Юксак эътироф

/
Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева таваллудининг 70 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда халқимизнинг севимли шоирасини муборакбод этиш учун ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунослар, адабиёт ихлосмандлари жам бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг фармонига биноан адабиётимиз равнақи йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати, ёш авлоднинг маънавий салоҳиятини юксалтиришдаги муносиб ҳиссаси, мамлакатимизнинг ижтимоий ҳаётидаги фаол иштироки учун Ҳалима Худойбердиева «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов Президентимиз фармонини ўқиб эшиттирди ва Ватанимизнинг юксак мукофотини Ҳ.Худойбердиевага тантанали равишда топширди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси М.Аҳмедов, Ўзбекистон Республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси ўринбосари Г.Маъруфова, «Маънавий ҳаёт» журнали бош муҳаррири Э.Шукуров, «Саодат» журнали бош муҳаррири Ф.Жалилова, таниқли шоиралар Қ.Раҳимбоева, Ҳ.Ортиқбоева, адабиётшунос Қ.Йўлдошев ва бошқалар Ҳ.Худойбердиева ижодий фаолиятига тўхталиб, унинг ўзбек адабиёти равнақи йўлидаги улкан хизматлари, сўзга масъулияти ёш ижодкорлар учун юксак намуна эканини таъкидлади. Шоиранинг «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан тақдирлангани Президентимиз ижодкорларни доимо қўллаб-қувватлаб келаётганининг яна бир ёрқин намунасидир.
— Ҳалима Худойбердиева шеъриятининг мавзу ва маъно кўлами ниҳоятда кенг ва чуқур, унинг шеърларида гўдак, аёл, ота-она, Ватан мавзулари устувор. У ўз шеърлари билан ўзбек аёлига поэтик ҳайкал қўйган ижодкор, — дейди таниқли адабиётшунос олим, профессор Қозоқбой Йўлдошев. — Шоиранинг шеърларини шунчаки ўқиб бўлмайди. Ҳар мисраси киши қалбидаги туйғуларни жўштиради, ҳаётга ишончни оширади, инсон номига муносиб бўлиб яшашга ундайди.
— Устозимиз Ҳалима Худойбердиева шеърларини тез-тез такрорлаб тураман, – дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси Гули Нигор Авазова. – Устоз шеърларидаги шиддаткорлик, инсонийлик жиҳатлари, туйғулар туғёни, жасоратнинг намунаси биз, ёшларга ҳамиша сабоқ бериб туради.
Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева адабиётимиз равнақи, ижодкорларни доимий қўллаб-қувватлашга қаратаётган юксак эътибори учун давлатимиз раҳбарига самимий миннатдорлик билдирди.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Самарқандлик қурувчилар томонидан замонавий турар жой бинолари барпо қилиш, кўркам боғ ва сайилгоҳлар бунёд этиш бўйича 2200 дан ортиқ мукаммал лой...
01 янв 1970
Кундалик ҳаётимизда содир этилаётган катта-кичик жиноятларнинг юзага келишини у ёки бу омиллар билан изоҳлаш мумкин....
01 янв 1970
Обод ва озод юртда яшаш, мустақил Ватан истиқлоли йўлида хизмат қилишдан улуғроқ саодат йўқ. ...
01 янв 1970
Сўзимнинг аввалида айтиб қўя қолай, ижтимоий тармоқлар, айниқса, бугун ёшлар орасида жуда катта аудиторияга эга бўлган Youtube ҳақида мақола ёзишда...