Данғарада тиббий хизмат яхшиланади

/
Халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП депутатлик гуруҳи аъзолари фуқаролар олдидаги масъулиятларини англаган ҳолда жорий йилдаги фаолиятида инсон манфаатларини рўёбга чиқаришга алоҳида эътибор қаратмоқдалар.
Яқинда вилоят партия кенгаши раиси Марифжон Холдаров бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Данғара туманида олиб борилган ўрганишлар бу ерда аҳолига кўрсатилаётган шошилинч тиббий ёрдам хизматини янада такомиллаштириш ва унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлашда амалий аҳамият касб этади.
Президентимизнинг 2017 йил 16 мартдаги “Шошилинч тиббий ёрдам хизматининг фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш ва моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ва “Шошилинч тиббий ёрдамни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича Данғара туманидаги қишлоқ оилавий поликлиникалари ва врачлик пунктлари ҳолатини ўрганган ишчи гуруҳ дастлаб маҳаллаларда аҳоли билан мулоқот олиб борди. Мулоқот давомида тиббий хизмат сифати, аҳолига кўрсатилаётган шошилинч тиббий ёрдам уларни қай даражада қониқтириши ўрганилди.
Жумладан, “Тайпоқ” қишлоғида халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Абдураҳмон Қамбаров, Марифжон Холдаровлар 50 дан ортиқ хонадонларга кириб бордилар ва уларни қийнаб келаётган муаммоларни ўргандилар. Суҳбат чоғида фуқаролардан И.Тўраев ногиронлик аравачасига муҳтожлиги, шунингдек, 10 нафарга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларга маълум имтиёз асосида тиббий йўлланма, жами 11 та мурожаатлар юзасидан мутасадди ташкилотларга депутатлик сўровлари киритиладиган бўлди. Фуқароларга аниқланган муаммолар бўйича ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар тайёрлашлари учун маслаҳат ва тавсиялар ҳам берилди.
Хонадон эгалари қишлоқ аёллари туманда патронаж тизимидан мамнунлиги, патронаж ҳамширалари ўз ишига масъулият билан ёндашаётганлиги, бир ёшгача бўлган болалар, ёлғиз қариялар, ҳомиладорлардан тез-тез хабар олинаётганини таъкидлашди. Шунингдек, улар томонидан билдирилган таклифларда патронаж ҳамшираларига бириктирилган аҳоли сони, уларга белгиланган юкламаларни камайтириш зарурлиги айтиб ўтилди.
Шундан сўнг гуруҳ режасига кўра, депутатларимиз туман тиббиёт бирлашмасида бўлишди. Аниқланишича, бу ерда айни кунларда моддий-техника база ҳолати бўйича 8 та санитар автотранспорт аҳолига хизмат кўрсатади. 2016 йил охирида бирлашмага 1 та “Nissan” русумли реонимобиль ажратилган бўлса-да, машина тўлиқ тиббий жиҳозлар билан таъминланмаган. Шу йили бирлашмага яна қўшимча равишда 5 та “Дамас” русумли санитар автотранспорти ажратилган. Ҳозирги кунда туманнинг 165800 нафар аҳолисига 9 та тез тиббий ёрдам гуруҳи, 7 та тез тиббий ёрдам шохобчалари ва 1 та марказий тез тиббий ёрдам бўлими хизмат кўрсатмоқда. Бирлашма шифокорлари таъкидлашича, аҳоли талабларидан келиб чиқиб, туманга яна 3 та тез тиббий ёрдам шохобчаси хизмати зарур бўлмоқда.
— Аҳоли сони ортиб боргани сари кундан-кунга тиббий хизматга, унинг сифати ва тезкорлигига бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда, — дейди туман тиббиёт бирлашмаси раҳбари Муҳаммаджон Абдуллаев. — Тезкор чақирувлар сони 2016 йилдагига нисбатан 2017 йилда 3019 тага ошди. Кечиккан чақирувлар сони 2016 йилда 117 тани ташкил этган бўлса, жорий йил бошиданоқ 68 тага етди. Шу сабабли бугунги шароит биздан тиббий ёрдам шохобчалари фаолиятини янада ривожлантиришни талаб этмоқда.
Бирлашма шифокорларининг таъкидлашича, Президентимизнинг 2017 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятини ташкил этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2017 йилда туманда 7 та — “Мулкобод”, “Худойбердиев”, “Телиминг”, “Оқжар”, “Ялтир”, “Қум қишлоқ”, “Найманча” қишлоқ врачлик пунктлари негизида қишлоқ оилавий поликлиникалари ташкил этилган.
26-сонли “Мулкобод” қишлоқ оилавий поликлиникаси 16705 нафар аҳолига хизмат қилади. Ўрганишлар натижасида ушбу поликлиника биноси авария ҳолатида бўлиб, инвестицион дастур асосида 2018-2020 йилларда қайта қуриш режасига киритилиши зарур. 27-сонли “Худойбердиев” қишлоқ оилавий поликлиникаси эса 20847 нафар аҳолига хизмат қилади. Бу поликлиника биноси ҳам тўлиқ таъмирга муҳтож. Тор доирадаги мутахассислар учун хона етишмаслиги муаммоси ҳам аниқланди. 14651 нафар аҳолига хизмат кўрсатувчи “Телиминг”, 16359 нафар аҳоли саломатлигини асраб-авайлашга масъул “Оқжар”, “Ялтир”, “Қумқишлоқ”, “Найманча” қишлоқ оилавий поликлиникаларида ҳам юқоридаги муаммолар кузатилди.
Дорихоналар фаолиятини ўрганиш давомида депутатлар туманда доривор ўсимликларни етиштириш бўйича самарали ишлар йўлга қўйилганига гувоҳ бўлдилар. “Чинобод” қишлоғи ҳудудидан “Кенг имкон бизнес” хусусий фирмасига 12 турдаги шифобахш ичимликлар тайёрлаш учун доривор ўсимликларга 10 гектар ер майдони ажратилиб, баҳорги тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.
Туманда ҳозирги кунда амалдаги тартиб-қоидаларга асосан 21 та дорихонага лицензия берилган. Барча дорихоналарда бўлиши мажбурий бўлган жами 76 номдаги дори воситалари ва тиббий буюмлар, рецептсиз бериладиган жами 1033 та дори воситалари рўйхати “Истеъмолчилар бурчаги”дан ўрин олган. Дорихона савдо залининг жиҳозланиши, “Истеъмолчилар бурчаги”ни ташкил қилиш, ветеринария дори воситалари ва уларга нархномаларни белгилаш ишлари талаб даражасида амалга оширилган.
Туманда амалга оширилган самарали ўзгаришлардан яна бири шифокорлар учун қишлоқ врачлик пунктининг ўзида хизмат уйлари ташкил этилганидир. Жумладан, “Эски шилдир” ҚВП шифокор хизмат уйига айлантирилди. “Қум қияли”, “Бўриқум” ҚВПлар “Мулкобод” қишлоқ оилавий поликлиникасига бириктирилди. “Доимобод”, “Абдусамад”, “Бойбўта” ҚВП бинолари ҳам шифокор хизмат уйига айлантирилди.
Аҳоли сони кўпчиликни (27016 нафар) ташкил этган “Урганжи”, “Жилва” (14687 нафар) қишлоқ врачлик пунктлари тез ёрдам шохобчасига айлантирилди. Ҳозирда шохобчаларнинг хизмат кўрсатиш радиуси 12, 10 километрни ташкил этмоқда.
Ўрганишларда туманга 32 та йўналишдаги гемотолог, онколог, травматолог, кардиоревматолог, болалар психиатри, тез тиббий ёрдам шифокори каби кадрларга бўлган эҳтиёжлар аниқланди.
— Тумандаги тез тиббий ёрдам шохобчаларининг деярли барчасида умумий муаммо кузатилди, яъни сифатли ва тезкор тиббий ёрдам кўрсатиш учун зарур бўлган замонавий тиббий асбоб-ускуналар, жумладан, элекроотсос, иммобилизацион шиналар, жарроҳлик тўпламлари, физиотерапия аппаратлари, ЭКГ ва бошқа асбоб-ускуналар етишмаслиги баъзи ҳолларда аҳолига сифатли ва тезкор хизмат кўрсатишга тўла имкон бермаяпти, — деди халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Марифжон Холдаров.
Ўрганиш таҳлиллари натижасида ишчи гуруҳ томонидан туманда аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати такомиллашиб бораётгани, мавжуд муаммоларни бартараф этишда бирлашма ва депутатларимиз ҳамкорлиги, жорий йилга мўлжалланган ҳамда аҳоли талабларига мувофиқ, мукаммал ишлаб чиқилган чора-тадбирлар режаси зарурлиги қайд этилди. Соҳада аниқланган камчиликлар ижобий ечим топиши учун халқ депутатлари вилоят Кенгашининг тегишли доимий комиссиясига тақдим этилди.
Комила ИСРОИЛОВА,
Фарғона вилоят кенгаши матбуот котиби

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Маълумки, хўжалик юритувчи субъектларнинг фаолиятини бухгалтерия ҳисобисиз тасаввур этиб бўлмайди....
01 янв 1970
Сурхон дарёсидан уч километрча узоқликда жойлашган “Узунқишлоқ” ҳудуди дарёнинг ўнг қирғоғи тарафида 2-3 километрга чўзилиб кетганлиги ...
01 янв 1970
Хўш, ўтган даврда халқимиз, сиёсий партиялар электорати қандай ўзгаришларнинг гувоҳи бўлди, парламент аъзолари томонидан қандай амалий ишлар қилинд...
01 янв 1970
Мамлакатимизда 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида су...