Ростга айланаётган ёлғонлар ёхуд нафсига эрк берган қариндошлар

/
Кейинги йилларда республикамизда аҳолининг ерга, уй-жой, мол-мулкка эгалик ҳуқуқи ошгани, улардан фойдаланиш имконияти кенгайгани сари бу соҳада ижтимоий-иқтисодий ютуқлар қўлга киритилмоқда. Айни пайтда, бу борада одамлар орасида айрим муаммолар, низолар, келишмовчиликлар, ҳатто ҳуқуқий қарама-қаршиликлар ҳам келиб чиқмоқда. Бундай ҳолатлар, бир томондан, фуқароларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини яхши билмасликлари оқибатида содир бўлаётган бўлса, бошқа томондан, бир жисмоний шахснинг иккинчи жисмоний шахс ҳақ-ҳуқуқларини тан олмаслиги, унинг устидан ҳукмфармолик қилишга интилиши, жамият қонунларини менсимаслиги кабилар оқибатида келиб чиқмоқда. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ҳокимият бошқарув ташкилотларига, суд-ҳуқуқ, тартибот органлари ва оммавий ахборот воситаларига келаётган аризалар, шикоятларнинг аксарияти ана шундай муаммолар, низолар билан боғлиқлиги сир эмас. Ушбу мақолада ҳам ана шундай муаммолардан бири ҳақида фикр юритамиз.
Таҳририятимизга кекса отахон ёш йигит билан бирга кириб келди. Ўзини Абдулҳаким Мўминовман деб таништирди. Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “Оби” маҳалласи “Олмазор” кўчаси 62-уйда яшаркан. Бирга келган йигит ўғли Улуғбек Мўминов экан. Абдулҳаким ака 76 ёшни қоралабди. Ҳақиқат учун курашаман деб икки марта инсультни бошидан ўтказганлиги сабабли ёлғиз юролмайдиган бўлиб қолибди. Шу сабабли ўғли унга йўлда суянчиқ, ҳамроҳ экан. “Умрим бино бўлиб, 74 ёшимга қадар бировнинг устидан ариза ёки шикоят ёзган эмасман. Бошқалар бир-бирларининг устидан қоралаб хат ёзишса, шу иш зарурмикан, деб ҳайрон бўлардим. Энди эса икки йилдан бери ўзим истамаган ҳолда ариза ёзишга, шикоят ёзишга мажбур бўлиб юрибман. Баъзан ўтириб, бу ариза ёзиш, шикоят битишлардан воз кечгим келади. Шу ишни қилаётганимдан уяламан. Кейин яна ёлғоннинг ростга, ростнинг ёлғонга айланаётганини кўриб, дилим ўртанади. Ҳақиқат қарор топармикан, деб касал ҳолимда турли идоралардан нажот излайман”. Абдулҳаким ака кўнглидаги ҳасратларини ана шундай тўкиб солди. Хўш, аслида унинг ҳақиқат излаб, бундай сарсон юришига сабаб бўлган нарса нима экан?
Абдулҳаким Мўминов Тошкентда аввал олий ўқув юртини битириб, кейин раҳбарлар тайёрлайдиган олий мактабни тугатиб, 1974 йилда ўзи туғилиб-ўсган Бойсун туманига қайтиб келади. Турли соҳаларда фаолият юритади. Жумладан, “Дарбанд” йилқичилик совхозида директор, “Дўстлик” узумчилик совхозида етакчи мутахассис, бригадир бўлиб ишлайди.
Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан кейин юртимизда фермер хўжаликларини ташкил этиш бошланганида Абдулҳаким ака Бойсун туманида биринчилардан бўлиб “Мўминобод” фермер хўжалигига асос солади. Кўп йиллар шу фермер хўжалигини бошқаради.
1974 йилда ёш мутахассисни Бойсунда ҳурмат билан кутиб олишади. Унга оиласи билан яшаши учун туман марказидаги собиқ Совет (ҳозирги “Оби” маҳалласи, Олмазор кўчаси 62-уй) кўчасидаги ҳовлилардан бирини, аниқроғи, 56-уйни беради. Бу ерда турмуш ўртоғи Хосият Мўминова билан бахтли ҳаёт кечиришади. Янги иморатлар қуришади. Оилада дунёга келган ўнта фарзанднинг аксарияти мана шу хонадонда таваллуд топади. 1990 йил 27 декабрда Бойсун шаҳар ижроия комитетининг 247/12-сонли қарорига кўра, ушбу ер участкаси ва унда қурилган иморатлар Абдулҳаким Мўминовга шахсий мулк қилиб берилади. 1992 йилда Сурхондарё вилоятида Бандихон тумани ташкил этилади. Абдулҳаким ака ташкил қилган “Мўминобод” фермер хўжалиги ҳам Бандихон тумани ҳудудига ўтказилади. Натижада 1995 йилда Мўминовлар оиласи фермер хўжалигини юритиш учун Бандихон туманига вақтинча яшашга кўчиб ўтади. Абдулҳаким ака Бандихонга кўчиш олдидан акасига “Бойсундаги уйга сиз қараб турасизми?” деган маънода маслаҳат солади. Ака эса укага “Уйингни хотинингнинг акаси Исмоил Эралиевга қолдирақол, уйга муҳтожлиги бор. Ҳам уйингга қарайди, у ёқ-бу ёғи бузилса, тузатади. Ҳам ўртада қуда-андачилик, омонатга хиёнат қилмас”, деб маслаҳат беради. Маслаҳатга кўра, уй вақтинча Исмоил Эралиевга қолдирилади. Абдулҳаким ака уй-жойни қайинакасига қолдирганидан кейин ҳар келганида бу ерда юз бераётган ўзгаришларга — уйининг бир қисми бузилганига, буюмларидан айримлари йўқ бўлганига, китобларининг кўпи олиб кетилганига эътибор бермайди. Бош омон бўлса, мол-мулк топилади, бузилган уй ҳам қурилади, лекин қариндош-уруғчиликка, инсонийликка путур етмасин, дейди. 2016 йилда Абдулҳаким ака саккиз фарзандини уйли-жойли қилиб бўлгач, икки ўғлини олиб Бойсундаги уйига кўчиб келишни ният қилади. Катта ташвишлар уйига кўчиб келганидан кейин бошланади. Қайинакалари Исмоил ва Бўри Эралиевлар унга “Бу уй асли бизники эди. Унда сенинг ҳақинг йўқ. Ундан умидингни уз!” дейишади. “Уларнинг бу гапига дастлаб эътибор бермадим. Шунчаки айтди-қўйди, ахир улар уй меникилигини, 1974 йилдан бери шу ерда яшашимни, уйни уларга омонат қолдирганимни биладику. Қолаверса, тоғалар жиянларининг ҳақига хиёнат қилмайди, деб ўйладим,” дейди у.
Аммо тоғаларнинг фикр-ўйлари бутунлай бошқача эди. Улар бу уйни ўзиники қилиш учун ҳаракатни аллақачон бошлаб юборишганди. Шу мақсадда улар бир қанча ҳужжатлар тўплайдилар. Шундай ҳужжатлардан бири Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси Манзил-маълумот (“Адресная справка”) идораси томонидан берилган маълумотнома ҳисобланади. Мазкур идоранинг масъул ходимлари Г.Қўлдошев ва Ш.Эсонова томонидан 2016 йил 4 июлда тайёрланган маълумотномада “А.Мўминов 16.01.1983 йилда Бандихон туман Дўстлик манзилида доимий пропискада қайд этилган,” деб ёзилган. Ушбу маълумотнома қалбаки фактлар асосида ёзилганлиги маълум. Негаки, ўша пайтда Абдулҳаким Мўминов “Дарбанд” совхозида директор вазифасида ишлаган ва Бойсун шаҳридаги Совет кўчаси 56-уйда ҳисобда турган. Буни унинг ҳарбий билетидаги рўйхатга турган уй манзили ва ўша йилларда фарзандларига берилган гувоҳномалардаги яшаш маскани тўғрисидаги маълумотлар ҳам исботлайди. Қолаверса, 1983 йилда Бандихон тумани ҳам, унинг Дўстлик манзили ҳам бўлмаган. Чунки бу туман Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгаши Раёсатининг 1992 йил 8 майдаги қарорига асосан ташкил этилган. Хўш, у ҳолда Г.Қўлдошев ва Ш.Эсонованинг маълумотномани атайин нотўғри ёзиб беришига нима сабаб бўлган? Бунинг сабаби кейинроқ маълум бўлади.
Ака-ука Эралиевлар тўплаган ҳужжатлар орасида Бойсун туман “Работ” совхози маъмурияти вакиллари томонидан 1989 йил 5 май санаси билан тузилган 505-сонли акт- далолатнома ва ўша йил 1 август санаси билан чиқарилган 109-сонли буйруқ ҳам бор. Бу акт-далолатномада Бойсун туманидаги “Работ” совхози дирекцияси совхознинг бош бухгалтери Исмоил Эралиев шу ташкилот ҳисобидаги у яшаб турган Совет кўчаси 2-тупикдаги 56-уй 5634 сўмга сотилганлиги учун совхоз балансидан чиқарилганлиги маълум қилинади. Буйруқда эса акт-далолатномадаги уйни сотиш билан боғлиқ маълумотлар тасдиқланади. Яъниким, бу ҳужжатларга кўра, гўё Абдулҳаким Мўминов оиласи 1974 йилдан бери яшаб турган ва Бойсун шаҳар ижроия комитети томонидан унга 1990 йилда мулк қилиб берилган 56-уй “Работ” совхози томонидан бир йил олдин “шу ерда яшаётган” Исмоил Эралиевга сотилган бўлиб чиқади (Аслида Исмоил Эралиев бу манзилда бир кун ҳам яшамаган). Бойсун шаҳри собиқ Совет кўчаси 56-уй, эндиликда Олмазор кўчаси 62-уйга даъвогар Исмоил Эралиев тўплаган бу ҳужжатларнинг қай бири ҳақиқий ёки қалбаки эканлигини билмаймиз. Лекин улар қонуний кучга эга эмаслиги аниқ. Негаки, акт-далолатнома ҳам, буйруқ ҳам ҳужжатлар сифатида тайёрланган, бироқ улар совхоз директорининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланмаган. Демак, бу уй билан боғлиқ олди-сотди ишлари амалга оширилмаган. Шунинг учун совхоз раҳбари имзоси ва муҳри билан тасдиқланган бу ҳужжатларнинг асли ёки нусхаси на “Работ” совхози, на Бойсун тумани, на Сурхондарё вилоят давлат архивларида сақланмаган.
Ушбу ҳужжатлар орасидаги Исмоил Эралиев томонидан “Работ” совхозидан сотиб олган мазкур уй учун 1989 йилнинг 31 майида Бойсун “Агробанки”га 5634 сўм пул тўлаганлиги ҳақидаги 40623-сонли квитанция ҳам кўнгилда шубҳа уйғотади. Шубҳали томони шундаки, “Агробанк” акциядорлик тижорат банки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил, 30 мартдаги қарори асосида ташкил этилган. 1989 йилда эса “Агробанк” бўлмаган, унинг ўрнида “Ўздеҳқонсаноатбанк”нинг Сурхондарё вилояти Бойсун бўлими” фаолият юритган. Шундай экан, Бойсун “Агробанки” 1989 йилнинг 31 май санаси билан И.Эралиевдан уй савдоси учун ҳали амалда бўлмаган квитанция ордери билан қандай қилиб 5634 сўм пул олди экан? Эҳтимол, буни “Агробанк”нинг Бойсун тумани филиалидагилар тушунтириб беришар?!
Бойсунда уйга даъвогар ака-ука Эралиевлар ҳужжат тўплашда давом этишган. 2016 йилда улар сафига яна бир даъвогар — синглиси Тугал Эралиева ҳам қўшилган. Ака-ука ва сингилнинг даъвогарлик ҳужжати юзага келишига Бойсун туман Ички ишлар бошқармаси паспорт столи бошлиғи Мурод Панжиев раҳнамолик қилган. У киши Тугал Эралиевани асли “Тўда” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида яшаса ҳам ҳеч бир асоссиз равишда Бойсун шаҳар “Оби” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида доимий яшаш учун рўйхатга қўяди.
Бу рўйхатга қўйишдан кўзланган мақсад бор эди. Мақсад Эралиевлардан кимнингдир шу низоли уй жойлашган маҳаллада яшаб келаётганлигини, Абдулҳаким Мўминов оиласи билан яшаб турган Олмазор кўча, 62-уйга эгалик қилишини, бу уй-жойнинг ер ва мол-мулк солиқларини, коммунал тўловларини (гарчи бирор марта ҳам тўламаган бўлсада) тўлаб келаётганлигини исботлашга уринишдан иборат эди.
Шундай қилиб, Эралиевлар тўплаган ҳужжатлари асосида жавобгарлар Бойсун туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати, Бойсун туман давлат архивига нисбатан даъво муддатини тиклаш ва мулкка эгалик ҳуқуқини белгилаш ҳамда Бойсун шаҳар ижроия комитетининг 1990 йил 27 декабрдаги 247/12-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш тўғрисидаги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туманлараро судига мурожаат қиладилар. Бойсун туманлараро суди 2016 йилнинг июнь ойида бўлиб ўтган суд мажлисида даъвогарларнинг ҳужжатларини асоссиз деб топади ва даъволарини рад қилувчи ажрим чиқаради. Даъвогарлар бундан норози ҳолда фуқаролик ишлари бўйича Сурхондарё вилоят судига апелляция киритадилар. Апелляция суди ишни қайта кўриб чиқиши учун фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига юборади. Шеробод туманлараро суди 2016 йилнинг декабридаги ажримига кўра, даъвонинг уй-жойга эгалик ҳуқуқини белгилаш қисмини иш юритишдан тўхтатади. Яъни, низоли уй-жойни кимнинг мулки деб ҳисоблашни Бойсун туман ҳокимлиги кўриб чиқишини белгилайди. Лекин Бойсун шаҳар ижроия комитетининг 1990 йил 27 декабрдаги 247/12-сонли қарорини ҳақиқий эмас, деб топади. Даъвогарлар суднинг бу ажримидан ҳам норози бўлиб апеллация киритадилар. Вилоят апелляция суд ҳайъати ишни кўриб чиқиб, уни қайтадан кўриш учун фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига топширади.
Термиз туманлараро суди 2017 йилнинг март ойида бўлиб ўтган суд мажлисида шундай қарор қабул қилади. Биринчидан, даъвогарларнинг даъво муддати узрли деб топилади. Маълумки, Абдулҳаким Мўминовнинг яшаб турган уй-жойи “Работ” совхозининг қонуний кучга эга бўлмаган ҳужжати асосида Исмоил Эралиевга 1989 йилда сотилган бўлиб чиқади. Бу воқеадан Бойсун туманлараро судигача орадан 27 йил вақт ўтган. Шу муддат ичида Эралиевлар бу уйга бирор марта даъво қилишмаган. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасига кўра, бирор нарсага умумий даъво муддати уч йил ҳисобланади. Демак, Эралиевларнинг бу уйга даъво муддати тугаган. Лекин Эралиевлар судда бу уй Абдулҳаким Мўминовга 1990 йилда Бойсун шаҳар ижроия комитети томонидан қарор асосида берилганини билмаганмиз, бу қарорнинг борлигидан 2016 йилнинг бошларида хабар топганмиз, дейишади. Ана холос, наҳотки, ака-ука Эралиевлар ўз синглиси — Абдулҳаким Мўминовнинг хотини Хосият Мўминованинг бу уйда қонуний асосда яшаб келаётганини билишмаса? Билишган, билганини билмадик, деган. Суд эса уларнинг гапига ишониб, 27 йилдан кейин уй-жойга эгалик қилиш даъвосини узрли деб топиб, тиклаган.
Иккинчидан, суд “Бойсун” шаҳар ижроия комитетининг 1990 йил 27 декабрдаги 247/12-сонли қарори И.Эралиевнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат деб ҳисоблайди ва бу қарорни ҳақиқий эмас, деб топади”.
Эътибор бердингизми, “Работ” совхозининг 1989 йилдаги қонуний кучга эга бўлмаган буйруғи Бойсун шаҳар ижроия комитетининг қонуний қарорини йўққа чиқармоқда. Ёлғоннинг ростга айланиши шу бўлса керак-да?
Учинчидан, Термиз туманлараро суди даъвонинг уй-жойга эгалик ҳуқуқини белгилаш қисми иш юритишдан тугатилганлигини қайд қилади. Аммо “А.Мўминов 1983 йил 16 январь кунидан собиқ Бандихон туманига доимий рўйхатга киритилганлиги, низоли уй-жойнинг ер ва мол-мулк солиқлари, бошқа коммунал тўловлари даъвогарлар томонидан тўлаб келинганлиги сабабли даъво қисман қаноатлантирилсин” деб қарор чиқаради. Бу қарор юқоридаги вилоят ИИБ Манзил-маълумот идораси ходимларининг А.Мўминов яшаш жойи ҳақидаги маълумотномани нега атайин нотўғри ёзиб берганининг, “Работ” совхози маъмуриятининг қонуний кучга эга бўлмаган акт-далолатномаси ва буйруғи ҳужжат сифатида қабул қилинганининг, Тугал Эралиеванинг ноқонуний асосда “Оби” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида рўйхатга қўйилганининг асл сабабларини очиб беради.
Табиийки, судда жавобгар томонлар, жумладан, Абдулҳаким Мўминов ҳам чиқарилган қарордан норози бўлади. Шундан кейин Абдулҳаким Мўминов, ўзи айтмоқчи, турли ташкилотларга ариза, шикоят ёзиб ака-ука Эралиевлар тўплаган ҳужжатларнинг сохталигини, қонуний кучга эга эмаслигини исботлашга киришади. Шу мақсадда вилоят Ички ишлар бошқармасига Манзил-маълумот идораси ходимларининг маълумотномани нотўғри берганлиги ва Бойсун туман ИИБ паспорт столи бошлиғи М.Панжиев томонидан фуқаро Т.Эралиеванинг “Оби” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудига доимий рўйхатга қўйилишининг қонуний ёки қонуний эмаслигини аниқлаш борасида ариза ёзади. Аризага Сурхондарё вилоят Ички ишлар бошқармаси миграция ва ФРБ бошлиғи Ш.Кенжабоев имзоси билан 2017 йил 10 октябрда келган жавобда “Маълумотнома нотўғри ёзилганлиги учун, Т.Эралиева паспорти ноқонуний асосда рўйхатга қўйилганлиги учун ҳақиқий эмас, деб топилганлиги” маълум қилинди. Бундан ташқари, А.Мўминов аризасига мувофиқ Бойсун туман давлат архиви директори М.Абдуллаев 2017 йил 16 январда йўллаган маълумотномасида “Работ” совхозининг 1989 йил 5 майдаги 505-сонли акт-далолатномаси ҳам, буйруғи ҳам давлат архиви сақловида мавжуд эмаслигини, 2017 йил 8 ноябрдаги маълумотномасида эса Эралиев Исроил 1974 йилнинг 1 январидан 1990 йилнинг 31 декабрига қадар ҳозирги “Оби” маҳалласи ҳудудида яшамаганлигини кўрсатиб ўтади. Шунингдек, Бойсун туман Давлат солиқ инспекцияси, вилоят “Сувоқова” ДУК Бойсун туман филиали, Бойсун ТЭТК ташкилоти, вилоятнинг “Бойсунтумангаз” филиали Исмоил Эралиев билан “Оби” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Олмазор” кўча, 62-уй (собиқ Совет кўчаси, 56-уй) билан боғлиқ бирон-бир шартнома тузмаганлиги, бу масканда у абонент ҳисобланмаслиги ҳақида маълумот берадилар. Бу маълумотларнинг ҳаммаси даъвогарларнинг суд томонидан тасдиқланган ҳужжатларининг сохта ва ноқонуний эканлигини, уларнинг юқорида тилга олинган манзилда яшамаганлигини, уй-жойнинг ер ҳамда мол-мулк солиқлари, коммунал тўловларини даъвогарлар ҳеч қачон тўламаганлигини кўрсатиб берди.
Шу асосда Абдулҳаким Мўминов сохта, ноқонуний ҳужжатларни тўплаган даъвогарлар ҳамда уларга бу борада яқиндан ёрдам берган юридик шахслар фаолиятини таҳлил қилиш, уларнинг қинғир ишларига чек қўйиш, жиноят қилган шахсларни жавобгарликка тортиш ҳақида вилоят прокуратурасига шикоят йўллайди. Вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари Б.Қурбоновнинг 2017 йил 11 июль санаси билан А.Мўминовга йўллаган жавоб хатида “Вилоят ИИБ Манзил-маълумот идораси ходимлари фаолияти Термиз шаҳар прокуратураси томонидан текширилгани, хизмат текшируви натижаларига кўра, ўз хизмат вазифасини лозим даражада бажармаган вилоят ИИБ ХЧК ва ФРБ Манзил-маълумотлар идораси бошлиғи Г.Қўлдошевга нисбатан “огоҳлантириш”, бўлим катта рўйхатчиси Ш.Эсоновага нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилганлигини маълум қилади. Бойсун туман прокурори Х.Куллиев эса “Туман ИИБ паспорт столи бошлиғи М.Панжиев ишда хато-камчиликларга йўл қўйгани учун унга нисбатан “ҳайфсан” эълон қилинганини” билдиради. Уларнинг ишларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги учун жиноят иши очилмаган. Ҳуқуқий жиҳатдан олиб қараганда бу юридик шахсларнинг қилган ишлари ана шундай интизомий жазоларга лойиқ кўрилган. Аммо масалага адолат нуқтаи назаридан бир назар ташлайлик. Бир фуқаронинг яшаб турган уйини кимдир тортиб олмоқчи бўлса, ҳуқуқий ташкилот вакиллари бу зўравонликни била туриб, жиноятнинг олдини олиш ўрнига унга яқиндан ёрдам берсалар, унинг қилмишлари учун йўл очиб берсалар, бу қандай адолат бўлди? Ёхуд Сурхондарёда бундай ишлар жиноят саналмайдими? Эндиликда ички ишлар ходимлари Г.Қўлдошев, Ш.Эсонова, М.Панжиевнинг қилмишларига ҳақиқий баҳони республика Ички ишлар вазирлиги беради, деб ўйлаймиз.
Сурхондарё вилоят прокуратурасининг Абдулҳаким Мўминов шикояти юзасидан узундан-узоқ текширувлари давом этаётган кунларнинг бирида яна бир воқеа юз беради. Қизириқ туман маъмурий суди 2017 йилнинг 22 сентябрида фуқаро Исмоил Эралиевга Абдулҳаким Мўминов яшаб турган уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқи мажбуриятини юклаш ҳақида қарор чиқариб беради. Шундай қилиб, икки йилдан ошиқ вақт мобайнида ҳақиқатнинг қарор топиши учун судма-суд елиб-югуришлар, сарсонгарчиликлар, оворагарчиликлар якунига етади. Ҳақиқат эгилади. Сохта ва ноқонуний ҳужжатлар адолат устидан ғолиб келади.
— Мен бу уйда оилам билан 44 йил яшаганман. Шаҳар ҳокимияти бу уйни менга қонун асосида мол-мулк қилиб берган. Бор ҳақиқат шу, деб ўйлаганман. Дастлаб ака-ука Эралиевлар бу уйни сендан тортиб оламиз, деганда ишонмаганман. Улар ҳар хил сохта, ноқонуний ҳужжатлар йиға бошлаганда, ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар, хусусан, судлар томонидан ҳисобга олинмайди, бу ишлар ака-укаларнинг шунчаки қинғирликлари деган мулоҳазага борганман. Икки йил давомида судма-суд юравериб ростнинг ёлғонга, ёлғоннинг ростга айланишига кўп бор гувоҳ бўлдим. Бу ерда адолат қарор топиши ниҳоятда мушкул эканлигини англадим. Эндиликда вилоятдаги ҳуқуқий ташкилотларга ҳам, судларга ҳам, уларнинг вакилларига ҳам нафақат менинг, оила аъзоларим ва яқинларимнинг ҳам ишончи қолмади. Шунинг учун Президентнинг виртуал қабулхонасига, республика Олий судига ариза йўллашга мажбур бўлдим. Эндиликда ҳақиқатнинг қарор топишида бор умидим шулардан! — дейди Абдулҳаким ака.
Абдулҳаким ака билан суҳбатлашиб ўтириб, хаёлимдан халқимизнинг “Бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилур,” деган нақли ўтди. Агар бу нақлни А.Мўминовнинг ҳозирги ҳолатига нисбатан муқояса қиладиган бўлсак, “Бир балоси бўлмаса, ёлғон ростга, рост ёлғонга айланармиди?” деган савол пайдо бўлди. Бу саволга жавоб бўладиган ҳақиқатни энди Республика Олий суди айтишига ишонамиз. Мақоламизга шу ерда нуқта қўйсак ҳам бўларди. Лекин яна бир фикрни айтиб ўтишни лозим топдик.
Маълумки, халқимизнинг минглаб йиллар давомида шаклланган қадриятларида инсонийлик, меҳр-оқибат, мурувват, бошқаларга ғамхўрлик кўрсатиш, бировнинг бошига ташвиш тушганда ёрдам бериш каби фазилатлар мавжуд. Бу фазилатларни миллатимиз ҳаётнинг турли жабҳаларида минглаб йиллар давомида улуғлаб келган. Ушбу мақолани ёзиш давомида бу ҳақда кўп ўйладим. Ўйладиму Бойсундаги ушбу уй-жой можароси билан боғлиқ жараёнларни эслаб, наҳотки, шу қадриятларимизга ҳам путур ета бошлаган бўлса, деган хаёлга бордим. Эътибор беринг, Исмоил ва Бўри Эралиевлар Абдулҳаким Мўминовнинг турмуш ўртоғи Хосият Мўминова билан ака-сингиллар. Абдулҳаким Мўминов ака-укаларга куёв, Мўминовнинг болалари эса уларга жиянлар ҳисобланади. Шундай экан, ака-укаларнинг инсоний бурчи синглисига мурувват кўрсатиш, жиянларининг бошини силаб меҳрибонлик қилиш эмасми?! Улар эса аксинча, ана шу синглисининг, жиянларининг яшаб турган уйини турли йўллар орқали тортиб олиш билан овора. Наҳотки, Эралиевларнинг жигарларига меҳр-муруввати шу бўлса! Уй можароси қонун йўли билан у ёки бу тарзда ҳал бўлар, аммо бу можаро туфайли ака-сингил, қариндошлар ўртасида дарз кетган инсонийлик, меҳр-мурувват, ака-сингиллик ришталарини қайта боғлаб бўлармикан?
Абдулҳаким Мўминов таҳририятимизга келганида яна бир гапни айтди. Унинг турмуш ўртоғи Хосият опани акалари уйларига олиб кетишибди. “Хосият уларга сингил сифатида керак эмас, уйни бизлардан тортиб олишда гувоҳ сифатида зарур,” дейди Абдулҳаким ака надомат билан. Менинг эса кўз олдимга, бир томондан, нафси ҳакалак отган қариндошлар билан муроса қилиб келаётган, иккинчи томондан, уй-жойини сақлаб қолиш, ҳақиқатни юзага чиқариш учун елиб-югураётган эри, фарзандлари хаёли билан яшаётган Хосият опа келди. Наҳотки, бир парча ер, уй-жой, мол-мулк одамнинг инсонийликдан воз кечиб яшашига арзиса!
Ҳар қандай шароитда ҳақиқат юзага чиқмоғи, адолат тантана қилмоғи керак. Бу Абдулҳаким аканинг, барча Абдулҳаким акаларнинг ва адолатли жамият барпо этаётган мамлакатнинг ҳам талабидир!

Камол МУҲАММАД ЁҚУБ

Бошка Маълумотлар

01 янв 1970
Баъзан оддий бир қўшиқ ҳам инсон қалбига илҳом бахш этиши, кўнгилларда бир олам туйғуларни жўш урдириши мумкин экан....
01 янв 1970
Ҳозирги глобаллашув ва ривожланиш шароитида дунё бўйлаб табиий ресурсларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда....
01 янв 1970
“Ўткан кунлар” асари қаҳрамонларининг ўзаро муомаласида, уларнинг ҳатто фарзандларини ҳам “сиз”лаб гапириши мисолида ота-бо...
01 янв 1970
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 2 февралдаги фармони барча юртдошларимиз қатори менинг ҳам қалбимни тўлқинлантириб юборди....