонунга риоя этилишини чиқинди полицияси кузатиб боради, у ҳатто автомобилнинг деразасидан сигарета қутисини улоқтирган одамни топиб, жавобгарликка тортишни уддалайди. Агар кўча-кўйда чиқиндини махсус қутига ташламасангиз ва шу ҳолат қайд этилган бўлса, ушбу мамлакатда 300 франк тўлашга мажбурсиз.
 
Сингапур ахлатни белгиланмаган жойга ташлагани учун жарималар фуқароларнинг менталитетини тубдан ўзгартириши мумкинлигининг яққол намунаси бўла олади. Бу мамлакат кўчаларида каптарларни озиқлантириш, тупуриш, сақич чайнаш ва йўл-йўлакай нимадир еб кетиш тақиқланган. Ушбу ҳаракатларнинг ҳар бири учун 1000 Сингапур долларигача жарима солинади. Бундан ташқари, қайтадан қоидабузарлик содир этган кишини қамоқ жазоси кутади.
 
Испанияда машина деразасидан чиқиндини улоқтириш 200 евро, сигарета қолдиғини йўлакка ташлаш эса 90 евро миқдорида жарима солишга асос бўлади.
 
Германияда чиқиндини махсус қутига ташламагани кўчага ўрнатилган видеокамера орқали аниқланган қонунбузарга 100 еврогача миқдорда жарима солинади. Сигарета қолдиғи, музқаймоқ ёки конфет қоғозини, чанқовбосди ичимликлар идишини ерга ташлаш 20 евро, овқат қолдиғини дуч келган жойга улоқтириш 35 евро миқдорда жарима жазоси тайинланишига олиб келади.
 
ҲЕЧ КИМ ЧЎНТАГИГА ЗИЁН КЕЛТИРИШНИ ИСТАМАЙДИ
 
Албатта, бизнинг қонун-қоидаларимизда ҳам чиқиндини белгиланмаган жойга ташлаганлар учун жарима белгиланган. Шу ўринда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 911-моддасига эътибор қаратинг: белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший чиқиндиларни ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг иккидан бир қисмидан уч бараваригача, мансабдор шахсларга эса — уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
 
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса — фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса — беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
 
Афсуски, жарима миқдорини белгилаб қўйиш билангина кўзланган мақсадга эришиб бўлмайди. Ижро механизми узлуксиз ишлашини таъминлаш ва механизм амалда ўзини оқлаши лозим. Бундай дейишимизнинг боиси, шу пайтгача фалончи чиқиндини белгиланмаган жойга ташлагани учун жазоланибди, жаримага тортилибди, деган гапни эшитмадик. Демак, чиқинди бўйича назорат ҳаминқ­адар.
 
Хабарингиз бор, Тошкентда сайёҳлик полицияси фаолияти йўлга қўйилиб, ушбу бўлинма шаҳримизга келаётган туристларнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳамда сайёҳлик объектларида жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб келмоқда.
 
Чиқинди масаласида ҳам “Инсофни ҳар кимнинг ўзига берсин” демасдан, чиқинди полициясини шакллантириш вақти келди, назаримизда. Назорат кучайтирилса, ҳар бир киши қўлидаги бирон нарсани ёки уйидан олиб чиққан чиқинди халтасини дуч келган жойга ташлашдан олдин чиндан ҳам жаримага тортилиши ҳақида ўйлайди, ҳеч ким чўнтагига зиён келтиришни истамайди. Балки шунда ҳар қадамда чиқиндига дуч келмасдик,  ҳар куни тонгда транспорт қатнови бошланмасдан чор-атроф — йўлу йўлакларни, кўчалар, бекатлар атрофини супуриб-сидириб, саранжом-саришта қилиб қўядиган фаррошларнинг юмуши ҳам енгиллашармиди...
 
Биз асрлар мобайнида ота-боболаримиз тозалик-озодаликка қатъий риоя қилиб келгани, ҳар бир маҳалла, ҳар бир оила саранжом-саришталикда бошқаларга ибрат бўлишга интилгани ҳақида гапиришни хуш кўрамиз ва бунга ўзимизни ҳақли, деб биламиз. Хўш, бугун ота-боболаримиз амалига муносиб иш тутаяпмизми? Шу ҳақда жиддий ўйлаб кўрсак, тегишли хулоса чиқарсак, ўзимиз учун ҳам, бошқалар учун ҳам фойдадан холи бўлмасди.
 
Суюндик МАМИРОВ,
“Adolat” мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Ҳудудларда ўтказилаётган ўрганишлар, очиқ мулоқотлар чоғида аниқланган муаммоларни ҳал этиш партия депутатларидан алоҳида масъулият ва профессионал...
01 янв 1970
Зарнигор ёшлигидан ишёқмас, дангаса бўлиб улғайди. Онаси Мунира опа болалигида уни кенжатой бўлгани учун кўп эркалатарди....
01 янв 1970
11 январь — Қўриқхона ва миллий боғлар куни
01 янв 1970
Мамлакатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган “Биз — буюк юрт фарзандларимиз!” фестивали Тошкент шаҳарида кўтаринки кайф...